Мунажжимлар башорати: 6 декабр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?

  • Ҳаёт тарзи
  • 5-12-2017, 22:10
  • 1 386
  • Мунажжимлар башорати: 6 декабр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қилмоқда?
    ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)
    Бугунги кунингиз турли ташвишлар, хавотирлардан иборат бўлиши мумкин. Агар эндигина меҳнат таътилидан қайтган бўлсангиз, бу жараёнга кўника олмай анча қийналишингиз тайин. Ўтган ойда якунланмай қолиб кетган ишларни ҳам бугун ниҳоясига етказмасангиз бўлмайди. Молиявий муаммоларни ҳал этишда жиддий тўсиқлар кўндаланг бўлиши кутилади. Кечқурун оилавий байрам уюштириш ниятингиз бўлса, бу амални бошқа кунга қолдира туринг. Соғлиғингизни асранг.

    БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)
    6 декабр куни руҳиятингиз билан боғлиқ муаммолар кўзга ташланади. Бунда ўзингизнинг айбингиз кўпроқ. Жуфтингизга нисбатан қўпол муносабатингиз, табиатингиздаги инжиқлик ва тажанглик руҳиятингизга зиён етказиши аниқ эди. Энди бу ҳолатдан чиқиб кетиш усулларини қидиришингиз лозим. Йирик харидларга асло эрк берманг, кечқурун қарзга ботишингиз мумкин. Соғлиққа ҳам беэътибор бўлманг.

    ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)
    6 декабрда қизлар, жувонлар ташқи кўринишларига алоҳида эътибор қарата бошлашади. Айниқса, оила қуришга улгурмаганлар севганига ёқиш учун ташқи кўринишига зеб беришнинг турли кўчаларига кириб чиқиши мумкин. Эсда тутинг, биринчи навбатда ички дунёнгизни безанг, ана шунда сиздан бахтлиси бўлмайди. Ишхонада ҳам ишлар сиз кутганчалик бароридан кела қолмаслиги мумкин. Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи деганлари шу бўлса керак-да.

    ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)
    Кун давомида иш бажариш, муаммони ижобий ҳал этиш масаласида енгил-елпи усулларга дуч келмайсиз. Қийинчиликлар билан иш бажаришингизга тўғри келади. Аммо жиддий муаммо ҳам кўзга ташланмайди. Уй юмушлари билан банд бўлишни хоҳлаганлар учун 6 декабр жуда хайрли ва унумли кечади. Молиявий жиҳатдан бугун тўкинсиз. Демак, кечки пайт дўкон айланиб, ёқимли харидларни амалга оширишингиз мумкин. Жуфтингиз билан жанжаллашиб қолишдан сақланинг.

    АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)
    6 декабр куни тадбиркорлар анчадан бери миясида пишитиб келган янги ғояларни ҳақиқатга айлантириш пайига тушишади. Бу бизнесда кўз кўриб қулоқ эшитмаган ўзгаришлар ясаш билан боғлиқ. Лекин тадбиркорликни энди бошлаган бўлсангиз, бу ғояни нари суриб туринг. Шахсий ҳаётда эҳтиросга эмас, тафаккурга суянинг. Қалб амрига бўйсунган ҳолда ҳаракатлар содир этинг. Асабларни асранг.

    ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)
    Янги ишга қўл урган бўлсангиз, кузатувчанликни қўлдан берманг. Раҳбарият бу ишингизни зимдан кузатиб, ирода кучингизни назоратдан ўтказаётган бўлиши ҳам мумкин. Яқиндагина никоҳдан ўтган келин-куёвлар учун бардош бугун жуда зарур бўлади. Бир-бирингизни тўлиқ тушуниб олишингиз, бир-бирингизга мослашишингиз учун бардош, вақт керак бўлади. Кечқурун айримлар хизмат сафарига отланиши кутилади. Бу сафар сизга бир олам аъло кайфият ҳадя этади.

    ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)
    6 декабрда биринчи навбатда жисмоний ҳолатингизга эътибор қаратинг. Организмни жисмоний зўриқишга мажбур этманг. Кунингизни иложи борича хотиржам ўтказишга ҳаракат қилинг. Ташқарида қарама-қарши жинс вакил ва вакилалари билан дон олишишдан сақланинг. Юзингиз шувут бўлгани қолади. Неки ишга қўл урманг, тажрибангиздан келиб чиқинг.

    ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)
    Кунингиз ўта фаоллик талаб этади. Шунинг учун эҳтиёткорлик билан иш тутинг. Керак бўлса, қариндошлардан кўмак сўранг, бунинг сира уяти йўқ. Жуфтингиз билан жанжаллашмасликка, зарур бўлганда ён беришга урининг. Асосийси, орангизда илиқ муносабатлар сақланиб қолсин. Қолган муаммолар ўз-ўзидан барҳам топаверади. Бир ишга қўл уришдан олдин яхшилаб ўйлаб олинг.

    ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)
    6 декабр куни тижорат билан шуғулланадиганлар рақобатчиларнинг кўмагига муҳтож бўлишади. Буниси энди сира каллага келмайдиган ҳолат. Аммо барчани ҳайратга солиб сиз ўша рақобатчиларни яқиндан кўмак беришга кўндирасиз. Демак, тижорат соҳасида сиздан ақллиси, айёри йўқ экан-да, қойил! Молия масаласида тежамкорлик ва тартиб. Шунинг ўзи сизга қўшимча даромадлар келишини таъминлайди. Кечқурун танишлардан бири ҳақида кўнгилсиз хабар эшитишингиз кутилади.

    ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)
    Бугун фақат ўзингизга тааллуқли ишлар билан банд бўлинг. Ишнинг ҳам энг зарурини танланг. Тадбиркор бўлсангиз, тушдан кейин хориж компанияларидан бирига тегишли одамлар билан танишиб қолишингиз эҳтимоли бор. Агар янги, фойдали лойиҳаларни ўйлаб топган бўлсангиз, вақтни ҳам, пулни ҳам аяманг, таваккал қилинг. Бугун оиласизларга муҳаббат бобида омад кулиб боқмайди. Бу умидни бошқа кунга қолдиринг.

    ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)
    6 декабрда сиздан профессионализм, ирода кучи, саломатлик ва бардош талаб этилади. Шу хусусиятлар кўмагида тоғни урсангиз толқон қилар даражадаги чексиз имкониятларга эга бўласиз. Жуфтингиз билан яқин орада жанжаллашган бўлсангиз, бугун биринчи бўлиб ўзингиз олдинга қадам ташланг ва узр сўрашга уялманг. Шамоллашдан, грипп юқтиришдан сақланинг. Агар юқтириб улгурган бўлсангиз, врач кўригига чопинг.

    БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)
    Жуфтингиз билан эрта тонгданоқ келишмовчиликлар юзага келиши кутилмоқда. У қалбингизни тушунишга сира интилмаяптими? Яна бир бор гаплашиб кўришга ҳаракат қилинг. Бугун тижоратчилар, сиёсатчилар ва ҳуқуқшуносларнинг куни туғади. Кун давомида қалбингизгагина қулоқ тутган ҳолда иш тутинг. Шунда жиддий, кечирилмас хатоликларга йўл қўймайсиз.

    Манба: Hordiq.uz