Миллионерлар қайси молиявий хатоларга йўл қўймайди? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Миллионерлар қайси молиявий хатоларга йўл қўймайди?

  • Ҳаёт тарзи
  • 24-09-2017, 14:18
  • 599
  • Шундай қилиб, сиз миллионер бўлишни истайсиз. Буни барчамиз ҳам истаймиз. Маълум бўлишича, миллионерларнинг пулга нисбатан асосий принциплари жуда оддий. Баъзилари эса зерикарли. Бироқ улар иш беради. InsiderPro миллионерлар йўл қўймайдиган хатоликларни эътиборингизга ҳавола этади.

    1. Улар молиявий қарорлар қабул қила туриб ҳиссиётларга берилмайди

    Бу миллионерлар ҳис-туйғулардан маҳрум эканлигини англатмайди — шунчаки улар ҳиссиётлари ҳамёнигача кириб боришига йўл қўймайди. Қандай қилиб? Ўз харажатларини пухта режалаштириш ва автоматлаштириш ҳисобидан.
    Миллионерлар қайси молиявий хатоларга йўл қўймайди?
    Тўғри, бу жуда зерикарли туюлади. Улар молиявий режани ишлаб чиқиш учун вақт ажратади ва унга мувофиқ биринчи навбатда ўзига тўлайди. Шундан сўнг қолган пулларни автоматик равишда омонатлар, инвестиция ва ҳисоблар бўйича тўловлар учун тақсимлайди. Бу уларни айнан бир хил ҳисоб-китоблар учун вақт сарфлашдан халос этади.

    Миллионерлар уларнинг вақти ва кучи чексиз эмаслигини яхши билади, ахир яна қанча нарсага улгуриш керак.

    2. Улар ўзини бадавлат одам деб ҳисобламайди

    Миллионерларнинг аксарияти ўзларини ҳар қандай инжиқлик қилиш мумкин бўлган афсонавий бадавлат инсон деб ҳисобламайди. Улар тез-тез муросага боради ва кўп нарсада тежамкорлик қилади. Уларнинг охирги моделдаги автомобиль ёки қимматбаҳо вино харид қила олишга қодирлиги буни амалга ошириши кераклигини англатмайди.

    Улар биринчи навбатда муҳим бўлган нарсаларни аниқ белгилаб олади: муҳим нарсаларга пул сарфлайди, майда-чуйда нарсалардан эса иқтисод қилади.

    3. Улар нархларга қараб, қадриятлар ҳақида унутиб қўймайди

    Миллионерлар маҳсулотларнинг фақат нархига эътибор қаратмайди — бунинг ўрнига унинг ҳақиқий баҳосини тушунишга ҳаракат қилади. Уларнинг истиқболига аҳамият қаратади.

    Улар таъмирлаш учун бир неча карра кўпроқ пул сарфламаслик учун бирйўла сифатига сарф-харажат қилишни маъқул кўради. Қайси ҳолатларда нархлар оширилган, қай ҳолатларда туширилганлигини аниқлай олади ва харидларни шунга мос равишда амалга оширади.

    Миллионерлар ҳам худди оддий одамлар каби яхшироқ ва арзонроқ нарсаларни излайди.

    4. Миллионерлар маош бойлик сари ягона йўл деб ўйламайди

    Бойлик тўплаш учун фақат маошнинг ўзи етарли эмас.

    Миллионерлар даромаднинг бир нечта манбаларини шакллантиради. Улар тўлиқ кун ишлашни талаб қиладиган ягона иш билан миллионлар қайсидир йўл билан пайдо бўлади деган хом хаёлга берилмайди.

    Диверсификация ҳамма нарсани ҳал қилади — бу актив ва пассив даромад қилиш усулларига ҳам тааллуқли.

    Улар эришганларида тўхтаб қолмасдан, имкониятлар қидиришда давом этади — ахир маош бутуннинг бир қисми.

    5. Улар мақсадлар қўйишдан чўчимайди

    Мақсад қўйиш улкан натижаларга олиб келади. Имконсиздек туюлган бирор нарса ҳақида орзу қилсангиз, ушбу орзуингизни мақсадга айлантиринг.

    Фикрларингизни аниқ ифодаланг ва уларни ёзиб қўйинг. Мақсадингиз жуда узоқдек туюлиши мумкин, бироқ уни босқичларга бўлиб чиқсангиз, бошқача айтганда режа тузиш билан унга яқинлашиб борасиз.

    Режа тузиш — истак ва мақсад ўртасидаги асосий фарқ шунда.

    6. Улар фақат муддатларга урғу бермайди

    Миллионерлар барча иш муддатларга эмас, вақтнинг ўзига боғлиқ эканлигини яхши билади.

    Улар гап инвестиция киритиш ҳақида борганда бутун эътиборни таймингга қаратиш кучни беҳуда сарфлаш эканлигини тушунади. Шунинг учун бозор кўтарилиш ва пасайишларини бошдан кечириш имконини берувчи узоқ муддатли стратегиялар ишлаб чиқади.

    Миллионерлар вақт улар томонда бўлиши лозимлигини билади — шунинг учун инвестиция киритишни имкон борича эртароқ бошлайди. Эслатиб ўтамиз: бу ерда зерикарли ғоялар ғолиб бўлади.

    7. Улар пул топишни сафдан чиқиш ўйини деб ҳисобламайди

    Сиз кўп даромад қилаётганингиз бошқалар шубҳасиз камроқ топишини англатмайди.

    Миллионерлар одатда ўзига хос ақл тузилишига эга, уни шартли равишда «бадавлат одам психологияси» деб аташ мумкин. Улар сабаб-оқибат боғланишини кўради: истеъмолчилар муаммоси қанчалик самарали ҳал этилса, шунча кўп пул топиш мумкин. Ва аксинча: ўз бизнесида қанчалик кўп пул шаклланса, шунча кўп одамга ёрдам бериш керак.

    Машҳур тадбиркорлар ҳаётига назар солинг: улар ўз миллионларини қандай ишлаб топган? Одамларга улар муҳтож бўлган нарсаларни таклиф қилган.

    Масаланинг моҳияти пирогдан катта бўлак кесиб олиш эмас, пирогнинг ўзини каттароқ қилишда.

    8. Улар фақат иқтисод қилиш ҳақида ўйламайди

    Миллионерлар тежамкор бўлиши мумкин, бироқ улар етакчилар сафига қўшилиш фақат харажатларни қисқартириш эмас, кўпроқ пул топишни англатишини тушунади.

    Гап бадавлат одам ва камбағалнинг психологияси ўртасидаги фарқда — миллионерга кўпроқ пул керак бўлса, у нимадан тежаш мумкинлиги ҳақида бош қотиришнинг ўрнига кўпроқ пул ишлаб топиш усулларини қидиради.

    9. Улар муаммоларга кўз юммайди

    Шахсий пулларга келсак, миллионерлар уларни қандай топиш ва қандай сарфлашни билади.

    Улар пуллари билан нима юз бераётганлиги — яхши ва ёмон жиҳатларини ҳам аниқ билади, чунки муаммоларни фақат уларнинг мавжудлигини билгандан кейингина ҳал қилиш мумкин.

    10. Улар ҳамма гап омадда эканлигига ишонмайди

    Ўз миллионларини лотереяда ютиб олмаганлар даромад ва жамғармалар омадга боғлиқ эмаслигини билади.

    Бирор бир муваффақиятли бизнесменга қараб, «Унинг шунчаки омади чопган… Мен ҳеч қачон бундай қила олмайман!» деб ўйлаш ўрнига, «У бунга қандай эришди? Мен бунинг учун нима қила оламан?» тарзида фикрлайди. Миллионерлар қизиқувчан одамлар бўлиб, барчасини шахсий тажрибасида рўёбга чиқариш учун жараёнларнинг моҳиятига етиб боришни истайди.

    Миллионерлар уларнинг давлати тасодифий эмаслигини аниқ билади. Уларнинг молиявий муваффақияти собитқадамлик, одатлар ва тўғри қарор қабул қилиш маҳорати асосида барпо этилган.

    Манба: Daryo.uz