12:25 / 25.11.2017
24 457

Кайфиятни кўтаришнинг 10 та синалган усули

Кайфиятни кўтаришнинг 10 та синалган усули
Ҳаммада омадсиз кунлар бўлиб туради. Асосийси — тушкун кайфиятга берилмаслик ва чалғий олиш. "Лайфхакер" шундай дамларда сизга ёрдам бериши мумкин бўлган усуллар билан бўлишди.

1. Тетиклаштирувчи плей-лист

Сизга завқ бағишловчи треклардан иборат плей-лист тузинг. Ҳеч қандай меланхолия бўлмасин: маъюс мусиқа бусиз ҳам кайфияти йўқ инсоннинг дилини хира қилади.

2. Жисмоний фаоллик
Руҳий ва жисмоний соғлиқ ўртасидаги боғлиқликни ёдда тутинг. Америка психология ассоциацияси психотерапия схемасига жисмоний машқларни қўшишни тавсия қилади. Шундай экан, рақсга тушинг, сакранг, енгил машқ қилинг: эндорфинларни ишлаб чиқариш учун ҳар қандай жисмоний фаоллик тури тўғри келади.


3. Дўстга қўнғироқ
Ҳойнаҳой дўстларингиз билан мессенжерлар орқали хабарлашиб турсангиз керак - ўша ерга ёзинг: қўллаб-қувватловчи сўзлар, ҳазиллар ва ажойиб стикерлар вазиятни тўғирлайди. Энг яхшиси - яқинларингизга қўнғироқ қилиб, улар билан учрашиш. Ёқимли ижтимоий муносабатлар бизга янада завқ бағишлайди.

4. Кулиш учун сабаб
Дўстларингиз тезкор амалий ёрдам кўрсата олишмаса, кулги истаб Telegram'га мурожаат қилинг. Бутун интернет мемлари канали - LaQeque'ни варақланг, «Погладь кота» каналида ҳаётий қийин вазиятда қолган мушукларга қаранг ёхуд турли латифа каналларига аъзо бўлинг.


5. Оддий мақсадлар
Ёмон кайфият ва апатия куч-қувват ва ишдаги самарадорликдан маҳрум қилади. Ўзингиздан жаҳлингиз чиқмасин: агар кунингиз оддий ўтса, ўнта мураккаб иш ўрнига уч оддий ишни режалаштиринг. Кичик бўлса-да, мақсадга эришиш ўзингиздан қониқиш ҳосил қилиш ҳиссини қайтаради.

6. Яхши фильм
Катта экранда янги фильмларни кўришга шошилинг ёки уйда мароқли кино кечасини ўтказинг: романтик комедиялар инсоният ва эзгуликка бўлган ишончни қайтаради.

7. Кичик истаклар

Истакларнинг амалга ошиши доим завқ бағишлайди. Ҳозир орзиқиб кутилган саёҳатга бора олмасангиз, бироз кичикроқ кўламдаги, лекин ёқимли ишга қўл уришингиз мумкин бўлса керак. Ўйлаб кўринг, бу нима бўлиши мумкин. Мазали таом, ёқимли ҳордиқ, кутилмаган харидлар - бундай майда "ташвиш"лар ҳам албатта натижа беради.


8. Реал ҳаётга қайтиш
Медитация стресс даражасини пасайтиради ва ҳиссиётларни бошқаради. Кун ёришгунга қадар лотос позасида ўтириш шарт эмас, оғир ўй-хаёллар ва ҳис-туйғулардан чалғишга ёрдам берувчи оддий машқларнинг ўзи етарли.

Масалан, деразадан ташқарига қараб, нималарни кўраётганингизни тасвирланг. Баҳоловчи изоҳларсиз, фақат далиллар. Нечта машина, одамлар ва уйлар? Уларнинг ранги, ўлчамлари ва шакли қандай? Қизил объектлар қанча-ю сариғи қанча?

9. Дам олиш вақти
Ёмон кайфият кўпинча стресс ва чарчоқ натижасидир. Агар бу сизнинг ҳолатингиз бўлса, ўзингизга дам олишга имкон беринг. Телефон ва ишларни бир четга суринг-да, журнал варақланг, сайр қилинг ёки шунчаки мизғиб олинг. Қисқа тайм-аут билан осмон узилиб, ерга тушмайди, лекин куч-қувватни қайта тиклаш ва кайфиятни кўтариш учун айни муддао.


10. Ўзимга раҳмат
Ҳозир ноябрь бўлгани учун ҳеч бир ишга қўл бормаётган бўлса-да, барчаси сиз ўйлагандек ёмон эмаслигини эслатиб турувчи оддий машқ. Ўзингизга ўзингиз раҳмат айтишингиз мумкин бўлган 10 сатрдан иборат рўйхат тузинг. Мазали ва тўйимли нонушта қилдингизми? Жуда яхши! Фойдали мақола ўқидингизми? Ажойиб! Шу тариқа ўн сабаб топишингиз керак.

Ёдингизда бўлсин, узоқ давом этувчи ёмон кайфият депрессия белгиси бўлиши мумкин. Агар ўзингизни бошқаришни уддасидан чиқа олмаётган бўлсангиз, бу психолог ёки психотерапевтга мурожаат қилиш учун сабабдир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Кайфиятни кўтаришнинг 10 та синалган усули