14:38 / 15.11.2017
8 803

Армон бўлган муҳаббат...

Армон бўлган муҳаббат...
Иссиқнинг зўридан хона деразаларини очиб ҳам бўлмайди. Тошпўлат ака бир неча бор кўзойнагини тақиб-ечади. Газетадан бош кўтармай ҳали хом мақолаларни кўздан кечиради. Котиба қиз пахта гулли чойнакда чой келтирганидан сўнг тўзғиган хаёлларини жамлади. Энди чой сузиб ҳўплаётганида телефон қўнғироғи жиринглади.
— Эшитаман!
— Алло, кечирасиз, менга муҳаррир керак эди. Агар шу ерда бўлса, чақириб беринг, — деди гўшак ортидан таниш овоз.
Тошпўлат ака дарров бу овоз соҳибини таниди.
— Қулоғим сизда, Носирбек. Анча бўлди кўришмаганимизга. Қалай, келин, болалар, неваралар соғ-саломат юришибдими?
— Овозимни дарров танийсиз-а? Уйдагилар яхши. Ўзингиздан сўрасак. Бугун шанба бўлса ҳам, ўрнингизни бўшатмай ўтирибсиз.
— Шундай бўлиб қолди. Хўш, нима янгиликлар, курсдош?
— Гап кўп. Эшитинг, душанбада юбилей. Мен сиз учун ҳам…
Тошпўлат ака Носирбек ака нима демоқчилигинини англади. Анлади-ю, курсдошининг гапини бўлиб дейди.
— Чатоқ бўлибди. Бўлмаса мен қатнашмайман, — дегандан сўнг. Носирбек ака гапни бошқа ёққа бурди.
— Мен шуни билганим учун сизга алоҳида хизмат айтаман, энди хафа бўлмайсиз, курсдош қизларни эса хафа қилмаймиз. Хўш маъқулми?
— Шундай бўлсин, — деди кўнгли таскин топгач.
— Унда ёзиб олинг.
— Мана, ҳозир… Айтинг, Носирбек.
Тошпўлат ака гўшакни жойига қўйгандан сўнг талабалик йиллари кўз ўнгидан чархпалакдек айланди. Ҳамон юрагининг туб-тубида яшаб келаётган илк севгилисига бўлган гўзал туйғулари яна бош кўтарди. Ҳар гал Қурбонойни эслаганида гўзал чеҳраси ва узун сочлари кўз олдига келарди. Энди яна бир бор уни кўриш бахти насиб этаётганидан қувониб кетди. Ахир шунча йиллар шуни орзу қилмаганмиди?! Қўлига қаламни олдида миясига қуюлиб келаётган гапларини оқ қоғозга тушира бошлади. Ҳар сафар илк муҳаббатини эслаганида илҳом парилари худди ҳозиргидек учиб келарди. Ёзаверганидан қўллари толиб, томоқлари қуриди. Чарчоқдан эгилган гавдасини кўтармаганида кеч кириб қолганини сезмаган бўлар эди. Тошпўлат ака ўрнидан туриб, дераза ортидан боқди. Ҳар доимгидек ҳайдовчи йигит машинада раҳбарини жимгина кутиб ўтирарди.
— Душанбада бўшсан, Умиджон, — деди Тошпўлат ака машинага жойлашиб ўтириб олгач. — Йигитларга тайинлаб кетаман. Менинг йўқлигимни билдиришмасин. Сен ҳам таҳририятга келиб тур. Машинани ҳайдаб кетаман. Йўл олис, сен буни бир устага кўрсатиб қўйгин, тағин бир ишкали чиқиб юрмасин.
— Хўп бўлади, — деди йигит.
Умиджон бошлиғини уйига ташлаб, изига қайтди.
Бобосининг келганини кўрган неваралари Тошпўлат аканинг қучоғини тўлдирди.
— Фақат қайси неварам мактабда беш олган бўлса шунга совғам бор. Қани, ким кундалигини олиб келади?
Неваралари «Мен-мен» деганча кундаликларини олиб чиққани хоналарига кириб кетишди. Қўлида офтоба билан сочиқ тутган Нозима опа эрига пешвоз чиқди.
— Ассалому алайкум, бобоси, яхши ишлаб келдингизми? Невараларингиз кеч тушиши билан дарвозадан келишингизни пойлайди.
— Тузук. Ўғилларинг уйдами?
— Боққа чиқишган, нимайди?
— Сўрадим-да! Овқатинг тайёр бўлса, сузавер. Биласан, иссиқ овқат емайман. Мен унгача невараларимнинг кундаликларини кўздан кечириб чиқаман.
Тошпўлат ака юз-қўлини ювиб, сочиққа артинди-да, деразадан қараётган невараларининг дарсхонасига кириб кетди.
Кечқурун эр-хотин ёлғиз қолишгач, Тошпўлат ака бугунги янгиликни айтишга оғиз жуфтлади.
— Курсдошим Носирбекни танирдинг-а? Ўша бугун қўнғироқ қилувди. Курсдошлар билан йиғилишиб, ўттиз беш йиллик юбилей қилаётганини айтди. Душанбада кетсам, кечикаман. Шунинг учун эртага тушдан кейин йўлга чиқаман. Сен яхши костюм-шимимни дазмоллаб қўй.
— Ёлғиз ўзингиз борасизми?
— Ҳа.
Нозима опа «Мен ҳам борай. Анча бўлди ўз шаҳримга бормаганимга. Уйдагиларимни жуда соғиндим», демоқчи бўлди-ю, эрининг унамаётганини кўриб жим бўлди. Бироқ юраги негадир ғашдек. Эртаси кун эрини йўлга кузатаётган чоғида ҳам бу ғашлик йўқолмади.
Йўл олис. Тошпўлат ака машинани елдек учириб бораркан, талабалик йилларини эслади. Бу йиллар унинг учун жуда қадрдон. Ҳар сафар Хоразмда айланганида юраги ҳапқириб уради.
* * *
Тошпўлат ака институтга киришга мушарраф бўлди. Талабалик йилларижа севги аталмиш гўзал туйғу унинг юрагини забт этди. Курсдоши Қурбонойга кўнгил қўйди. Бироқ буни айтишга журъат этолмади. Тўртинчи курсга етганда дўсти Носирбек туфайли Тошпўлатнинг ишқий номаси қизнинг қўлига етиб борди. Қизнинг номаси эса йигитга. Аслида, Қурбонойнинг ҳам самарқандлик Тошпўлатда кўнгли бор эди.
Шундан сўнг кўзлар кўзларга, диллар дилларга боғланиб, ширин учрашувлар тайинланди. Икки ёш аҳду паймон қилишди. Қиз олис юртга келин бўлмоқликка рози бўлди, йигит эса қизнинг қўлини тутди. Уларнинг ширин орзу-хаёллари кўклардан-да баландроқда парвоз этарди. Билганлар кун келиб айрилиқ уларни айиради деганларида ишонишмаган бўларди. Бироқ тақдир экан, Қурбонойнинг отаси қўйган шартларга рози бўлмади. Шу шаҳарда қолиб Қурбонойнинг ёри бўлишга ва ичкуёв бўлишга бош эголмади.
Институтни тугатиб, қизил диплом билан қайтган Тошпўлат отасининг юзини ёруғ қилди. Аммо унинг юраги абадий зулмат ичида қолгандек қоп-қоронғу эди.
* * *
Тошпўлат ака Носирбек айтган гапни ёдидан чиқармади. Гул дўконига тўхтаб, бир қучоқ атиргул харид қилди. Дўконда Шерали Жўраевнинг «Биринчи муҳаббатим» қўшиғини эшитиб ва кассетасини сўраб олишни ҳам унутмади. Йўл бўйи манзилга етгунча ўша қўшиқни қайта-қайта тинглаб руҳи ором олди. Айтилган манзилга етиб, машинасини жойлаштиргач, ҳовли ичкарисига кириб борди.
Ҳаммаёқ сув сепиб супурилган, айвонда лўла болишларга ёнбошлаб олган собиқ ўқитувчилар гурунглашиб ўтиришибди. Носирбек ака курсдош дўсти келганини кўриб, югуриб истиқболига чиқди. Қолганлар кетидан эргашишди.
— Хуш келибсиз, оға, — деди Носирбек ака қучоқ очиб кўришаркан бағридан бўшатгиси келмай.
— Раҳмат, хушвақт бўлдик. Сизнинг ишингиз бўлса керак, Нозимбек. Лекин яхши қилибсиз.
— Ўзиям катталар қорни билан семирадими-а? Хафа бўлманг, бу ҳам савлатинг сенинг.
— Биз ҳам кўришайлик, ўртоқ, — деди кимдир Нозимбекнинг елкасини қоқиб.
Собиқ курсдошлар бир-бирлари билан ака-укалардек кўришишаркан, кўзларига ёш ҳам олишди.
— Ассалому алайкум, домлажонлар, — деди Тошпўлат ака айвонда ўтирганларга қараб.
— Ия, ия, бу ўзимизни Тошпўлат-ку. Қани, яқинроқ келинг-чи.
Тошпўлат ака нафақадаги устозларини бир-бир бағрига босиб, ҳол-аҳвол сўради. Устозлари ундан мамнунлигини айтишди.
— Баракалла, ўғлим, мансаблар муборак бўлсин. Кўп савобли ишлар қилганингни эшитдик. Бундан биз жуда фахрланамиз. Шундан буён сени қутлагимиз келади. Отангга раҳмат, ўғлим!
— Раҳмат, домлажон. Бунда сизларнинг ҳам меҳнатларингиз бор. Умрларингиз зиёда бўлсин.
Тошпўлат ака устозлари қаршисида ўзини ўша даврдаги талабадек ҳис қилди. Кўзларидан ўт чақнади. Агар бирор фандан савол беришганда жавоб беришга ҳам тайёр эди.
— Тошпўлат ака, мен айтган нарсани олиб келдингизми? — деди Носирбек ака тиржайиб.
— Нимани? — пайсалга солди Тошпўлат ака энсасини қотириб.
— Олиб келмаган бўлсангиз, айтайлик олиб келишсин.
— Ҳаммаси жойиди. Ҳозир керакми?
— Ҳа, қизлар ҳовуз лабида ўтиришибди.
— Тушундим.
Икковлон машинадан даста гулларни олиб, ҳовуз лабига йўл олишди. Ҳовлининг орқа томонида жойлашган ҳовузни бежирим безаб қўйган хонадон эгаларига тасанно айтмасдан илож йўқ. Булбулларнинг шўх сайроғию, доиранинг дум-думидан Тошпўлат аканинг юраги шу он ўн тўққиз ёшли йигитникидек урарди.
— Ҳормасинлар энди. Қани, Тошпўлат ака, сиз ҳам даврага қўшилинг, — деди Нозимбек собиқ курсдош қизларга қош қоқиб.
Тошпўлат аканинг кўзлари кимнингдир ўтли нигоҳини қидирарди. Ўтирганларга гул тутқазган чоғида ҳам ҳаяжонини босолмади. Ҳамманинг нигоҳи ундадек гўё.
Ҳовли супасига жой қилинган стол-стулларга курсдошлар жойлашишди. Пойтахтдан келган санъаткорлар даврага янада файз киритди.
— Қурбонойга ҳеч нарса демайсанми, дўстим? — деди Нодирбек ака кутилмаганда.
— Қани у? — Тошпўлат ака атрофга кўз югуртирди. — Ҳаммамиз ўзгариб кетганмиз, ҳатто айримларини таниёлмай қолдим. Нима дейсиз, унчалик қаримагандирман-а? Қурбоной ҳамон гўзалдир. Бир кўрсам, армоним йўқ эди. Ахир ўттиз беш йил бўлди кўрмаганимга. Айтинг, қани у?
— Ҳозир ёнингизга келади. тайёрланиб туринг.
— Ие, мана келди ўзлари.
Тошпўлат ака ёнига келиб, саломлашган аёлни дарров таниёлмади. Фақат унинг кўзларигина ўша мафтункор кўзларни эслатди. Нигоҳлар бир зумгина бўлса ҳам тўқнашди. Тошпўлат ака «Мен доим сизнинг хаёлингиз билан яшадим. Узун қора сочларингиз ва жамолингизни юрагимга муҳрладим. Йиллар ўз ҳукмини ўтказибди. Шу ёшимгача ўзимни қари чол сифатида тан олмасдим. Ахир юрагим бир сизни деб севиб урарди. Сизни кўриш, яна дийдорингизга тўйиш нақадар бахт, Қурбоной», дерди хаёлан.
— Катта бобо бўлибсиз. Мана яна учрашдик. Билмадим, яна қачон учрашамиз.
— Бахтлимисиз, Қурбоной, — Тошпўлат ака шу саволни бердию, кейин афсус чекди. «Бекор қилдим. Агар бахтли яшамаган бўлса-чи?! Мени гапларим кўнглига оғир ботса-чи?!» деди ўзига ўзи.

Қурбоной опа ҳам «Ҳозир бахтлиман десам юраги оғрийди, сизни унутолмадим, десам ҳам бўлмайди. Бироқ ўша муҳаббат мени неча бор ўлимдан қутқарди. Сизни кўриш бахтини йиллар кутдим. Ва яна биз учрашдек, Тошпўлат» дерди хаёлан.
Қурбоной опа сумкасидан сар­ғайган қоғозларни олиб авайлабгина Тошпўлат акага узатди. Тошпўлат ака қоғозда битилган сўзларни ўқиркан, аста жилмайиб қўйди. У шунча йил ўзи ёзган ишқий номалар яна қўлига қайтганидан ҳайратда эди.
Нилуфар БЕКМУРОДОВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Армон бўлган муҳаббат...