22:41 / 28.11.2017
33 499

Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Балиқ буржи вакилларини нималар кутмоқда?

Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Балиқ буржи вакилларини нималар кутмоқда?
БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)
УМУМИЙ ТАЪРИФ

Агар балиқ буржи вакиллари эски йилда омадини қидириш билан шуғулланган бўлса, 2018 — Ит йилида фаоллик қидириши лозим бўлади. Ит йили меҳнатсеварларни жуда ёқтиради. Қолаверса, сиз фаол бўлмай туриб омадга ҳам эриша олмайсиз.
Феврал ойиданоқ янги йил билан қалин дўст бўлиб олинг ва рақобат майдонига чиқинг. Албатта ғолиб бўласиз.
2018 йили фақат ўзингизга ёққан иш билан шуғулланишга ҳаракат қилинг. Айниқса, касбини севадиганлар кўз кўриб қулоқ эшитмаган ижобий натижаларни қўлга киритиши мумкин. Адабиёт билан боғлиқ касб эгалари, рассомлар ва актёрлар 2018 йил давомида етарлича муваффақиятларга эришишлари кутилмоқда.

Реклама бизнеси билан банд дўстларимиз март ойида омадга эриша бошлашади. Интернет орқали иш қидириб топиш ҳам муваффақиятли кечади. Апрел ва май ойларида қилган меҳнатларингиз роҳатини кўриш пайти етади. Сиз мўмай даромадларни қўлга киритасиз.
Оилалиларга ит йили хиёнатга қўл урмасликни маслаҳат беради. Ундан кўра жуфтингизга меҳр қўйинг, аҳиллик сари интилинг. Бараканинг ўзи сизни излаб келади. Йилнинг биринчи ярмида хўжалик ва ҳуқуқшунослик билан боғлиқ муаммолар аъло даражада ҳал бўлади. Сентябр ойида эса уй таъмири билан шуғулланишингиз тавсия этилади.

Оиласизлар бир вақтнинг ўзида бир неча киши билан ишқий саргузаштларни бошдан кечирмасликлари керак. Бу сизни боши берк кўчага олиб кириб қўяди. Топганингиздан барака кетади. Ҳаётингиз мавҳумлик қаърида қолади. Агар бир инсонга кўнгил бериб тўйгача етсангиз, билингки, сиздан бахтлиси бўлмайди. Бир йил ўтгач, фарзандингизни эркалаб ўтиришингиз кафолатланади.
Декабр ойида меҳнат таътилига чиқиш ҳақида ўйлаб кўрсангиз ҳам ярашади. Таътилни табиат қўйнида ўтказсангиз ҳам зиён қилмайди. Бунинг учун моддий аҳволингиз арзирли ҳолатда бўлади.

2018 йил давомида балиқ буржида таваллуд топганлар кўплаб қизиқарли учрашувларни бошдан кечиришади. Кайфиятингиз йил мобайнида деярли юқори кўрсаткичга эга бўлади. Молиявий муаммолар осон ҳал бўлади. Шунинг учун йирик харидларга ҳам йўл бераверсангиз бўлади.
Ишхонангизда ҳамкасблар ва раҳбарият билан баъзи келишмовчиликлар пайдо бўлиш хавфи бор. Аммо бунга ўзингиз айбдор бўласиз. Оилада ҳам йилнинг иккинчи ярмида жанжаллар, араз, аччиқ-тирсиқлар юзага келиши кутилади. Буларнинг барчаси асабларингизни қақшатиши турган гап. Шунинг учун иложи борича муаммоларни силлиқлик билан ҳал этишга ҳаракат қилинг.
Кекса қариндошлар муаммолари, мерос масаласи ҳам ўз-ўзидан ижобий ҳал бўлмоқчи эмас. Югуриб елишлар талаб этилади. Бундай вазиятларда таниш-билиш ёки яқин дўстлар ёрдамига таянишингиз керак.

МУҲАББАТИ
Оила қурмаганлар февралдан июл ойига қадар ёқимли, романтикага тўла ёрқин учрашувларни бошдан кечириши кутилади. Жуфт танлашда фақат қалбингизга қулоқ тутинг. Бу соҳада атрофдагиларнинг маслаҳатлари сизга иш бермайди. Оилалилар биринчи ярим йилликда жуфти билан жанжалларга дуч келиш эҳтимоли бор. Аммо бу жанжалларни ажрашишгача олиб борманг, кейин армонда қоласиз.
Агар имкон топилса, жуфтингиз билан биргаликда тижоратга қўл урсангиз ҳам бўлади. Оилавий бизнес нафақат ўзаро муносабатларни мустаҳкамлайди, балки мўмай даромад ҳам келтиради. Кўрибсизки, жанжаллашишга ўрин қолмайди.
Кўпчилик оила қурмаганлар бўлғуси жуфтини турли мақсадларда ташкил этилган сафарлар давомида учратиб танишишлари кутилмоқда.

ОИЛАСИ
2018 йили оилавий ҳаётингизни еттинчи осмонларга олиб чиқиш, рўзғорни бутлаб қўйиш ва муносабатларни қайноқ ҳолатга келтириш сизнинг қўлингизда. Фақат хоҳиш бўлса бас. Эркакмисиз, аёлмисиз, садоқат деб аталган буюк туйғуни ҳурматланг, хиёнатга ҳатто хаёлан ҳам қўл урманг. Хиёнатнинг охири ҳамиша тубсиз жарликдан иборатлигини унутманг.
Қавм-қариндошлар билан орадаги меҳр-оқибатларни янада мустаҳкамлаш ҳам янги йил талабларидан биридир. Хасталанган қавмлардан хабар олинг, уларнинг кўнглини кўтаринг. Керак бўлса, моддий кўмак беринг. Бунинг савобига ҳеч нарса тенглаша олмайди.
Кўпчилик йил охирида фарзанд кўриши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу ҳам оилавий муносабатларни мустаҳкамлайди иншооллоҳ.
Башарти йил давомида жуфтингиз билан орангизда жанжаллар келиб чиқса, биринчи бўлиб ярашиш учун ўзингиз қўл чўзинг, камайиб қолмайсиз.

САЛОМАТЛИГИ
2018 йили биринчи навбатда кечалари тўйиб ухлашга алоҳида эътибор қаратинг. Иккинчи ўринда эса парҳез масаласи туради. Иккаласи ҳам саломатлигингизга жиддий таъсир этади. Зарарли одатларингиз бўлса, йил бошидаёқ улардан воз кечинг.
2018 йили турли инфекциялар, шамоллаш, ҳатто депрессиядан ҳам қўрқмасангиз бўлади. Агар организмни чиниқтириш машқларига берилсангиз, овқатланиш режимини бузмасангиз, спорт билан мунтазам шуғуллансангиз, у каби хасталиклар сизни керак бўлса минг километр наридан айланиб ўтади. Улар соғлом организмга яқин келишга қўрқади. Шу ўринда организмни ҳаддан зиёд жисмонан зўриқтиришдан ҳам сақланинг. Медитация, йога, нафас машқларини канда қилманг.
Сурункали хасталикка йўлиққанларнинг касали йил давомида бир неча маротаба қайталаниши мумкин. Шу сабабли доимо врач назоратида бўлинг. Дориларни вақтида ичинг.

МАРТАБА ВА МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ
2018 йили мартаба масаласида қўрқмасангиз ҳам бўлади. Ишхонангизда раҳбарлар эътиборидасиз, ҳамкасблар сизга ҳурмат билан ёндашишади. Молиявий аҳволингиз ҳам йил бўйи сизни қийноққа солмайди. Ҳаракатингизга яраша пул топасиз, тирикчилик қиласиз.
Тўғри, харажатлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу барчага маълум. Пул бўлган ерда харажат ҳам бўлади-да! Унда нега пул топамиз. Фақат харажатларни тежамкорликни унутмаган тарзда амалга ошириш лозим холос. Зўр келса қўшимча даромад келтирувчи иш топинг, олам гулистон.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мунажжимлар башорати: 2018 йилда Балиқ буржи вакилларини нималар кутмоқда?