10:46 / 19.11.2017
6 594

Ёшликнинг ажиб сири...

Ёшликнинг ажиб сири...
Узоқ йиллар олдин бир қишлоқда тўқсон ёшли чол яшарди. Йўқ, уни чол деб бўлмасди. Йигитлардай бардам ва ўктам эди. Уни кўрганлар, таниган-танимаганлар ёш кўринишининг сири нимада эканини сўрарди. Бундай пайтларда бобой майин жилмайиб қўяр, бир сўз демасди. Лекин сўровчилар кўпайиб борар, жавоб бермасликнинг иложи тобора камаярди. Ахийри, отахон бу жумбоқнинг ечимини айтишга қарор қилди.

Бир куни бу сирга қизиқувчиларни меҳмонга чақирди. Бундан хабар топганлар навқирон чолнинг уйига дарёдай оқиб келди. Катта зиёфат ташкил этилди. Таомлар ейилди, шарбатлар ичилди, ширин суҳбатлар қурилди. Бироқ ёшлик сири ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтилмади.

Ўтирганлар ош-нонга эмас, бобойнинг оғзига маҳтал бўлиб турган бир пайтда нуроний отахон куймаланиб юрган кампирини чақириб қолди:
– Онаси, малол келмаса, омборга кириб тарвуз олиб чиққин.

Чоли каби очиқ юзли, фариштали бу кампир қилаётган ишини шу заҳоти ташлади, омборга йўл олди. Зум ўтмай битта тарвуз кўтариб чиқди. Бобой тарвузни чертиб кўрди-да:
– Йўқ, бу тарвузинг бўлмайди, бошқасини опчиқ. Сениям овора қилдим-да, – деди.

Онахон бир оғиз сўз айтмай, яна ортига қайтди. Кейинги тарвуз ҳам бобойга ёқмади:
– Яна овора бўласан-да энди, онаси. Бу тарвуз ҳам ярамайди. Меҳмонларга энг яхшисини сўйиб берайлик, танлаб олиб чиқ, – деди у.

Бу ҳолат яна давом этди. Бешинчи қатновда олиб чиқилган тарвузгина бобойга маъқул тушди. Тарвуз сўйилиб, дастурхонга қўйилди. Йиғилганлар мириқиб тарвузхўрлик қилаётган пайтда отахон сўради:

– Менинг ёшлигим сири мана шунда, билдиларингми, қадрдонлар?
Ҳамма бир-бирига ҳайрон бўлиб қаради. Ҳеч ким ҳеч нарса эшитмади-ку.
– Йўқ, отахон, ҳеч нарса англамадик. Тушунтириброқ гапиринг, – дейишди меҳмонлар.

Бобой кулди:
– Оббо, азаматлар-ей, – деди у, – сезмадиларингми, аёлим ҳар гал бир хил тарвузни олиб чиқди. Омборда биттагина тарвуз бор эди, холос. Мен унга: “Бор, бошқасини олиб чиқ”, деганим заҳоти омборга югурди. Ўша тарвузни қайта-қайта олиб келаверди. Бирор марта: “Эй инсон, ақлингизни еб қўйганмисиз?! Ўзи биттагина тарвуз бўлса, нимага мени югуртираверасиз”, деб норозиланмади. Мени сизнинг олдингизда ўнғайсиз ҳолатга туширмади. Шу пайтгача соғ, бардам ва кенг кўнгилли бўлиб юрганим учун хотинимдан қарздорман. Биз бир-биримизни бошқаларнинг олдида ҳеч қачон қийин вазиятга туширмаймиз. Оила ичидаги ҳеч бир гапни ташқарига чиқармаймиз. Доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, дардимизни бўлишиб, бир-биримизга кўмаклашиб келганмиз. Ўзаро муаммоларимизни бир-биримизга айтамиз, бирга ҳал қиламиз. Яхши-ёмон ҳар қандай ҳолатда бирга бўламиз.

Манба: www.erk.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ёшликнинг ажиб сири...