22:14 / 24.09.2017
7 811

Омонат ғор сири (24-қисм)

Омонат ғор сири (24-қисм)
Зах ўранинг касридан иккала қиз ҳам иситмалаб, аъзойи баданлари ўт бўлиб ёнарди. Ўрадан тортиб чиқарилганда улар ҳолдан тойган, энди бир-бирини қўлтиқлаганча, Баронга нафрат билан қараб туришарди.

Уларнинг афт-ангорини кўриб Бароннинг афти бужмайди. Ўрада қизлар сасиб-бижғиб кетади, деб ўйлаганди. Дармонсизланиб қолган қизларни жазолаб лаззат топмаслигини пайқади у. Ахир, рамақижон танани бурдалашдан не наф?

— Бўлмайди, — деди у Ҳасанга қараб, — бир-иккита укол қилинглар-да, ўрага қайтариб ташланглар, кейин, бироз жон кирса, олиб чиқасанлар.

Шундан сўнг йигирма кунча Барон қизларни унутди. Тожикистондаги юмушлари билан андармон бўлиб, вақт ўтганини сезмай қолди.

Бу пайтга келиб ҳаво анча совий бошлаганди, қизларга — ўранинг тагига эски гилам, устиларига ёпинчиқ беришди, бироқ тунлари уларнинг жағи жағига тегмасди.

— Бўлди, — деди Наргиза, — ортиқ чидаёлмайман. Ўзимни ўлдираман. Бу ҳайвон қачон теримни шиларкан, деб ётавериш жонимга тегиб кетди.

— Ҳай… Ҳай, оповси, ҳазийл қийлманг. Худо бор, — деди Лола опасидай бўлиб қолган қизни қучиб, — бийз кетамийз. Манга аён.

— Эҳ, — деди Наргиза, — кетишимизга ҳечам кўзим етмаяпти. Бу ердан чиқиб кетиб бўлмаса, анави итлардан садо чиқмаса! Лекин зўр имкониятни қўлдан чиқардик-да.

— Асти айтманг буни.

— Ойим бечора мени ўйлайвериб адойи тамом бўлган бўлсалар керак. Ойижонимни шундай аҳволга солиб қўяман деб ҳечам ўйламагандим. Ишқилиб, жонлари соғ бўлсин-да.

* * *

…Анбар опани эри тутиб олди, ҳар қалай, жарлик қаърига қулаб, бурда-бурда бўлиб кетмади. “Энди соғ қолмасам керак”, деб у жуда қўрққанди… “Эрим менинг йиқилганимни қаердан била қолди, чой олиб киришим керак эди унга, ўзи йўлимда тўғри юролмай қолибман”, хаёлидан ўтди унинг.

— Қаерга бораяпмиз? — сўради Анбар опа, учиб кетишаётганига ҳайрон бўлиб.

— Сени шундай жойга олиб борайки, умрингда кўрмагансан. У ерда ташвиш йўқ, фақат роҳат қилиб юрасан, — деди эри унга қараб жилмайиб…

— Тавба, ёшариб кетибсизми? Энди учрашиб танишганимизда қандай бўлсангиз, ҳозир ҳам шундайсиз, — деди Анбар опа ҳайрон бўлиб.

— Сен ҳам худди шундайсан. Лекин буни ўзинг билмайсан.

— Эй-й! — Анбар опа хавотирланди. — Болалар менсиз қийналиб қолишади-ку, биттасини эрга беришим керак, Бобуржон ҳам уйланадиган бўлиб қолди.

— Уларга қайғурмай қўяқол. Энди ўзингни ўйла.

Эри Анбар опанинг кўнглидагини айтганди. Авваллари бир дақиқа бўлсин, болалари хаёлидан кўтарилмас, қизи ёки ўғли озгина ҳаялласа хавотир олар, улар келгунича бир жойда ўтиролмас, дам-бадам деразадан ташқарига мўралаб қарайверарди. Энди, қизиқ, на ўғлининг касалхонада ётгани ва на қизининг йўқолгани уни ташвишга солади. Учгани сайин завқи ортади. Эри айтган жойга тезроқ етсам, дейди. Шу боис, эрига маҳкам ёпишиб олган.

— Авваллари мен фақат тушларимда учардим, — деди у эрига, — ўнгимда ҳеч учмаганман. Маза бўларкан.

Эри унга қараб жилмайиб қўйди, лекин жавоб қилмади.

Улар икки ёруғ ва уч қоронғи ҳудуддан ўтишди. Кейин сўлим бир водийга қўнишди. Ҳаммаёқ кўм-кўк, ниҳоятда чиройли бир дарахт атрофга мушк-анбар таратиб гуллаб ётибди, бошқасида ғарқ пишган мевалар. Қаердадир булбуллар сайрар, бир-биридан сулув, оппоқ ҳарир кўйлак кийган парирухсор қизлар рақс тушиш билан андармон.

Анбар опа мўъжизани кўриб кўзлари қамашиб, эрининг бўйнига осилди-да:

— Сизга раҳмат, шундай жойларга олиб келганингизга, — деди.

* * *

Лазокат ўзи қуйган қизил суюқликнинг устига ётди, эти сесканиб, ижирғанди, афти бужмайди, бироқ у ётишга мажбур эди. Кўзини юмиб ўзини ухлаётганга солмоқчи бўлди-ю, эплай олмади. Боши, биров болға билан ураётгандай, лўқиллаб оғрир, кўнгли айниб беҳузур бўларди.

— И-им! — деди у тўзғиб кетган сочларини ғижимлаб. — Ҳозир жоним чиқиб кетади-и! Вой боши-им!

Бердимурод уйғонсин деб у овозини кўтариброқ инграрди. Бироқ ёнида ётган йигит уйғонмади, фақат бир ёнбошига ўгирилиб, уйқусини давом эттирди.

— Бошим ёрилиб кетаяпти, сув беринглар, ким бор ўзи уйда? — овозини баландлатди Лазокат, кўзи юмуқ ҳолда.

Бердимурод кўзини очди, унинг ҳам боши тегирмон тошидай оғир, лўқиллаб оғрирди. У қиз томонга ўгирилди.

— Вой, бошим! — Бердимуроднинг қимирлаганини сезган Лазокат яна зорланди.

— Нима бўлди? — Бердимурод унинг сочларини силашга ўзида зўрға куч топди.

— Билмадим, бошим ёрилиб кетай деяпти, бирон нима беринг ичишга, томоқларим қақраб кетди, — деди Лазокат ва секин кўзини очди-ю, туйқусдан бақириб юборди.

— Сиз кимсиз?.. Бердимурод ака! Қандай қилиб бу ерга келиб қолдингиз, мен қаердаман?!

— Ҳалиги, кечаси… кўп ичиб қўйганга ўхшаймиз! — деди ҳовлиқиб Бердимурод.

— Сиз мен билан қандай… битта тўшакда… — қиз ўрнидан туриб кетмоқчи бўлиб кўрпани кўтарди-ю, чинқириб юборди. — Нималар қип қўйдингиз?! Мен… Мен!.. Нега бу ерга олиб келдингиз мени?!

— Лазокатхон!.. Лазокатхон, илтимос, ўзингизни босинг! Ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман.

— Нимани тушунтирасиз? Ҳаммаси маълум-ку. Мен қандай бошимни кўтариб юраман энди?

— Кўп ичиб қўйибмиз… икковимизам маст бўлиб қолиб… Сиз барибир меникисиз-ку. Барибир мен сизга уйланаман-ку… Шунинг учун…

— Оҳ, Бердимурод ака-а! — қиз йигитнинг бўйнидан қучоқлади.

— Ҳаммаси яхши бўлади, мана кўрасиз, тўйни тезлаштириб юборамиз. Аканинг олдига бориб, тўйни тезлатишни ўзим сўрайман.

— Вой, нега энди сизга ока бўларкан? Ада бўлади.

— Эй, ҳа, тўғри…

— Мени ҳеч қачон ташлаб кетмайсиз-а?!

Ноз-карашма билан айтилган бу гапдан кейин Бердимурод кўзини юмиб, қизнинг сочларидан ўпди-да, ўрнидан турди.

Унинг ювиниш хонасига кириб кетганини кўрган Лазокат ортидан илжайиб қараб турди-да:

— Настояший лох! — дея пичирлади.

Улар Бердимуроднинг музлаткичида қолган колбаса, пишлоқ билан нонушта қилишди. Гўё бўш-баёв, дунёбехабар ёш йигит-қизлардай кўнгилларига сиққанча келажак ҳақида орзу-умидлар қилишди. Туш қайтганда Лазокат лаш-лушларини йиғиштириб уйига кетди. У ўзининг макру ҳийлаларидан мамнун, чеҳрасида қувонч барқ уриб турарди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (24-қисм)