22:05 / 01.10.2017
7 301

Омонат ғор сири (33-қисм)

Омонат ғор сири (33-қисм)
Рестораннинг ертўласида Бердимурод уч-тўрт йигит билан қарта ўйнаб ўтирарди.

— Қолганлар қани? — сўради Халил бойвачча кирган заҳоти.

— Ҳозир етиб келишади, — деди Бердимурод шошиб.

— Мен ётоқда бўламан, ҳамма йиғилгандан кейин чақирасан, — бойвачча бильярд столини айланиб ўтиб, тўғридаги хонага кирди. Бу унинг хосхонаси эди. У асаби чарчаган ёки ошиғи олчи пайтлари шу ерда дам олар, ўзига келиб олгунича биров безовта қилмасди.

Салқин хонада калта иштон кийиб олган бойвачча юмшоқ пар тўшакка ёнбошлаб, хаёлга чўмди. У ўзини сўлим боғда, шаршаралар ёнида ҳузурланиб ётгандай тасаввур қилиб, яйраб кетди ва кўнгли ишрат тусаб, яшил тугмачани босди. Бироз ўтиб хонага этаги болдиригача келадиган, оёқлари узун, сочи сариққа бўялган, мовий кўзли қиз таманно қилиб кириб келди. Уни кўриб бойвачча ёввойиларча наъра тортди ва гавдасини бироз кўтариб, туйқус яна ўзини тўшакка ташлади. Шу зум кўзига ҳовлисидан машинани ҳайдаб чиқаётганида дарвозадан кириб келган кенжа қизи кўриниб кетганди. “У ҳам бировларнинг кўнглини хушлаб юрган бўлса-чи”, деган ўй ўтди хаёлидан.

— Йўқол! — ўшқирди бойвачча суйкала бошлаган қизга. — Қорангни кўрсатма! Кўрсам, терингни шиламан!

Қизнинг капалаги учиб кетди. Ахир, унинг эркаликлари доим бойваччага хуш ёқарди-ку. Эриб-эшилиб чўнтагидаги бор пулини устидан сочарди-ку. Яна шундай бўлади, деб кутган қизнинг ранги гезарди ва йиғламоқдан бери бўлиб чиқиб кетди. Халил бойвачча шошилиб кийинди, гўё уйига ўт тушган-у, бор буд-шуди олов олиб, ўзи яланғоч қолгандай.

Бердимурод қайнотасининг қилиғидан ажабланди:

— Ҳали дамингизни олаверсангиз бўларди. Яна иккитаси келади…

— Бошлайверамиз, — унинг гапини бўлди Халил бойвачча. — Вақт зиқ.

У оромкурсига ястанди, қолганлар унинг рўпарасида қалдирғочдай тизилди. Аввалбошда бойвачча бор гапни шотирларига айтмоқчи бўлди, лекин дарҳол ниятидан қайтди: “Ким булар, менинг дардимни эшитадиган! Булар буйруққа маҳтал кимсалар. Ортига тепкилаб ишлатиш керак буларни. Шунга ярайди, холос”.

— Баринг гўштга боқилаётган бўрдоқи қўйдай семириб кетаяпсанлар. Бу кетишда сенларни гўштга топширмаса, бошқасига ярамайсанлар. Мана, охирги икки ойда битта ишни қойил қилмадинглар. Бунинг учун ҳаммангнинг терингни шилиш керак. Ҳозир мен Бердимурод акангга топшириқ бераман — бугуннинг ўзида ҳал бўлсин! Менга баҳона ўтмайди. Уқдингларми?!

— Тушундик! — дейишди шотирлар саф тортган аскарлардай бир овозда.

— Энди йўқолларинг!

Хонада бойвачча билан Бердимурод қолишди.

— Ўғлим, — гап бошлади Халил бойвачча. — Ҳақиқатан ҳам, вақт тиғиз. Бугун ёнингга иккита йигитингни олиб, Бобурнинг уйига борасан. Эзмаланиб ўтирма. Тоғдаги ғорга бориш йўлини сўра. Яхшиликча айтса айтди, бўлмаса онасини кўзига кўрсат. Кўнмаса, қўлини орқасига қайириб, менинг дачамга олиб бор. Кетишинг олдидан менга телефон қилиб қўй.

— Хўп бўлади, — деди Бердимурод қайнотасининг кўзидан кўзини узмай. — Сиз хотиржам бўлинг, ҳаммаси жойида бўлади.

— Бор энди… Боравер, мен сал туриб кетаман.

Халил бойваччанинг чап қўли титради. Илгари ҳеч бундай бўлмаганди. Ҳайрон қолди. Барига асаб сабаб деб ўйлаб сигарет олиб тутатди. Титроқ бутун баданига ёйилди. Аксига олиб, юраги безовта бўла бошлади. Бир шиша ароқ олиб келишларини буюрди, ҳалигина ўзи қувиб-солган қизни чақирди.

Икки пиёла ароқни сипқорди, қўлининг титраши босилгандай бўлди. Ичи ёниб кетаётганига қарамай, баданини оҳиста уқалай бошлаган қизга қайрилиб қаради, боягина жунбушга келган эҳтирослар қаёққадир йўқолди.

— Бўлди, бас, — деди у қизга юмшоқ гапириб, — раҳмат. Энди манавидан битта ич. Қани ол.

Халил бойвачча пиёлани ароққа тўлдириб, қизга узатди. Қиз ҳам ноз қилиб ўтирмади, бойваччага табассум ҳадя этиб, пиёлани кўтарди.

— О-о, яша, — мақтади қизнинг ичишини томоша қилиб турган Халил бойвачча. — Энди манавини “закуска” қил.

Қиз бойвачча узатган помидор бўлагини оппоқ бармоқлари билан нари сурди ва бойваччанинг лабидан бўса олди.

— Буниси вообше оригинал! — ҳайқирди бой чапак чалиб. — Энди бориб ишингни қилавер. Мен кейинроқ келаман, шунда яхшилаб гаплашамиз.

— Йў-ўқ, — нозланди қиз, — ҳозир!

— Ҳозир вақт йўқ, кейин…

Бойваччанинг кайфи ошиб қолган эди. У машинани тимирскиланиб юрган йигитларидан бирига бериб, ўзи орқа ўриндиққа ўтириб, кўзини юмди. Юраги яна ғашлана бошлади. “Нима бўлаяпти менга? — ажабланди бойвачча. — Наҳотки умрим охирлаб қолган бўлса. Ҳали бироз бордай туюлувди… Ҳали ёшман-ку. Мен тенгилар икки-учтадан хотин олаётган бўлса… Эртароқ уйга етиб олиш керак, дўхтир-пўхтир чақирарман”.

У ҳайдовчининг елкасига қўлини қўйди. Йигит ҳам хаёлга чўмган экан шекилли, чўчиб тушди:

— Ухлаяпсанми? — кулди бойвачча. — Тезроқ ҳайда.

— Хўп бўлади, хўжайин!

Бойваччанинг танасидаги титроқ кучайди, юраги кўкрагига сиғмай кетаётгандай гурсиллаб ура бошлади. У ўзини овутмоқчи бўлиб, деразадан йўлакларга қаради, бироқ ҳеч нарса уни чалғитмас, тобора нафаси сиқиб келарди.

— Тўхта! — туйқус бақириб юборди Халил бойвачча. — Аптекага чоп, валидол опке!

Йигит машинани кескин буриб, тормоз босди. Машина ғийқиллаб тўхтади, Халил бойвачча олдинги ўриндиққа ёпишиб қолаёзди.

— Ҳов, итдан тарқаган! — бўкирди у. — Нима қилаяпсан?!

— Анави, анави… — дея ҳайдовчи йигит йўл четидаги кампирни кўрсатди. — Йўлимдан чиқиб қолди.

— Уларни босиб кетсанг савоб оласан! — бойвачча ўкирганча йигитнинг бошига мушт туширди. — Бор тез, аптекага!

Йигит машина эшигини очиб, пастга қуёндай сакраб тушиб кетди. Бойвачча титроқ қўлларини чўнтагига тиқиб сигарета олди ва қалтираганча лабига қистириб, энди тутатмоқчи бўлганида, кимдир машина ойнасини чертди. Бойвачча баттар тутақиб, важоҳат билан бошини кўтариб қаради ва кўзлари косасидан чиққудек бўлиб турган, юзини ажин босган кампирни кўрди. Уни тиланчи хаёл қилиб:

— Сенларга тўхташ ҳам гуноҳ. Тўхтагандан югуриб келасан! — дея бақирди.

— Ҳай, болам, — ёлворди кампир қалтираб, — мошинангни астароқ ҳайда, уриб кетай дединг-ку мени.

— Четроқ тур-да! — бўкирди Халил бойвачча, — кампир бўлсанг кўчада бало борми, ўтирмайсанми болаларнинг топганини еб, худога шукур қилиб?..

— Болам бўлганида бундай юрмасдим, ҳеч кимим йўқ менинг, — кампир кўзига ёш олиб, оқсаб кета бошлади.

— Бола, болам… — ўзича минғирлади Халил бойвачча унинг ортидан. — Менинг иккита қизим бор. Қариб кучдан қолсам… Нилуфар бор. Нилуфар мени кўчада қолдирмайди.

У сабрсизлик билан тутаб турган сигаретани қайта-қайта ичига тортди. Сўнг машинадан шошиб тушганча, узоқлашаётган кампирга:

— Ҳов, момой, тўхтанг! — дея ҳайқирди. Кампирга етиб олгач, чўнтагидан бир даста пул чиқариб, унинг қўлига тутқазди.

— Мени кечиринг. Хоҳласангиз уйингизгача обориб қўяман.

Кампир унга тикилганча, нима дейишни билмай бир муддат қотиб турди. Фақат лаблари билинар-билинмас титрарди. Халил бойвачча унинг нигоҳига дош беролмади, шартта ўгирилиб, машинаси томон юриб кетди.

Ортидан кампирнинг ўзини дуо қилганини эшитди: “Боланг ўлмасин”. “Кампирнинг ҳеч кими қолмаган кўринади, шу боисдан бу ғамни бошқа бировга ҳам раво кўрмайди”, хаёлидан кечирди бойвачча.

Кампирнинг дуосидан сўнг бойвачча ўзини енгил ҳис этди. Ҳатто анча вақт йўқолиб кетган ҳайдовчисини ҳам койимади.

Машина уйга яқинлашганда дарвозадан хизматкор йигит учиб чиқди. Уни кўрган бойнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди.

— Тўхта! Тўхтат! — қичқирди у ва машина тўхташини кутмай эшикни очиб, отилиб чиқди. Хизматкор йигитнинг кўзи хонасидан чиққудай бўлиб хўжайинининг ёнидан ўтиб кетаркан: “Улгурамиз, сақлаб қоламиз!” дея қичқирди.

— Нима гап?! — бақирди унинг қўлидан ушлаб тўхтатган Халил бойвачча.

Хизматкор йигит эс-ҳушини йиғиб олди, шекилли, бойваччани кўриб ўзини ерга ташлади-да, ўкириб юборди:

— Хўжайин! Нилуфар!.. Нилуфар ўлаяпти!!!

Унинг йиғламсираган товушидан Халил бойваччанинг тиззалари қалтираб кетди, бошидан ҳуши учиб, дарвозадан югуриб кирди.

Катта эшикнинг бўсағасида Нилуфар типирчилаб ётар, атрофида онаси гирдикапалак бўлиб айланарди.

— Нима бўлди?! — қичқирди бойвачча.

— Билмайман! — эрини кўриб ўкириб йиғлаб юборди хотини. — Овқатини еди-ю, бирдан думалаб қолди!

Бойвачча бошқа гапирмади. Ерда типирчилаб ётган қизини даст кўтариб, дарвоза томон югурди. Айни маҳал ҳайдовчи уддабуронлик қилиб, машинани ўнглаб турган эди.

Йўл-йўлакай фалокатга йўлиқишларига сал қолди: қизил чироқдан катта тезликда ўтиб кетишаётганда сўл томондан пуштиранг “Нексия” чиқиб, йўлини тўсиб қолди. Халилнинг ҳайдовчиси тормозни босмай, аксинча рулни айнан “Нексия” чиқиб келган томонга бурди ва уни айланиб ўтиб кетишга улгурди. Машина ёнбошга бир лаҳза оғиб кетди, тўнтарилишига бир баҳя қолди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: Hordiq.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (33-қисм)