12:22 / 06.12.2017
9 210

Биз қачондан бери никоҳсиз йигит-қизнинг учрашувларига йўл бера бошладик?

Биз қачондан бери никоҳсиз йигит-қизнинг учрашувларига йўл бера бошладик?
Тўй – халқимизнинг эзгу анъаналарини ўзида мужассам этган қадим қадрият. Кексалар учун орзу-ҳавас бекати, ёшлар учун янги ҳаёт, янги олам остонаси. Афсуски, кейинги пайтларда ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида дабдаба билан тўй қилиш ҳолатлари пайдо бўлмоқда-ки, бу халқимизга хос гўзал қадриятларга мутлақо ётдир.

Халқимизда ўзингга ярашмаган ишни қилма, деган ибора бор. Албатта, ўзига ярашмаган ишни қилган одам уятга, маломатга қолади. Айни пайтда тўйларимизда урфга айланиб улгурган «оммавий маданият” кўринишидаги икки ёш ҳақида «фильм”, келин-куёвнинг вальсга тушиши, гул отиш, яна аллақандай қилиқлар миллий қадриятларимизга ёт, ўзлигимизга ярашмайдиган бемаъни хатти-ҳаракатлар, холос. Биз қачондан бери никоҳсиз йигит-қизнинг учрашувларига, қўл ушлашиб сайру саёҳат қилишига йўл бера бошладик? «Съёмка” жараёнида видеокамера келин-куёвнинг хобхонасигача кириб бориши шармсизлик эмасми?!

…Тўйхонада чироқ бир ўчиб ёнди. Саҳнага кўз ташласам, оппоқ қўлқопли куёв келиннинг белидан қучганча рақс тушмоқда. Дастурхон атрофидаги ёши улуғ инсонларга разм соламан. Худди ўзларидан уялгандай хижолат чекиб ўтиришибди. Ёнимдаги кишига бу ҳолат ҳақида айтсам, хотиржам кулиб: «бу ҳам тараққиёт» деди. Тараққиёт қадриятларимизни оёқости қилиш эвазига бўладими?! Маиший-маданий турмушимизга ёт иллатларни киритиш тараққиётни белгилайдими?! Тўйдан олдинги «Севги ҳикояси”чи?! Бу видеотомошага киритилаётган «янгиликлар”ни кўриб бир кулгинг келса, бир йиғлагинг келади кишининг.

Келин-куёвнинг илк учрашув жараёни тасвири кўрсатилмоқда. Қиз кутубхонада қалин муқовали китобни мутолаа қилмоқчи. Китоб жавонлари орасидан бир йигит унга тикилиб тургани бирдан хаёлини бўлади келиннинг. Тўғри, учрашув китоб тарғиботи билан бошлангани яхши. Зеро, маънавий яқинликкина икки ёш қураётган оила пойдеворини мустаҳкамлайди. Аммо бўлажак келин ҳақиқатан ҳам китобхонми ёки умрида биринчи марта бадиий китоб ушламоқдами? Ҳақиқий китобхон бўлса, унинг дунёсида «оммавий маданият” иллатлари нима қилиб юрибди?!

Манба: Upl.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Биз қачондан бери никоҳсиз йигит-қизнинг учрашувларига йўл бера бошладик?