21:44 / 20.11.2017
32 429

Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Қисқичбақа буржи вакилларини нималар кутмоқда?

Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Қисқичбақа буржи вакилларини нималар кутмоқда?
2018 йил — Ит йили қисқичбақа буржи вакилларини жиддий муаммолардан ҳимоя этишга ваъда беради. Бундан ташқари, 2018 йил февралида сизни бир талай кутилмаган совғалар қарши олиши эҳтимолдан холи эмас.
Март ойи бошида ишхонада раҳбарларнинг қўшимча ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиш билан бирга ўзингиз ҳам бир четда тижоратингизни очишингиз кутилади. Умуман, баҳор фасли профессионал касбингиз доирасида аъло даражада кечади. Фақат эришган муваффақиятларингизни дуч келган одамга дастурхон қилишдан тийилинг.
Май ойида ҳам ишларингиз ўнгидан келишда давом этади. Айримлар молиявий аҳволи жуда яхшилигидан олис ўлкаларга саёҳатга отланишлари ҳам мумкин. Ижодкорлар ишга кўмилади. Миясига янги лойиҳа ва ғоялар шу қадар кўп қуйилиб келадики, гўё дунёдаги барча мукофотлар уларники бўлади.
Шахсий ҳаётингиз ҳам рисоладагидек кечади. Қариндошлар билан орангизда нифоқ кўзга ташланмайди. Баъзи дўстларимизнинг хонадонида чақалоқ дунёга келиши ҳам ҳақиқатга яқин.
Оила қурмаганлар йил давомида ниҳоят ўзи орзу қилган инсонни учратиб танишади. Иш романтик муносабатларгача бориб етиши ҳам мумкин.
Куз фасли қисқичбақа буржи вакиллари учун хайрли кечади деб бўлмайди. Сиз эҳтиётсизлик оқибатидами, шамоллаш, грипп ва яна бир қатор юқумли хасталикларга чалинишингиз эҳтимоли бор. Агар саломатликка алоҳида эътибор қаратсангиз, бу кўнгилсизликлар сизни четлаб ўтиши тайин.
Кузда кўпчилик янги уй сотиб олиши, ёки яшаб турган уйини капитал таъмирдан чиқариши ҳам ҳақиқат. Аёллар, қизлар ташқи кўринишида жиддий ўзгаришлар содир бўлишини хоҳлаб қолишади. Аммо бу ишда меъёрни билинг.
Декабр сиз учун ажойиб ойга айланади. Тижорат кишилари айнан шу ойда рақобатчиларнинг зимдан амалга ошираётган ҳаракатларидан хабар топиб, тез фурсатда бу муаммони ўз фойдаларига ҳал этишади. Баъзи дўстларимиз йил охирига бориб лотереядан катта пул ютиб олишлари, катта меросга эга бўлишлари ёки бошқа турдаги бойликларга эга бўлишлари мумкин. Йил давомида асабийлашишлар, овқатланиш режимига амал қилмаслик, эмоцияни жиловлай олмаслик сизни етти ухлаб тушингизга кирмаган хасталикларга дучор этиши мумкинлигини ҳам эсда тутинг. Ит йили хотиржамлик, аҳиллик рамзи бўлгани боис атрофдагилар билан бекордан-бекорга жанжал қилмаганингиз маъқул. Бу нарса хонадонингиздан баракани учиради.

МУҲАББАТИ

Агар 2018 йилда дуч келганнинг ортидан қолмай, яхши-ёмоннинг фарқига бормай ўзингизча ҳаракатлар содир этсангиз, муҳаббатда умуман омадингиз чопмайди. Олдинда сизни бахтли лаҳзалар кутиб турибди. Бироқ улар томон ақлни ишлатган ҳолда қадам ташлашингиз зарур. Ана шунда оилавий ҳаётингиз ҳавас қилса арзигулик даражага етади. Оиласизлар ҳам тинчини топиб, кўзлаган мақсадига эришади. Баъзилар декабр ойида бахтини топиши мумкин.
Феврал ва март ойларида айримлар муҳаббатини қидириб ўзга шаҳарга боришлари кутилади. Бу сафарингиз албатта муваффақиятли кечади. Лекин бу йўлда ҳам ақл билан, ҳар бир қадамни ўйлаб босишингиз талаб этилади.
Оилалиларни йил давомида бир дунё кутилмаган совғалар кутиб туради. Оилавий бўлиб саёҳатга чиқиш, ажойиб масканларда дам олиб қайтишингиз эҳтимолдан холи эмас. Баъзи дўстларимиз жуфти билан биргаликда ўз тижоратини очиши кутилади. Бу сизга жуда тез орада мўмай даромадлар ҳадя эта бошлайди. Асосийси, аҳилликда, бирдамликда умр кечирсангиз бас. Тақдирнинг барча яхшиликлари сиз билан бирга бўлади иншооллоҳ.

ОИЛАСИ

Оилавий ҳаётингиз 2018 йил бошиданоқ ўтган йилдагига нисбатан янада сокинроқ, ҳашаматлироқ кечиши кутилмоқда. Яқин инсонлар билан ўзаро муносабатларингиз мустаҳкамлана боради.
Шубҳасиз, муаммо ҳар бир оилада бор. Сиз уларни кейинга сурманг-да, ўз вақтида, иссиғида ижобий ҳал этишга ҳаракат қилинг. Ёши улуғ ёки хасталанган қондошлар бўлса, уларга молиявий жиҳатдан кўмак беришингиз оилавий ҳаётингизни янада кўркамлаштиради.
Жуфтингиз билан орангизда мавжуд бўлган рашк, гумонларга барҳам беринг. Куч топа олсангиз, йил давомида унга муҳаббат изҳор этинг. Мукофотини албатта оласиз. 2018 йил давомида болалар тарбияси билан янада жиддийроқ шуғулланинг. Дилдан суҳбатлар қуринг.
Аёл бўлсангиз, оила аъзоларингизни ажойиб пишириқлар билан кўпроқ сийланг. Бу ҳам орадаги муносабатларни, меҳр ришталарини мустаҳкам торттиради.

САЛОМАТЛИГИ

2018 йили кўчага чиқишдан олдин ҳар гал уйдаги термометрга қараб қўйишингиз шарт. Шунга қараб кийимлар кийсангиз, саломатлигингиз хавф остида қолмайди.
Меҳнатсеварлар гоҳи-гоҳида дам олиш ҳақида ҳам унутиб қўймасликлари керак. Гарчи йил бўйи саломатлигингиз масаласида жиддий муаммо кузатилмаса-да, кўпроқ вақтингизни очиқ ҳавода ўтказишингиз, руҳан енгил торттирувчи машқларни бажаришингиз талаб этилади. Организм ва руҳиятни жисмонан зўриқишдан асранг. Бир жойда узоқ вақт ўтириб қолишдан ҳам тийилинг.
Овқатланиш режими ва меъёрлари ҳақида ҳам унутиб қўйманг. Мевалар, сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Улар иммунитетингиз кўтарилишида алоҳида аҳамиятга эга. Газли, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари соғлиқ кушандаси саналади. Улардан узоқ юришингизга тўғри келади.
Балоғат ёшидагилар ўзларини ҳар куни муздек сувда чўмилиш, спортнинг фаол турлари билан шуғулланишга ўргатиб борганлари маъқул.

МАРТАБА ВА МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ

Молиявий масалада 2018 йили баъзи муаммоларга дуч келишингиз мумкин. Бунга биринчи навбатда ўзингиз айбдор бўласиз. Муаммо бўлмаслиги учун ҳозирданоқ тежамкорликка алоҳида эътибор қаратишингиз керак. Ишонинг, агар пулларни ўзингиз тежаб ишлатишга одатланмасангиз, янги йил сизнинг ўрнингизга бу ишни амалга ошириб бера олмайди.
Мартабани оширишда ҳам, қўлингиздан пул узилмаслигида ҳам эътибор, сергаклик ва ақл зарур бўлади. Бу йўлда ёлғонларни аралаштирманг. Жуда дўппи тор келса, қўшимча даромад келтирувчи иш топинг.
2018 йил охирига бориб қарзга ботишингиз, иш бўйича асаббузарликлар, ҳамкасблар билан жанжаллашиб қолишингиз эҳтимоли бор. Нима бўлганда ҳам биз сизга фақат яхшилик тилаймиз. Янги 2018 йилингиз аъло даражада ўтсин!

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Қисқичбақа буржи вакилларини нималар кутмоқда?