23:19 / 01.10.2017
6 009

Омонат ғор сири (35-қисм)

Омонат ғор сири (35-қисм)
— Ким бор?! — бақирди бойвачча. — Бирор-бир жонзот борми бу ҳовлида?!

Хизматкор ҳовли этагидаги уйда эди. Бу икки хонали уйни бойвачча дам олишга мўлжаллаб қурдирган, уйнинг ёнида ёпиқ ҳовуз, ҳаммом бор эди. Хизматкор хўжайинининг аёлига бақирганини, сўнгра урганини кўриб, ичкарида пусиб турганди. Бойваччанинг бақира бошлаганидан чўчиб, бормаса ўзи ҳам калтак еб қолишидан хавфсиради ва Халилнинг ёнига югурди.

— Бор! — дея бақирди уни кўриши билан бойвачча. — Сув опке!

Хизматкорининг бир чойнак сувни бекасининг юзига секин сепаётганини кўриб сабри чидамаган бойвачча унинг қўлидан чойнакни юлқиб олди-да, хотинининг юзига тўкиб юборди. Ҳартугул Мўътабархон кўзини очди. Киприкларини пирпиратиб бир эрига, бир хизматкорга қараб, йиғлаб юборди. Бир зумда Халил бойвачча ҳовуридан тушди, хотинига ичи ачиди. Унинг қўлтиғидан олиб, туришига кўмаклашди. Кейин кўз ўнгида Нилуфарнинг аянчли аҳволи жонланиб, Мўътабархонни қўйиб юборди.

— Овқатни ким қилганди?! — сўради у жаҳл билан.

— Ўзи, — аёл ютиниб олди.

— Қани ўша овқат?

— Опаси типирчилаб қолганидан кейин Лазокат жаҳл устида қозонни ағдариб юборди… Хизматкор тозалаб, ахлатга тўкибди… Нилуфарим тирикми, ишқилиб?! — деди Мўътабархон чуқур-чуқур нафас оларкан.

— Худо қайтариб берди. Яхшиям уйга келганим, йўқса ажраб қоларканмиз, — хўрсинди бойвачча.

— Ҳозироқ бораман, кўрмасам кўнглим жойига тушмайди.

— Энди боролмайсан.

— Нега? — ҳайрон бўлди аёл.

— Ойнага бир қара, — бойвачча ошхонага кириб, пиёлага оғзи очиқ ароқдан қуймоқчи бўлди. Сўнг бирдан ниятидан қайтиб, шишани ахлат челакка ташлаб юборди. Музхонадан очилмаган ароқ шишасини олиб, кетма-кет икки пиёла тўлдириб ичганидан кейин бироз ўзига келди. Юмшоқ ўриндиққа чўкиб, кўзини юмди. Шу маҳал хотини кириб келди.

— Бораман, — деди у эрига қараб, — кўзим шишиб, оқиб тушса ҳам бораман, билдингизми! Қизимни кўрмасам чидолмайман!

— Ҳов, ит! Қилғиликни қилдинг. Энди босиб ўтир. Ўзингнинг қасдинг борга ўхшайди унда. Мен ҳали ҳаммасининг тагига етаман. Агар зиғирча айбингни топсам ўлдираман. Тушундингми, ўлдираман! Ҳозир босиб ўтир. Қизим ўзига келганидан кейин ҳаммасини сўрайман. Агар сени кўргиси келаётган бўлса, борасан, бўлмаса…

Мўътабархон турган жойида ўтириб қолди ва ўкириб йиғлаганча:

— Ҳеч вақт она боласига ёмонлик тилайдими?! — деди изиллаб.

— Она фарзандига ёмонлик тиламайди. Лекин сен онамассан. Сен товуқсан. Жўжасини тагига босиб ўлдириб қўядиган бефаҳм товуқ!

— Э, худо! — ўкирди аёл шифтга қараб. — Қанақа туҳматларга қолди-им?!

Халил бойваччанинг қони қайнади. Кўзи косасидан чиққудек олайиб, ўрнидан турди. Ғазаб билан хотинининг бошига бориб, урмоқчи бўлди. Лекин сўкиниш билан чекланиб, ортига қайтди. Яна бир пиёла ароқ ичиб, газагига сигарет тутатди. Сўнг ҳамон ер бағирлаб йиғлаётган хотинига:

— Йўқол, кўзимга кўринма! — дея ўшқирди.

Бойвачча кўзида ёш ғилтиллаб ошхонадан чиқди. “Қайси гўрданам шунга уйланганман? — хаёлидан ўтди унинг. — Умрим шамолга соврилди-я. Нилуфарни туғиб берганини айтмаса, қайси бир ишни қойиллатган, билмайман. Бўянса, бозорма-бозор санқиб, топганимни ҳавога совурса, бас, бўлак дарду ҳасрати йўқ бунинг. Шундан бошқасига ярамайди!” Халил бойвачча алам билан пиёлани ароққа тўлдирди.

Илгари бир шиша ароқни ёлғиз ўзи ичса ҳам маст бўлмасди. Ҳозир охирги пиёлани сипқорди-ю, боши айланиб, кўзи юмилиб кетаверди. Оромкурсининг суянчиғига бошини қўйди. Туйқусдан уйдан чиқиб кетаётганида ранги гезариб уйга кириб келган Лазокат ёдига тушди. “Ўшанинг иши, — ғўлдиради у ўзича. — Ўша бир бало қилган. Ҳоз… ҳозир ўл… ўлдираман!” У ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, қурби етмади, ўтирган жойида сўкина кетди. Хизматкор ўрнидан туришига ёрдамлашмаганида ўтирган жойида ухлаб қоларди. У хизматкорга ювиниш хонасига олиб боришни аранг тушунтирди.

Икки соатча илиқ сувда ўтиргач, Халил бойвачча бироз тетиклашди. Хаёлидан эса ҳамон: “Ҳаммасини Лазокат қилган”, деган ўй кетмаган, кичик қизига ҳукм ўқиб бўлганди. Бойвачча ошхонага кириб ошпичоқни олди-да, деворга осилган сочиққа яхшилаб артди. Нима қилаётганини ўзи ҳам англамасди. У бироз гарангсиб жойида туриб қолди. Сўнг чайқалиб-чайқалиб қўлида ошпичоқ билан Лазокатнинг хонасига йўналди.

Лазокат отасининг ичаётганини кўриб енгил тортган: “Отам энди ухлаб қолди. Эртагача жаҳлидан тушар”, деган ўйда эшикни очиб қўйганди…

* * *

“Нималар бўлаяпти ўзи? — шифтга тикилиб хаёл сурди Наргиза. — Укам фалокатга учради… Кутилмаганда етти ёт бегона лўли қиз билан танишиб қолдим. Кейин бизни лўлилар ўғирлаб кетди. Тортган азобларим… Булар нимадан ишора? Лола Бобур билан ҳам таниш экан-а! Улар қачон танишишган?.. Ҳаммаси уюштирилганмикан ё? Лоланинг ўзи қўйнимга кириб олиб, чаёнлик қилаётган бўлса-чи? Унда… Унда нега униям азоблашди… Барон нега бизни осонгина ўлдириб қўя қолмади?.. Мушук-сичқон ўйинига ўхшаб кетаяпти-я… Ёки адажоним айтиб кетган сирдан уларнинг хабари бормикан? Ўша олтинларни адажонимдан бошқалар ҳам билишган-ку. Лекин улар ўлиб кетишган дейишувди. Адамга ўхшаб, бирортаси фарзанди ёки қариндошигами айтиб кетгандир… Ҳа, топдим! Демак, кимдир айтишга айтиб, олтин яширилган жой қаердалигини аниқ беришга улгурмаган… Ўзи ўша олтинлар кимники, ҳалолми, ҳаромми? Буям жумбоқ. Нима қилсам экан? Падарингга лаънат, бойликдан воз кечиб юборсам, бизни тинч қўйишармикан… Тўхта, нега ойим келмаяпти? Эшитганида қушдай учиб келиши керак эди-ку. Ёки ҳали айтишмадимикан?..”

— Яхши ётибсизларми? — палатага жилмайиб Миркомил кириб келди, Наргизанинг хаёллари тўзғиб кетди. Бобур билан бирга келган йигитни кўриб қиз ҳам жилмайди.

— Кўринишингиздан анча соғайиб қолибсиз, — кўнглини кўтарди Миркомил.

— Раҳмат.

— Менгамас, ўзингизга раҳмат. Ўзингизда соғайишга иштиёқ бўлмаганида…

— Буни қаранг-а, — унинг гапини илиб кетди Наргиза, — соғайишим керак, деб ҳечам ўйламаган эканман. Ўйлаганимда ҳозир оёққа туриб кетармидим?!

— Ишонмаяпсизми? — Миркомил ҳазилни илғаб, мийиғида кулди. — Буни мен сизга бўлажак врач сифатида айтаяпман.

— Сиз врачмисиз? Мен сизни укамнинг ўртоғи бўлса керак, деб ўйлагандим.

— Адашмагансиз. Энди унинг ўртоғиман. Врачлик масаласига келсак, ҳали беши кам.

— Шунақа денг.

— Шунисигаям шукур. “Ол, қулим!” деса тап-тайёр врачмиз-да.

— Ҳов, врач, — Лола уйғониб, гапга аралашди, — бийзний олдиймийзда турманг. Ямон бўладий. Сизний урадий, бийзний ўғирлайдий. Тушундингийзмий?

Наргиза кулиб юборди. Миркомилнинг юзи қизарди.

— Энди ўғирлаб бўпти. Ўзим уларни ўғирлаб кетаман, керак бўлса.

— Сизга ўхшаган биттаси ўшанда Бобуржоннинг ёнида турганди, бечора ҳозир тирикми, ўликми билмаймиз. Уям ўзича ғўдайганди бизнинг олдимизда.

Наргиза бу гапни ҳазил тариқасида айтмоқчи бўлганди, бироқ гапи бироз илмоқли чиқди. Миркомилнинг қалбида беихтиёр рашк алангаси ёнди ва айни пайтда ўша “ҳамкасб”ига ачинди.

— Қизларнинг ичида сизлардай марди кам, — ўзини мажбурлаб кулди Миркомил сувдан қуруқ чиқиш учун.

— Майли, — Наргиза мийиғида кулимсиради, — сизни хафа қилиб қўйган бўлсам узр. Одам… Яхшиси, гапирмаганим маъқул. Бобуржон яхши юрибдими?

— Унингиз шу кетишда бўлса, Тарзандай бўп кетади. Менга ишонаверинг, тиббиётда бундай воқеалар камдан-кам учрайди. Жуда қисқа вақтда оёққа туриб кетди. Шериги ҳалиям ётибди оёғини кўтариб.

— Укам ёшлигидан дардга чидамли эди, — деди Наргиза Бобурни алқаб. — Иситмаси чиққан пайтлариям ўйнаб юраверарди. Ойим мажбурлаб ҳам ётқизолмаган… Ҳа, айтганча, биз бу ерда ҳали кўп ётамизми?

— Соғайиб кетсангиз бўлди… Ҳа, бир гапни айтиш эсимдан чиқибди, — Миркомил суҳбатни давом эттиргиси келарди. — Менинг исмим Миркомил. Сизларникини биламан. “Касаллик варақаси”дан кўрдим.

— Ҳай, ман сийзний отиний айтмай чиқадий дебман.

Лола очиқдан-очиқ калака қилаётганини Миркомил дарров илғади. Лўли қизнинг устидан кулаётгани унга алам қилди. Лекин начора, ортиқча гап айтишга ҳақи йўқ. Нарёқда эшитиб туришибди. Ҳар битта сўзи таҳлил қилинади. Миркомил эса ўғриларнинг кимлигини, қизлар нега уларнинг номини яширишаётганини билиши керак. У йўл топиб қизларнинг ичидаги сирларидан воқиф бўлиши даркор.

— Шундай лобар қизларнинг кўнглини топиш бизга ҳам фарз, ҳам қарз. Сизлар билан яхшироқ танишиб олмасам армонда кетаман, — деди Миркомил Лолага жавобан.

— Ана, танишиб ҳам олдик унда, — деди Наргиза муроса оҳангида. — Сиз Бобуржоннинг ўртоғи бўлсангиз, ойимдан хабарингиз йўқми? Негадир келмаяптилар?

— Ҳозирча айтмадик… Йўқолиб қолганингизни эшитиб жуда хафа бўлди. Бу аҳволда ётганингизни кўрса, баттар кайфияти бузилади, деб ўйладик. Шунга ҳозирча айтмай турибмиз. Оёққа туришингиз билан, албатта, хабар қиламиз.

Наргизанинг кўзига ёш қалқди.

— Майли, — деди у йиғламсираб, — шу ҳолимда бўлсаям уйга жавоб беришсин. Айтинг, илтимос. Ойижонимни жудаям соғиниб кетдим. Озгина хафа бўлсаям, соғайиб кетаётганимни кўриб ҳаммасини унутади! Соғиниб кетдим ойижонимни!

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (35-қисм)