23:24 / 11.01.2018
10 335

"Эркаклар сотиладиган дўкон..."

"Эркаклар сотиладиган дўкон..."
Шаҳарларнинг бирида ажабтовур дўкон очилди. Ундан аёллар ўзига ёққан эрни танлаши ва сотиб олиши мумкин эди. Дўконга кираверишда қуйидаги билдирув илинганди:

1. Бу ерга фақат бир марта киришингиз мумкин!

2. Дўкон 6 қаватдан иборат. Эркакларнинг сифат кўрсаткичи қаватлароша ортиб боради.

3. Сиз ҳар қандай эркакни бинонинг исталган қаватидан танлаб олишингиз ёки юқорига кўтарилишингиз мумкин.

4. Пастки қаватга қайта тушиш тақиқланади!

Бир аёл ўзига муносиб умр йўлдоши топиш илинжида мазкур дўконга кирди. Биринчи қаватдаги: “Ишлайдиган эркаклар” ёзувини ўқигач, дарҳол иккинчисига кўтарилди.

Иккинчи қаватда қуйидаги ёзув бор эди: “Ишлайдиган ва болаларни ёқтирадиган эркаклар”. Аёл учинчи қаватга йўл олди.

Учинчисида ушбу сўзлар ёзилганди: “Ишлайдиган, болаларни ёқтирадиган ва ўзгача чиройли эркаклар”. Аёл “Ўҳҳў, зўрку!” деди-ю, аммо барибир тўртинчи қаватга кўтарилгиси келди.

Тўртинчи қаватдаги билдирув бироз узун эди: “Ишлайдиган, болаларни ёқтирадиган, кўзни қамаштирадиган даражада кўркам ва уй юмушларига ёрдамлашадиган эркаклар”. Аёл беихтиёр хитоб қилиб юборди: “Йўқ, ақл бовар қилмайди! Наҳотки шундай бўлса?! Бундан ортиғи менга керакмас!” Лекин, шундай бўлса-да, навбатдаги қаватга чиқиш истаги устун келди.

Бешинчи қаватдаги эълон ақлни шоширарди: “Ишлайдиган, болаларни ёқтирадиган, кўзни қамаштирадиган даражада кўркам, уй юмушларига қарашадиган ва романтик эркаклар”. Аёлнинг бу қаватда жуда-жуда қолгиси ва ўзига жуфт танлагиси келди. Бироқ кўнгил истагига қулоқ тутмай, сўнгги қаватга чиқишга жазм қилди.

Олтинчи қаватда у қуйидаги ёзувга кўзи тушди: “Сиз бу қаватга ташриф буюрган 31 456 012-чи харидорсиз. Бу ерда эркаклар йўқ. Аёлларнинг инжиқликларини чек-чегараси йўқлигини яна бир исботлаш учун мазкур қават барпо қилинган, холос. Дўконимизга келганингиз учун миннатдорлик изҳор этамиз!”.
Ҳ. Тоҳиров тайёрлади.

Манба: Fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Эркаклар сотиладиган дўкон..."