Мунажжимлар башорати: 20 октябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?

  • Ҳаёт тарзи
  • 19-10-2017, 22:16
  • 1 315
  • Мунажжимлар башорати: 20 октябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?
    ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)
    Кунингиз ўзингиз ўйлаганчалик енгил кечмайди. Аммо жиддий муаммолар ҳам кўзга ташланмайди. Ишлар бошингиздан ошиб тошади холос. Кайфиятнинг кўтаринки бўлиши ўзингизга боғлиқ. Агар тушкунлик ҳолатларингизни кулги, ҳазил-мутойибага алиша олсангиз, дунёда сиздан бахтлиси бўлмайди. Дўстлар билан мулоқотда агрессия, эмоцияга эрк берманг, жанжал чиқиши мумкин. Саломатлигингизни ташқи хавфлардан ҳимоя қилинг. Молиявий масалада ҳам қайғурмасангиз бўлади. Асосийси, пулсиз қолиб кетмайсиз.

    БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)
    20 октябр куни ишингиз билан боғлиқ кўнгилсиз вазиятга тушиб қолишингиз кутилади. Ҳамкасблардан кимдир асабингизга тегиши ва шунинг натижасида жанжал келиб чиқиш эҳтимоли бор. Шахсий ҳаётда шошма-шошарликка йўл қўйманг. Кечқурун ҳар қандай кўринишдаги сафарлардан воз кечинг. Кечқурун оилангиз қуршовида вақт ўтказишингиз кутилади. Шу баҳонада асабларингиз тиниқиб дам олади. Моддий жиҳатдан ҳам кам бўлмайсиз. Кечқурун қўлингизга ёки пластик карточкангизга пул тушиши тайин бўлиб турибди.

    ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)
    Рўзғордаги асосий муаммоларнинг ижобий ҳал бўлиши бугун қариндошлар ва сизнинг орангиздаги муносабатларга янада илиқлик бахш этади. Кун мобайнида оила эҳтиёжлари учун анча-мунча пул сарфлашингизга тўғри келиши мумкин. Бунинг ҳам хосияти кўп. Муҳаббат бобида ўта сабрлилик ва мулойимлик талаб этилади. Жуфтингиз билан муносабатлар ҳадеганда ижобий тарафга ўзгара қолмаса, танаффуслар эълон қилинг. Соғлиғингизни асранг.

    ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)
    20 октябр куни тижоратчилар, тадбиркорларга баъзи масалаларда ҳамкорлар кўмаги зарур бўлади. Агар бирор муаммони ҳал этишга қурбингиз етмаса, бировларга ваъда берманг. Шубҳали лойиҳаларга пул тикманг. Тежамкорликка алоҳида эътибор қаратинг. Оилавий можаролар бугун куннинг иккинчи ярмида муваффақиятли барҳам топади. Мабодо саломатлигингиз панд бера бошлаганини сезсангиз, куннинг қай маҳали бўлишидан қатъи назар врач кўригига шошилинг.

    АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)
    Бугунги кунингиз сизга ўзингиз орзулагандек илиқлик, хотиржамлик ҳадя этади. Қолаверса, қўшимчасига ҳаракат қилиб юборсангиз, кунингиз янада ёрқинлашади. Агар жисман ҳолсизланаётганингизни пайқасангиз, ишдан ҳам эртароқ кетинг. Шамоллаш, грипп аломатлари бўлиши мумкин. Мутахассисга учрашинг. Оиласизлар кечқурун янги танишув, кетидан романтик учрашувга эга чиқадиган бўлиб туришибди. Тўйни тезлатиб қўя қолинг. Юрамизми ўша бахтли кунингизни кутиб.

    ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)
    20 октябр куннинг биринчи ярмида ўзингиз учун жуда қимматли бўлган инсон билан келишмовчиликлар пайдо бўлиши кутилади. Бунга сиз айбдор бўлиб чиқасиз. Ўша инсонни юзингда кўзинг демай танқид остига олишингиз ортиқчалик қилади. Молиявий муаммоларингиз сиз истагандек осон ва ижобий ҳал бўлади. Кечқурун сизни ҳамкасблардан бири меҳмонга чақириши кутилмоқда. Ухлашга ётишдан олдин кечки сайрни унутиб қўйманг.

    ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)
    Тарози буржи остида таваллуд топганлар вақтинчалик мушкулотларга рўбарў бўлишлари мумкин. Бу профессионал касбингиз ҳамда пул билан боғлиқ муаммо. Ўзи қўлингизга келиб тушиши кутилаётган пулдан зинҳор юз ўгирманг. Кечқурун сут маҳсулотлари истеъмол қилишингиз тавсия этилади. Баъзиларни бош ва оёқ оғриғи безовта қилиб ўтиши кутилади. Оғриқлар ҳавонинг ўзгарувчанлиги интиҳоси бўлса керак.

    ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)
    20 октябр куни яқин дўстларингиздан бири билан очиқчасига суҳбат қуришингиз эҳтимоли бор. Сабаби, дўстингиз сизга содиқ эмаслигидан хабар топасиз. Ишхонангизда муҳит илгаригидан ҳам яхшироқ бўлади. Шундай экан, дангасаликка эрк бермай мириқиб ишланг ва пул топинг. Саломатликни ҳозиргидек ажойиб кўринишда сақлаш учун спорт билан шуғулланишингиз лозим. Молиявий жиҳатдан бугун тўсиқларга дуч келмайсиз.

    ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)
    Анчадан бери қўлингизга келиб тушадиган катта пулдан умидвор эдингиз. Бугун ҳам ўша пул сизни кутишга мажбур этадиган кўринади. Бу хаёллардан чалғиш учун касбингиз билан боғлиқ янги лойиҳаларни ўйлаб топинг. Пул сизники, эртами-кечми барибир келади. Бугун тадбиркорлар учун фойдали шартномаларни имзолаш, хизмат сафарига бориш муваффақиятли кечади. Муҳаббатда сокин ва сирли бўлинг.

    ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)
    20 октябрда стресс, асаббузарликларни осонгина четлаб ўтасиз. Ўта сабрли эканингиз яхшиликларлар устига яхшиликларни етаклаб келади. Аммо ҳамкасблар билан муносабатларни яхшилашингиз зарур бўлади. Акс ҳолда ишингизда муаммо туғилиши мумкин. Олис сафарга чиқманг, спортнинг экстремал турлари билан шуғулланманг, жароҳат олишингиз эҳтимоли бор.

    ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)
    Яқин инсонингиз билан ўзгалар қаршисида жанжал қилманг. Бу иккингизга ҳам фақат зиён етказади холос. Башарти сиз айбдор бўлсангиз, ими-жимида кечирим сўранг, олам гулистон. Анчадан бери бошқа ишга ўтмоқчи бўлиб юрибсиз. Лекин ўша лаҳзалар ҳали келмади. Шундай экан, ҳозирги ишингизни дўндириб тура қолинг. Кечқурун ёлғиз қолинг. Келажак режаларини тузинг. Руҳан дам олишга ҳаракат қилинг. Бугун ғийбатчилар ва ҳасадгўй кимсалардан нарироқ бўлинг.

    БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)
    20 октябр куни кайфиятингиз аъло даражада бўлиши кутилмоқда. Киссангиз ҳам пулга тўла бўлади. Демак, ўзингиз учун дам олиш куни эълон қилинг-у, дўкон, бозор айланишга тушинг. Оила учун зарур жиҳозлар сотиб олишда пулни аяманг. Қондошларга атаб совғалар харид қилинг. Тижоратчи бўлсангиз, рақобатчиларнинг қинғир ишларидан эҳтиёт бўлинг.

    Манба: Hordiq.uz