10:30 / 02.10.2017
5 118

Омонат ғор сири (37-қисм)

Омонат ғор сири (37-қисм)
Мўътабархон чинқирган овоздан уйғониб кетди ва бироз уйқусираб жойидан туриб ўтирди. Йўлак тарафдан қизининг кетма-кет бақиргани эшитилгач, ўрнидан шоша-пиша туриб, эшикка югурди.

— Ойижон, ойижон! Адам мени ўлдирмоқчи, қўлида пичоқ бор! — ўкириб йиғлаб юборди онасини кўрган қиз.

Мўътабархон қизининг билагидан тутиб, ҳеч иккиланмай пастки қаватга етаклади ва йўлакнинг чироғини ёқди.

Халил бойвачча сўкинганча инқиллаб ўрнидан турди-да, кўпириб кетган оғзини кафтининг орқаси билан артди ва оғир қадам ташлаб, зинанинг ёнига келди. Бунгача Лазокат нима бўлганини ойисига айтиб улгурганди.

— Нилуфар сизга қиз-у, Лазокат ўгай экан-да! Мен уни кўчадан орттириб келган эканман-да, бойвачча! Қандай тилингиз борди шундай дейишга?! — деди эрига тик қараб Мўътабархон. Сўнг ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди ва қизини кўрсатиб: — Ўлдириш ниятингиз бор экан, нима қиласиз унинг хонасига кириб? Мана, ўзим, ўз қўлларим билан сизга топшираман. Ўлдиринг! Сўйинг! Агар шу билан кўнглингиз таскин топса!

Халил бойвачча пастда кўзлари нафратдан ёниб қараб турган хотинига қаради, бироқ бир сўз демади. Қўлидаги пичоқни отиб юборди-да, зинага суянганча чўк тушиб ўтириб қолди.

Мўътабархон эрини шаштидан туширганига ишонч ҳосил қилиб, баттар жаврай бошлади. Бироқ бу гаплар энди Халил бойваччанинг қулоғига кирмас, у эси оғган одамдай ўзи билан ўзи гаплашарди.

— Ойижон, — деди бироз ўзига келган Лазокат, — бошим айланаяпти.

— Тинчликми, қизим? — Мўътабархон Лазокатга бошдан-оёқ разм солиб, унинг оёғидан оқаётган қонни кўриб, юраги ўйнаб кетди. — Оёғингдан қон оқаяпти-ку! Вой, мен ўла қолай, вой шўрим! Ҳе, ота бўлмай ҳар бало бўлгур!

Мўътабархон талвасага тушиб ичкийимини ечди-да, шарт иккига бўлиб, қизининг оёғини боғлашга тушди. Оғзидан эса оқ ит кириб қора ит чиқар, жағи тинмай эрини қарғарди. Қарғишларини бойвачча эшитмас, буткул ҳолдан тойган, бунинг устига, ичган ароғига уйқу дори қўшилгани учун ёнига ағанаганча хуррак отарди.

Қизининг ярасини боғлаб, Мўътабархон бошини кўтариб эрига қаради. Бойваччанинг хуррак отаётганини кўриб, тағин қарғанди ва қизини меҳмонхона томон етаклади:

— Шу ерда эшикни қулфлаб ухлаймиз. Агар гўрингда тўнғиз қўпгур уйғониб қолса, сени тинч қўймайди. Оғзингдан қонинг келгурга нима ёмонлик қилибсанки, сен бечорани ўз ҳолига қўймайди?.. Ҳали тонг отсин, бошқача гаплашиб қўяман у билан!

— Ойижон, — деди Лазокат синиқ овозда, — я не могу. Кетаман!

— Қаерга борасан шу маҳалда, қизим?

— Бердимурод акамнинг ёнларига.

— Йў… Йўқ… У ёққа сираям бора кўрма. Шу аҳволда борсанг у нима деб ўйлайди? Ундан кўра эрталабгача уйда ўтир. Кейин бирор чорасини топармиз.

— Бўлмаса, Гулиникига бораман. Ўша ёқ тинчроқ.

— Шарманда бўламиз, қизим. Сени биламан-ку, ичингда гап турмайди…

— Ойи, бунақа яшагандан кўра шарманда бўлган минг марта афзал, ҳамма билиб қўйсин, адамнинг қанақа одамлигини!

— Аданг жудаям керакли одам, айниқса, сен билан менга. Бахтинг очилишига керак. Шунинг учун ҳозирча жим турайлик. Кейин бир гап бўлар. Эсон-омон сени узатиб олай… Овқатни Нилуфарнинг ўзи қилганмиди? — нимадир эсига тушиб қолгандай қизига синовчан қаради Мўътабархон.

— Биласиз-ку… Мен қилган овқатни оғзига олмайди, ойимча… Ўлиб кетганида қутулардим битта машмашадан, — лабини бурди Лазокат.

— Унақа дема, қизим. Яхшими-ёмонми опанг бўлади. Эрта бир кун бир-бирларингга суянасанлар, — беозор койиди уни Мўътабархон.

— Кўчадаги лўлиларга ишим тушса тушсин-у, лекин ўша чаёнга тушмасин! Ўзи ёмон-да, ана, жазосини олиб ётибди! — Лазокат ҳали-бери ҳовуридан тушадиганга ўхшамасди.

— Бўлди қил! — ўшқирди қизига қаттиқроқ гапирмаса бўлмаслигини тушунган Мўътабархон. — Ўзинг ҳам айбдорсан!

— Энди сиз ҳам унинг ёнини олаяпсизми, ойи?! Мен бечора бу уйга бегона эканман-да! — пиқиллаб йиғлашга тушди Лазокат.

Мўътабархон гапирганига пушаймон бўлиб, қизини елкасидан қучганча меҳмонхонага олиб кирди ва ичкаридан эшикни қулфлади. Сўнг Лазокатни диванга ётқизиб, ўзи гиламга чўкканча қизи ётган диванга бошини суяди. Кўп ўтмай талотўпдан чарчаган она-болани уйқу элитди…

Ўтирган жойида мулгиган Мўътабархон белининг оғриғига чидолмай эрта уйғонди. Тунги жанжал ёдига тушиб, шошиб ортига қаради-ю, тошдек қотди: Лазокат жойида йўқ эди. “Эрим яна келдимикан?” деган ўйдан қўрқиб титраб кетди.
* * *
Бердимурод ёнига иккита йигитини олиб, Бобур яшайдиган кўп қаватли уйга борди ва тепага кўтарилмай бироз атрофни кузатди. Аллақандай бегона йигитларга кўзи тушиб, кўнглига шубҳа оралади. Шерикларига секингина: “Кетдик, кейинроқ келамиз”, деб катта кўча тарафга юрди. Кўчанинг икки тарафи савдо растаси экан, Бердимурод йигитларини пивохонага бошлади. У ерда уч-тўртта пиёнистадан бўлак ҳеч ким йўқ эди.

— Бизбоп жой экан, — деди йигитлардан бири Бердимуродга илжайиб. — Яхшилаб пивохўрлик қилмаганимга минг йил бўлди-ёв.

— Ҳозир мен сенга пивохўрлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! — ўшқирди кўнглига қил сиғмаётган Бердимурод.

— Ҳеч бўлмаса биттадан ичармиз. Одам роса чанқаб кетди.

Учовлон бир шишадан пиво ичишди. Иштаҳалари очилиб кетган эса-да, эзилиб пивохўрлик қилишнинг мавриди эмасди. Бердимурод бесаранжом, игнанинг устида ўтиргандай типирчилар, Бобурга мерос қилиб қолдирилган тилла унинг оромини буткул ўғирлаган эди. У “Турайлик”, деб энди оғиз жуфтлаганида сотувчи билан қирқ бешларни қоралаган одамнинг суҳбати қулоғига чалинди.

— Падарингга лаънат, Бобурни шу уйдан кўчириб юбормасак бўлмайди-ёв, — ҳасрат қиларди пештахтага суянган эркак. — Ўзи яқинда авария бўлувди. Кейин опаси қаергадир йўқолиб қолди. Онасини маҳалла бир амаллаб кўмди. Қўшниларнинг гапига қараганда, қиз топилибди. Қиз бўлиб топилганми, жувон бўлибми, у ёғини худо билади. Лекин домимизнинг атрофидан аллақандай шубҳали одамлар аримай қолди. Қачон қарама, ўзини шунчаки айланиб юрганга солиб, Бобурнинг уйига қараб-қараб қўяди. Демак, бир гап бор… Маҳаллага бормоқчиман. Шу болани бошқа ёққа кўчириб юборсин, биз ҳам тинчгина яшайлик.

Бердимурод ўзининг сезгирлигидан хурсанд бўлиб кетди. У ҳалигина Бобур яшайдиган уйнинг йўлагидан қайтган, ичкарига киришга оёғи тортмаганди. Мана, энди ҳаммаси равшан. Ҳозир пиво ичиб дадилланиб, тўғри ўлжаси томон бормоқчи бўлиб турганди. “Таъзиядан кейин бу ерга биринчи келишимиз. Демак, бу одам биз ҳақимизда гапирмаяпти. Агар Бобурга келганимизни кўрганида, ҳозир шу ердалигимизни била туриб, бу гапларни сотувчига гапирмаган бўларди. Демак, бошқа одамларнинг ҳам унда қандайдир қизиқиши бор. Бунинг тагига етмасдан туриб ишни бошлаб бўлмайди”, деган хулосага келди Бердимурод ва йигитларига:

— Бошқа пайт келамиз, — дея ўрнидан турди.

Шу куни у Халил бойваччанинг ёнига бормади, чунки топшириқ бажарилмаган, бойвачча уни қўрқоққа чиқариши тайин. Бахтига бойваччанинг ўзи ҳам қўнғироқ қилмади.
* * *
Халил бойвачча бадани жунжикиб, суяклари қақшаб уйғонди. Қаерда ухлаб қолганини англаб етгач, асаби ўйнади: “Нонхўрликдан бошқасига ярамайдиган ифлослар, ҳеч қурса боққанимнинг ҳурмати устимга бирорта кўрпача ёпиб қўйишса ўлармиди?” У алам билан минғирлаганча зина суянчиғига таяниб ўрнидан турди. Шу маҳал хотинининг чинқирган овози эшитилди:

— Лазокат, қизим!

— Ҳе, онангни… — сўкинди бойвачча ва гавдасига ярашмаган чаққонлик билан илдам юриб биринчи қаватга тушди. — Нима деб ўкираяпсан, ҳайвон?! — хотинининг тиззасига шапатилаб саннаётганининг устидан чиқиб тағин кайфияти бузилди.

— Қизим йўқ! Қаерга гумдон қилдингиз?! — Мўътабархон эрига чақчайди.

— Онангникига, тушундингми?! — муштини дўлайтириб хотинига яқинлашаётган бойвачча эшик қўнғироғининг устма-уст жиринглаганидан кўнгли алланечук бўлиб кетди. — Ўчир овозингни! Ўзи бирон жойга кетворгандир. Мен уни кўрганим йўқ. Ҳозир турдим ўзи, — Халил бойвачча эшикка йўналди. У хизматкорга: “Аввал сўра, ким экан?” деб тайинламоқчи эди. Бироқ улгурмади, хизматкор дарвозанинг кичик табақасини очган ва… беш-олтита барзанги йигит дарвозахонага кириб бўлганди. Улар гап-сўзсиз аввал хизматкорнинг, кейин ҳали оғиз очишга ҳам улгурмаган Халил бойваччанинг қўлларини кишанлашди. Кейин чўнтакларидан ҳужжатларини чиқариб кўрсатишди ва уларнинг қамоққа олинганини айтиб, уйни тинтув қилишди.

Халил бойвачча панжара ортига ўтаётиб, терговдан иккита милиционер қуршовида чиқиб келаётган Баронга кўзи тушди.

— Буларнинг бари сенинг ишинг экан-да, ҳайвон, — деди у ғазаб билан Баронга.

Барон илжайди, лекин лом-мим демади.

Тушга яқин Халил бойвачча сўроқ қилинаётганида унинг бўлғуси куёвини ҳам олиб келишди…
* * *
Ўзига тегишли хабарни эшитиб, Лола ётган жойидан туриб кетди. Унинг юраги ҳаприқарди.

— Айтинг, — деди у сабри чидамай.

— Ўзингизни қўлга олинг, — деди Миркомил босиқлик билан. — Барон қўлга олинаётганида лўли маҳаллага бориб суриштирдик. Сизнинг ота-онангиз билан гаплашдик. Уларнинг гапларига қараганда, сизни чақалоқлигингизда топиб олишган экан.

— Нийма?! — лўли қизнинг овози титраб чиқди.

Ўша лаҳзада унинг юзидан бир-бирига зид жуда кўп маънони уқиш мумкин эди. У ўзини узоқ вақт азоблаб келган саволларга жавоб топгандай эди. Жавоблар ортидан тағин саволлар келиб чиқар, улар бари қизни қийнар, баттар азобларди.

— Хафа бўлманг-у, лекин айтишга мажбурман. Тўғриси, улар сизни топиб олишмаган, беланчакдан ўғирлаб кетишган. Эски шаҳардан. Ҳозир у ерлар бузилиб кетди, ўрнига кўп қаватли уйлар тушган.

Лоланинг ўпкаси тўлиб кетди, юзини бекитиб, сочини ғижимлаб тинимсиз йиғлади. У хурсандлигидан йиғлаяптими ёки хафалигиданми — билиб бўлмасди.

— Ҳали… ҳали ҳаммаси жойига тушиб кетади, — таскин берди Лолага қўшилиб йиғлаётган Наргиза. — Топамиз. Ота-онангни, албатта, топамиз.

— Хавотирланманг, — Миркомил гапга қўшилди. — Сизлар касалхонадан чиққунларингча биз Бобур иккаламиз ота-онангизни топиб қўямиз.

У гарчи ишонч билан гапирган эса-да, гаплари таскин бериш учун айтилгандай чиқди. Буни Миркомилнинг ўзи ҳам сезди. Қизлар эса унинг гапига эътибор беришмади.

Қайғу билан хурсандчилик қоришган хонада улар жим қолишди. Орадан бирор беш дақиқача ўтиб юраги сиқилган Миркомил столини эшикнинг ёнига суриб, бошини хам қилиб олди. У ўрнидан туриб, чиқиб кетганида ҳам биров ундан “Нега кетаяпсан?” деб сўрамасди. Аммо унинг кетгиси келмас, қандайдир кўзга кўринмас ришта уни хонадагилар билан боғлаб турарди.

Қўлида ичи тўла селофан халта билан Бобур кириб келиши билан хонадаги жимлик бузилди.

— Нима бўлди? — уларнинг ўтиришини кўриб хавотирланди Бобур қўлидаги халталарни ерга қўяркан.

— Хурсандчилик, — деди Наргиза кўзида ёш билан. — Кел, укажоним.

Бобур опасининг каравотига ўтирди, Наргиза уни қучоқлаб ўпди:

— Биз ҳам энди одамга ўхшаб яшайдиган бўлдик. Биласанми, Лола лўли эмас экан! — деди кўзлари қувончдан порлаб.

— Йўғ-э! — ҳайратини яширолмади Бобур. — Қанақасига?

Наргиза: “Сиз айтинг”, дегандек Миркомилга юзланди. Йигит кулимсираб қизларга айтган гапларини такрорлади.

— Зўр-ку! — Бобур Лоланинг ёнига бориб, унинг қўлини ушлади. — Ўзим ҳам ҳеч ишонмасдим сизнинг лўлилигингизга.

— Эндий қандоқ онамний топаман? — кўзида ёш билан жилмайди Лола.

— Топилади. Мана кўрасиз. Бу янгиликни ювиш керак.

— Ҳозирча, — деди Наргиза кулиб, — Миркомил акам билан бирга байрам қилиб туринглар, биз кейинроқ қўшиламиз.

Наргизанинг “Миркомил акам” дегани йигитни энтиктириб юборди. У кўзлари чақнаб қизга қаради. Нигоҳлар учрашганда Наргиза қизариб, кўзини олиб қочди…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (37-қисм)