19:08 / 19.11.2017
15 559

Эркакнинг хотиндан омади келсин

Эркакнинг хотиндан омади келсин
Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Ўз табиатига кўра, уларнинг ҳар бири иккинчисига турли жиҳатдан эҳтиёжли қилиб қўйилган. Шу жумладан аёл ва эркак ҳам ҳар жиҳатдан бир-бирига эҳтиёжлидир. Инсон ёлғизликда ҳаловат ва саодат топмайди. Албатта инсоннинг бахти, жамиятдаги мавқеи ва ҳаётда ўз ўрнини топиши бевосита оиласи билан боғлиқдир.

Эркакнинг жуфти-имтиҳонидир
Ҳуқуқшунос Гулбаҳор Қулматова “Оила мустаҳкамлиги, саодати ва фарзандларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб шаклланишида масъулият кўпроқ аёлга тушади” деган эдилар. Бу фикр кўп томонлама ҳақ экани ҳаётда ўз исботини топган. Аёлга кўп нарса боғлиқ. Оқила аёл оилани гуллаб яшнатадиган, фарзандларнинг бахту камоли учун тиришадиган, эрини эл-юрт олдида иззат-қадрини кўтарадиган севимли рафиқа бўлади. Дарвоқеъ, анча йиллар олдин элга ибратли, зиёли бир хонадонга меҳмон бўлгандим. Суҳбат мобайнида оила бошлиғи “Ҳаётда нимаики топган бўлсам, қандай ютуқ ва муваффақиятларга эришган бўлсам уларнинг ҳаммаси аёлимнинг оқилалиги туфайлидир” дея аёлларининг гўзал сифатларини мамнуният билан эътироф этгандилар. Албатта, отахоннинг эътирофларини мақтов ўрнида кўрмадим. Зотан, 45 йиллик оилавий ҳаёт тажрибасига эга, фарзандлари чиройли тарбия кўрган, айни пайтда хайрли ишларга камарбаста бўлиб элнинг дуосини олаётган пиру бадавлат отахон умр йўлдошининг хизматларини ёшларга бибрат қилишга ҳақли эдилар. Психологлар ҳам эркакнинг омади ва жамиятдаги мавқеига хотинининг таъсири беқиёс эканини таъкидлайдилар.

“Йигит кишининг қандайлигини унинг танлаган қайлиғидан билса бўлади”
Эркак бўлажак умр йўлдошини танлашга жиддий эътибор бериши, уйланишни шунчаки қарс-бадабанг тўй ёки жуфтлик муносабати эмас, залворли масъулият деб билиши керак. Башарти, йигит турмуш ўртоқ танлашда хатоликка йўл қўйса, бутун умри давомида бу янглиш қадамининг товонини тўлашга мажбур бўлади. Бу янглишиш фарзандларининг ҳаётида ҳам салбий таъсирини кўрсатади. Дейлик, йигит умр йўлдошликка танлаган қизининг феъл-атворидаги қаноатсизлик, худбинлик, молпарсатликни камчилик сирасига қўшмай, уйланиб олди. Турмуши давомида етишмовчилик важидан бўладиган уруш-жанжаллару “Сизга тегиб нима кўрдим?!” деган иддаолардан кўз очолмай қолиши тайин. Бора-бора бу жанжаллар одатий тусга киради. Турмушдан ҳаловат ва саодат арийди. Ҳаловатсиз уйдан эса болалар ҳам безиб қолади. Феълида ношукрлик анқиб турган хотин отани болаларга ношуд, нотавон кўрсатади. Оилада ота ва болалар ўртасида рақибона кайфият уйғонади. Уйда ота ўрни, ота мавқеи пастлаб кетади. Бу ҳолат фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши ҳес истисносиз ҳақ гап. Шунинг учун ҳам оила масъулиятини ҳис қилган, келажакда ақлли, бахтли ва доно фарзандларга ота бўлишни истаган йигит бу борада ишни хушфеъл, оқила ва онаси фаросатли, эрни ҳурмат қиладиган, яхши рафиқа, яхши келин, яхши она бўлолган қизни жуфтликка танлашдан бошлайди. Йигитнинг кимлигини танлаган қайлиғига қараб билса бўлади...
Шамсия Элибоева


ҲИКМАТ
Одоб - ахлоқи гўзал, тарбияли, андишали хотин нафақат эри ва оиласининг, балки бутун жамиятнинг бахти ҳисобланади. Хотин тарбиясиз, шаллақи, орият, ғурур, ҳаё ва ибодан узоқ бўлса, жамият фасодга учрайди. Болаларнинг бахти бойланади, эрнинг боши эгилади. Қавм-қариндошлар шармисор бўлади. Айниқса, феълида бузуқлик бор хотин бошга, нафақат бошга, умрга, обрўга, келажакка бало бўлади.
Алишер Навоий


“Хотин танлашда адашма, ўғлим!”
Онам тинмай дадамни ёмонлайверганлари учунми, болалигимдан дадамни ёмон кўриб ўсдим. Дадам бечора эрта тонгдан қош қорайгунча тер тўкиб меҳнат қилардилар. Онамга ёқиш учун, бизни хурсанд қилиш учун ўзларини ҳар ёнга урардилар. Болалигимда дадамга жуда раҳмим келар, уйимизда жанжал бўлмаслигини, ота-онам бошқа ўртоқларимнинг ота-онасидай бир-бирларига меҳрибон бўлишларини астойдил хоҳласам-да, буни ҳеч онамга тушунтиролмасдим. Катта бўлганим сари дадамни тушуниб, онам нотўғри қилаётганини, дадам кўп пул топмасалар-да, рўзғоримизда муҳтожлик йўқлигини тушуниб ета бошладим. Бир-икки марта онамга шуларни айтишга чоғлангандим, бақир-чақир қилиб овозимни ўчириб қўйдилар. Шундан кейин дадам армон билан ҳасрат қилдилар: “Ўғлим, хотин танлашда адашмасликка ҳаракат қил. Оила қуришда масъулиятни тўла англаб етмаган киши худди менга ўхшаб умрини изтиробда ўтказишга мажбур бўлади”... Айни пайтда ёшим йигирма тўққизда. Ҳануз уйланмаганман. Аввало оиламиздаги носоғлом маънавий муҳит, қолаверса, “ҳамма аёллар бир-бирига ўхшайди, уйланадиган қизим ҳам онамга ўхшайдиган бўлса нима қиламан?” деган ҳадикда оила қуришдан чўчийман. Бир томондан оиламиздаги муҳит сабабли қизларга ҳаддан ориқ талабчанлик қиляпманми, деган ўйга ҳам бораман. Билмадим. Нима бўлганда ҳам отамнинг хатосини такрорламаслигим керак. Чунки аёлга, онага кўп нарса боғлиқ эканига ўзим ва жигарларимнинг ҳаётини кўриб бунга иқрор бўлдим...
Баҳодир

***
Кишининг иймондан кейинги, хайрияти ва бахтиёрлиги – дунёда яхши хотинга эга бўлишлигидир.”(Ҳадис)

Молини эмас, зотини сўранг!
Айрим ўғил уйлантираётган ота-оналар, уйланиш ёшидаги йигитлар келинликка танланган қизнинг насл-насаби билан унчалик ҳам қизиқмаяптилар. Уларнинг келин бўлмишга қўядиган асосий талаби: сеп-сидирғанинг бадастирлиги ва ота-онасининг давлати. Яъни келинга насл давомчиси сифатида эмас, ризқ берувчи сифатида қараляпти. Аёлга, инсонга хос фазилатлар билан эмас, мол-дунё билан остонадан қадам қўйган келинчакдан гўзал муомала, меҳр-муҳаббат ва андиша кутиш қайси ақлига сиғади, ҳайронман. Яқинда танишларимизнинг бири ўғил уйлантирди. Тўйга айтилгандик. Бордик. Танишимиз зиёли, кўпни кўрган, жамоатчилик назаридаги инсон. Қудалари ҳам ўзларига муносиб оиладир, деган ўйда эдик. Гап орасида тўйхонадагилар тўрда ойдай нур сочиб турган келинчакка ишора қилиб “Онаси ҳалигидақалардан экан. Араб амирлиги давлатларига қатнар экан. Анча олдин келиннинг отаси билан ажрашиб кетишган экан. Бой-бадавлат бўлгани учун шундай одамлар билан қуда бўлишяпти” деб қолишди. Ҳайратдан ёқамни ушлаб қолдим- ўғил уйлантираётган танишимиз ҳам жуда ўлар жойда қолиб кетган эмасди. Наҳотки пул, мол-дунё учун онаси ҳаром ишлар билан машғул юрадиган қизни келин қилишибди, деб юрган кезларимиз танишимиз фахр билан “Қудағай аёл Дубайда машҳур бойваччалардан бирига турмушга чиққанлар. Келинимизнинг кўзи ёриса чақалоққа зарур ашёларни, бешик тўйининг сарпо-суруқларини Дубайдан олиб келадилар” дея мақтаниб қолди. Нима дейишни ҳам билмай қолдим, тўғриси...
Зулайҳо Ҳамидова


Ҳаёт-мамот масаласи
Оиланинг бахти ва фаровонлиги аёлдан масъулият, қаноат ва фаросат талаб этади. Шунинг учун аввало қиз бола тарбиясига жиддий эътибор бериш керак. Бир куни қўшни аёл билан кўчада гаплашиб қолдик. Ёнида 8-9 ёшлар чамасидаги қизчаси ҳам бор эди. Гап орасида қизча дарахтга осилдимией, панжарага чиқмоқчи бўлдими, хуллас нимадир бўлдию она мурғаккина қизалоққа оғизга олиб бўлмайдиган ҳақорат билан танбеҳ берди. Илон пўст ташлайдиган у ҳақоратдан мен уялиб, ерга кириб кетгулик бўлдим, қизалоқ эса одатий гапни эшитгандай илжайиб тураверди. Она (агар у шундай деб аташга лойиқ бўлса!) суҳбатни қолган еридан гапини давом эттириб кетди. Қулоғимга ҳеч нима кирмасди. Менинг ҳам ўғилларим бор. Бугун-эрта келин тушириш ҳавасидаман. Худо кўрсатмасин, ана шундай оилада, оғзи шалоқ онадан тарбия кўрган қиз тушиб қолсами!.. Йигирма йил давомида онасининг феъл-атворини ўзлаштириб, рафторини ўрганган қизни қайнона, эр қандай тарбиялайди? Шаклланган одамни ўзгартириб бўлмайди. Айтмоқчиманки, келин танлаш, йигитларга жуфти ҳалол танлаш ўта жиддий иш. Бу масалага тўй қилиш, сепли қизни келин қилиш сифатида эмас, ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараганлар ютади...
Замира Акбарова


“Итоаткор ва уддабурро бўлсин...”

Кўпчилик оқила, итоаткор аёл деганда эри нима деса индамай унга бўйсунадиган, “эрим шундай деяптику, демак гапи тўғри-да” деб тафаккур қилишда дангаса аёлларни тушунади. Аммо бу-нотўғри деб ҳисоблайман. Аёл оқила бўлсин, эрига итоатда бўлсин, аммо унинг ўз фикри, кенг дунёқараши алоҳида аҳамиятли. Эркак ҳам инсон, унга қул эмас, ҳаёт йўлида йўлдош, дўст керак! Ўзим ҳали оила қурганимча йўқ. Аммо оилали қариндошларим, таниш-билишларимни кўриб шундай хулосага келдим. Бир танишим пойтахтда ижарада яшайди. Аёли уйда ўтиради, эркак бир ўзи ишлайди. Эркак бир пайтлар ўзига тўқ хонадонда ўсган, катта-катта еб-ичиб ўрганиб қолган. Шунинг учунми топган пулини рўзғорга катта-катта сарфлайди. Баъзан аёли ҳам “пулни эрим топяптику, менга нима? Топганини еб тураверайлик-чи, бошқаси бир гап бўлар” дея ўйласа керак, деган хаёлга бораман. Агар аёл киши оқилалик билан рўзғорбошиликни ўз қўлига олса, яъни итоаткорликни унутмай, оиласи, фарзандларининг эҳтиёжидан ортиғига пул ишлатмай, эрининг топган-тутганини тежаб сарфласа оила тез орада фаровонликка эришади деб ўйлайман. Балки ҳали оила қуриб улгурмаганим учун фикрларим қайсидир жиҳатдан хатодир. Аммо бир нарсани аниқ тушуниб етдимки, эркак кишини аёлдан омади келсин экан. Уйланган аёлидан омади келган эркак бошқа жиҳатлардан ҳам омадга осонлик билан эришади...
Зайниддин Садриддинов


Хулоса
Ислом дини уйланишдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақиради. Чунки бу билан оила пойдевори мустаҳкамланади. Келин танлашга жиддий эътибор билан оила қуришдан кўзланган софлик, бахт-саодат ва хотиржамлик эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда унинг сифатлари ичида диндорлик, аҳли солиҳлик, одоб-ахлоққа биринчи ўринда эътибор берилиши керак. Зотан никоҳ ва оила қуриш умр савдоси. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам умр ўтиши билан сайқалланиб, зиёда бўлиб бораверади. Жуфтига доимо йўлдош ва доимий яхшилик келтирувчи бу сифатларга эга бўлган умр йўлдошни танлаш оила қуришдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бошқа сифатлар эса вақтинчалик ва кибру ҳаво ҳамда ғурурга сабаб бўлиши мумкин сифатлардир.

Эркаклар бошига кўпгина балолар номаъқул аёллар сабабидан келишини тарих тажрибаси далолат қилади. Бунга мисолларни жуда кўплаб учратиш мумкин. Шунинг учун ҳам келин танлашда жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Умида АДИЗОВА

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Эркакнинг хотиндан омади келсин