09:51 / 24.09.2017
7 383

Омонат ғор сири (22-қисм)

Омонат ғор сири (22-қисм)
Наргиза болдирида нимадир ўрмалаётганини сезиб, қўлини узатганча оёғини силади. Бироз ўтиб асабга тегадиган мавжудот яна ғимирлаб безовта қила бошлади. “Бурга бўлса керак, — ўйлади Наргизанинг эти жунжикиб. — Ўрада бурга нима қилади? Кеча қазилган бўлса… Илондир балки!” Қизнинг бадани титраб кетди. Кўзини чирт юмиб, тақдирга тан берган кўйи жим ётаверди. Жонивор ўрмалаб тиззадан юқорига чиқа бошлаганда Наргизанинг кўзидан уйқуси ўчди, қўли билан Лолани туртди. Бироқ ҳолдан тойган лўли қиз қимирлаб ҳам қўймади. Бу пайтда мавжудот қизнинг йўғон сонигача чиқиб, ҳаракати кучайди.

— Вой-й!!! — Наргиза қичқириб, ўрнидан сапчиб турди.

— Тсс, жонидан, тсс, — унинг рўпарасида бир жуфт шарпа турарди.

— Сиз… Кимсизлар?.. Нима керак? — қўрқувдан титраб пичирлади Наргиза.

Шовқиндан Лола ҳам уйғониб, кўзини ишқалаб бир Наргизага, бир ғойибдан пайдо бўлган икки нусхага тикилди.

— Тсс! — Бекмирза Наргизани тинчитишга уринди. — Дўнгда ҳеч кийм қомадий. Маишат қиламийз. Маишат!

— Нима дединг? — овозини кўтарди ўзига келган Лола лўлича лаҳжада. — Маишат қиламиз?.. Ўлгинг келаяптими? Агар ўрага тушганингни Барон билиб қолса, терингни шилиб олади.

— Барон ҳозир йўқ. Барибир икковингам ўлиб кетасан. Ке, ундан кўра… Вой, вой, манинг юрагимни тилка-пора қилиб юбординглар…

Лоланинг шумлиги тутди: “Шошмай тур, бир боплай. Ундан кейин кўрасан маишат қанақа бўлишини”. У нимадандир ишора қилиб, Наргизанинг билагини чимдиб қўйди.

— Биз ҳам энди эркак кўрмай ўлиб кетар эканмиз-да, деб кўп йиғладик. Раҳмат сизларга. Қавмимда унутмайдиган одам ҳам бор экан… Фақат… Фақат бу ер жудаям тор!..

Лола сўнгги гапни айтиб, эҳтиросли овозда “оҳ” тортиб қўйди. Унинг “оҳ”и Бекмирзани жунбушга келтирди. Ҳатто кайфи тароқ қоровулнинг ҳам кўзлари чақнаб кетди.

— Амаллаймиз, — деди Бекмирза жони ҳалқумига тиқилгудек ҳолатда.

— Қизиқмисиз! Шу тор жойда-я!..

— Кенгроқ бўлса… бемалол, — Наргиза ҳам энди ўзини ўнглаб олган, дугонасининг шумлигини фаҳмлаётганди.

Қизларда “хоҳиш” зўрлигини билган Бекмирза қоровулга қараб:

— Эшонқул, буларни тепага олиб чиқайлик, кейин яна тушириб қўямиз. Ҳеч ким пайқамайди. Ҳамма маст, — деди.

Эшонқул эса, шерга айланиб кетган, ҳозир қаршисида Барон бўлса ҳам нафсини жиловлай олмай хожасини бир ёқли қилгудай шашти бор эди.

— Ман тепага чиқийб ҳаммангний тортийб оламан, — деди у ва арқонга осилиб юқорилай бошлади. Бекмирзанинг тоқати тоқ, Эшонқулнинг тепага чиқиб олиши унга жуда узоқ чўзилгандай туйилди. Аста қўлини Лола томон узатди, қиз индамади. Бироқ йигит ҳаддидан оша бошлаганидан кейин унинг қўлини силтаб ташлади:

— Акажон, сабр қилийнг, — деди юмшоқ гапиришга уриниб.

Улар бирин-кетин ўрадан чиқиб олишгач, Бекмирза қизларни қоровулхонага бошлади.

— Тўхтанглар, — деди ярим йўлда Лола. — Бизнинг ҳидимиз ўзгарган. Ювиниб олмасак бўлмайди. Кейин…

Бекмирза тоқатсизланди, гўё ҳозир Барон сафардан қайтиб келиб, у ниятига етолмай қизларни яна ўрага тушириб юборишига тўғри келадигандай ҳовлиқди.

— Йўқ. Бийзга фарқ қилмайди. Ўзимийз киммиз-у… Ийчган одам ҳид билмайди.

— Сизларга бўлмаса, бизга фарқи бор, — деди Наргиза. — Мен танам тоза бўлмаса, биров билан гаплашолмайман.

— Майли, — ноилож кўнди Бекмирза, — фақат тез бўлинглар.

Унинг-да хушбўй атир ҳидидан сархуш бўлгиси келди.

— Роса қўрқитиб юбординг, — деди Наргиза илиққина сувга кириб, кўзларини юмганча роҳатланаётган Лолага. — Бу жинни ҳақиқатан ҳам дарров рози бўлдими, деб ўйлабман.

Лола кўзини очиб жилмайди.

— Аёлний макрий бало бўладий. Лўлинийки иккий марта, — деди-да, секин Наргизани қучди. Сўнг: — Қочамийз, — деб пичирлади.

— Қандай қилиб, улар эшик тагида туришибди-ку.

— Йўлий бор, — Лола атрофга аланглади, лекин қўлга илинадиган ҳеч вақо тополмади.

— Мен топдим, — деди Наргиза кўзи қувнаб. — Чиқамиз-да, ит нусхаларни “талашамиз”. Улар ҳам қўшилишади. Жанжал чиқади. Агар иккаласи ёқалашиб кетса, фурсатдан фойдаланиб қочиб қоламиз.

— Ақлийнгийз бало-о, оповсий.

Қизлар қиқирлаб кулишди. Улар ювиниш хонасидан чиқишганда Эшонқул жағига кафтини тираб мудраб, Бекмирза эса тоқатсизланиб эшик тагида турарди.

— Манавиниси менга, — деди Наргиза қоровулни кўрсатиб Лолага кўзини қисиб қараб оларкан.

— Оповсий-й, — деди Лола чўзиб, — манийкийга осийлманг. Чатоқ бўладий.

Уларнинг гапидан Бекмирза ҳанг-манг бўлди. Эшонқул эса ҳеч нарсага ақли етмай, безрайиб турарди.

— Чўмилаётганда келишиб олгандик-ку…

— Ҳов, — деди Бекмирза Наргизанинг гапидан жаҳли чиқиб, — сан маникий.

— Ман-чи? — Лоланинг қовоғи осилди. — Манга сийз ёққан. Агар мени бунга берсанг, — Эшонқулни кўрсатди, — ўзимни ўлдираман. Барон келса, ҳаммасини айтиб бераман.

— Сани ўзимники қиламан, — деди Эшонқул хунук иржайиб.

— Бу сассиқ, синглисига ўхшаган. Ман бунга бўмайман, — деди Лола нозланиб.

— Манмий? — Эшонқул беихтиёр ўзбекча гапира бошлади. — Сассийқмий?

У муштини дўлайтириб Лолага яқин бораётганида, Бекмирза йўлини тўсди ва муроса оҳангида:

— Алмашиб қўяверамиз. Фарқи нима? — деди.

Қизларнинг ҳийласи ўтмади — йигитлар келишиб олишди. Шу пайт эшик очилиб, кўзларини базўр йириб Ҳасан чиқиб келди. Бекмирза билан Эшонқул жойида ҳайкалдек қотди. Уйқусираб турган Ҳасан уларнинг ёнидан ўтиб ҳожатхонага кирди. Лола ўзларига тегажоқлик қила бошлаган йигитларнинг юзидаги ўзгаришни кўриб ҳаммасини тушунди ва:

— Вой! — дея бақириб юборди у. — Манга Барон керак!

Унинг овозидан Ҳасан чўчиб тушди. Бекмирза чап қўли билан Лолани белидан қучиб, ўнги билан оғзини тўсди. Наргизага эса Эшонқул тармашди. Барибир уларнинг ҳамма уриниши бекор кетди. Ҳасан “иш”ини чала-чулпа битириб, ташқарига отилди. Қизларни кўриб кўзи косасидан чиққудай ҳаяжонга тушди. Ахир, шу пайтгача Бароннинг бир гапи икки бўлганини у кўрмаганди. Ҳозир эса хожасининг юзига оёқ қўйилган эди.

— Нима бўлди?! — деди у ғазабини ичига ютиб.

— Ҳалиги, — деди Бекмирза чайналиб, — қочмоқчи бўлган экан.

— Алдаяпти! — деди бақириб Лола. — Бизни ўрадан ўзлари тортиб олишди… Кейин зўрламоқчи бўлишди. Мана, сочимиз ҳўл, — дея у бошини ушлади. — Аввал чўмилтирибам олишди.

Бу гапларни эшитиб Ҳасаннинг ғазаби қўзиди, Бекмирзанинг эса юраги ўйнади. Боягина ишратига тўсқинлик қилса ҳатто Баронни ҳам янчиб ташлашга тайёр турган Эшонқул эса буткул довдираб қолди.

— Ўрага обор! — буюрди Ҳасан Бекмирзага тешиб юборгудек тикилиб.

Бекмирза буйруққа бўйсунмаса, оқибати қандай тугашини яхши биларди, шу боис: “Хўп”, дея Лолани ўра томон етаклади.

Қизларни ўрага туширганларидан кейин Ҳасан қоровулни алмаштирди. Ичкиликбозлик қилаётганларни хоналаридан ҳайдаб чиқариб, воқеадан уларни хабардор қилди ва Бекмирза билан Эшонқулни бир хонага қамади. Ҳамма ишларни саранжом-саришта қилиб, Ҳасан Баронга қўнғироқ қилди. Бироқ хожаси ширин уйқусини бузгиси келмадими, жавоб бўлмади.

Наргиза ўрага тушаётиб, оёғини қайириб олди. Мертилган тўбиғини силаб қиз бечора ўксиб-ўксиб йиғлади. Аммо зах ўрада Лоладан бошқа додини эшитадиган одам йўқ. Лўли қиз нима ҳам қила оларди: дугонасининг оёғини бироз уқалаб боғлаб қўйди.

Эртаси куни қоқ тушда Бекмирза билан Эшонқулга ҳукм эълон қилинди. Бароннинг шаҳардаги йигитлари ҳам етиб келишди, Ҳасан ҳаммага эшиттириб Барон билан қайта қўнғироқлашиб, хожасининг амрини эшиттирди. Шундан сўнг қўллари қайрилиб боғланган икки “шоввоз”нинг қорнига ҳеч иккиланмай, бир туки ҳам ўзгармай, ханжар тиқиб бураб-бураб олди.

— Буюк Бароннинг гапини икки қилган, унинг буйруғига бўйсунмаган каснинг ҳоли шундай бўлади. Агар биронтанг шундай қилиқни қиладиган бўлсанг, бундан баттар ўлим топасан! — дея тантанавор оҳангда бақирди Ҳасан қон томчилаб турган пичоқ дастасидан маҳкам сиқиб.

Бу паллада ўрадаги қизларнинг аҳволи оғирлаша бошлаган, тепадан ураётган қуёш тафти уларнинг бошини қиздирарди. Наргиза онасини эслаб тинмай йиғлагани-йиғлаган, Лола ҳам уйидагиларни эслаб хуноб бўларди, бироқ йиғламасди. Чунки улар қизини аллақачон унутишганини у биларди, айниқса, Бароннинг қўлидалигини эшитишган бўлишса, баҳридан ўтиб қўя қолишган.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Барон сафардан қайтди. Унинг этли қора юзидаги барқ уриб турган қувонч аломати иши ўнгидан келганидан дарак бериб турарди. Барон келган заҳоти садоқатли шотири — Ҳасанни тақдирлади.

Қизлар ёдига тушганида кун пешин бўлган, олдинроқ эслаганида эса, сафардан қайтибоқ уларни кўришни истамаганди.

Бир шиша пивони ютоқиб симириб, оғир қадам босиб, Ҳасан билан ўранинг оғзига борди. Юраклари куз баргидай титраб турган қизлар тепага қарашди.

— Маний қушчаларийм, — Барон уларнинг аҳволини кўриб кулди. — Ҳозир тепага опчиқишадий.

“Худонинг сенгаям атагани бордир, ярамас”, хаёлидан ўтказди Наргиза, сўнг видолашаётгандай Лоланинг елкасига бошини қўйди.

— Энди, — деди Барон Ҳасанга юзланиб, — олиб чиқинглар. Мен буларга ажойиб сюрприз тайёрлаб қўйганман.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (22-қисм)