Холлардан халос бўлиш мумкинми? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Холлардан халос бўлиш мумкинми?

  • Ҳаёт тарзи
  • 24-09-2017, 12:40
  • 724
  • Холлардан халос бўлиш мумкинми?
    Холлар (невус) организмнинг ривожланиш босқичларида ташқи муҳит ёки ички функцияларнинг ўзгариши сабаб ҳосил бўлиши мумкин. Бунда холнинг қай ҳолатда юзага келганлиги ва ўзгариш ҳаракатига кўра аниқ хулосага келинади. Бироқ хол устида қичишиш, ачишиш каби белгилар безовта қилса дарҳол шифокорга учраб, таҳлил намуналари олинади. Аммо холнинг пайдо бўлиши ёки камайишини турмушга чиқиш ва туғруқ жараёни билан боғлаб бўлмайди.

    Холлар қай холатда олиниши мумкин?

    Тананинг кийим билан доимий таъсирланиши натижасида шикастланувчи қисмларида жойлашган, бошнинг соч қисми, дахан, бўйин, чов, табиий бурмалар, аёлларнинг бел соҳасида жойлашган холларни олиб ташлаш мумкин. Шу билан бирга меланома (хавфли ўсма)га ўтиб кетиш хавфи бўлган ҳолларни ҳам олиб ташланади. Бундан ташқари, агар невус косметологик жиҳатдан ноқулайлик туғдирса, бундай ҳолатларда ҳам шифокор мутахассис тавсияси билан уни бартараф этиш мумкин.

    Жараён тартиби

    Холларни турли гўзаллик салонларида эмас, балки ихтисослашган клиникаларнинг малакали мутахассислари назорати остида олдириш шарт. Холни олиб ташлашдан аввал, мажбурий тарзда махсус диагностик текширув ўтказилади. Текширув клиник ва эпилюминецент дермотоскоп ёрдамида (оғриқсиз ва жароҳатсиз усул) ўтказилади. Хол олингач, материал намунаси гистологик текширувга жўнатилади.

    Қизил холлар

    Қизил холлар аслида хол эмас, балки хавфсиз ўсмалар (гемангиомалар)дир. Улар ҳомиладорлик вақтида, маълум препаратларни қабул қилиш, жигар ва ошқозон ости бези касалликларида ва айрим генетик хасталикларда кузатилади. Шу билан бирга бу турдаги ўсмалар туғма бўлиши ҳам мумкин. Гемангиомаларни махсус лазер ёрдамида оғриқсиз ва хавфсиз усулда олиб ташлаш мумкин. Аммо бу ишни фақат малакали мутахассисигина бажара олади.

    Майда холчалар тошса...

    Бу турдаги майда холчалар тиббиёт тилида папилломалар деб аталади. Улар кўриниши жиҳатидан холга ўхшаш бўлиб, фарқи улар вирусли ва юқумли касаллик саналади. Мазкур холларнинг жойлашиш соҳаси кўпинча бўйин атрофи, қўлтиқ соҳаларида кузатилиб, кўринишидан осилиб турган холни эслатади. Агар танада шу турдаги холлар пайдо бўлса, албатта шифокорга учраб сабабини аниқланг. Уни ўз вактида олдириш мумкин.

    Эътибор беринг...
    • Хол ҳажми ва кўринишининг катталашуви;
    • рангининг ўзгариши (жиггарранг хол ранги очариши ёки аксинча тўқлашиши ҳам мумкин);
    • тери устининг қичишиши;
    • хол устида қизариш, қонаш;
    • оғриқ, безовталик;
    • хол устида турли чизиқлар, ёриқларнинг пайдо бўлиши

    каби ҳолатлар кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат этинг.

    Унутманг!

    Холларни олдириш учун фақат мутахассис текшируви ва кўрсатмасига асосланилади. Ўзингиз уй шароитида ип, игна, пинцеп, қайчи ёрдамида уларни олиб ташлашга уринманг. Бу ишингиз соғлигингизга жиддий зарар етказиши мумкин. Яна холларнинг устини шилиш, қонатиш ёки тирнаш мумкин эмас.

    Манба: «Суғдиёна» газетаси