Она ва "меҳрибон она" бўлиш ўртасида фарқ бор

  • Ҳаёт тарзи
  • 12-01-2018, 10:40
  • 307
  • Она ва "меҳрибон она" бўлиш ўртасида фарқ бор
    Бир неча йиллардан бери касбим тақозоси туфайли кўп оиланинг тақдири билан боғлиқ ҳикояларга гувоҳ бўляпман. Кузатишларим натижасида шунга амин бўлдимки, аксариятимизнинг кўнгил жароҳатимиз – меҳр-муҳаббатга эҳтиёжманд­ли­гимизда. “Хоним афанди, кап-катта аёлга айландим, она бўлдим. Лекин ортда қолган умримга қараб, онамнинг меҳрига қонган кунларимни эслаёлмайман. Онам мени яхши кўришини, оналик севгисини ҳис қилмаганман. Болаларимга ҳам муҳаббатимни очиқ кўрсатолмайман.

    Чунки мен она меҳрини кўрмай ўсганман”, деб йиғлаган аёлларни кўрдим. Бундай оғир дард жароҳатини аниқ-тиниқ кўриш мен учун ҳам оғир. Шунинг учун ҳар доим ўзимиз меҳр-муҳаббат кўрмаган бўлсак-да, фарзандларимизни муҳаббатдан бебаҳра ўстирмайлик, улар севгимизни ҳис қилиб улғайсинлар, дейман. Дилбандларимиз билан бирга ўйнаб, меҳримизни кўрсатайлик. Ухлаб ётганларида ҳам уйғоқлигида ҳам ўпиб-суйиб, бағримизга босиб эркалайлик.

    Дастурхонда ўтирганимизда: “Буни сен учун пиширдим, ош бўлсин, болам”, дея ҳимматимизни намойиш этайлик. Ҳар бир қарашимиз, ҳар бир сўзимиздан дилбандимиз ОНА МЕҲРИни ҳис этиб турсин. Чунки ҳар доим таъкидлаганимдек, она бўлиш билан МЕҲРИБОН ОНА бўлиш орасида еру осмонча фарқ бор...

    БОЛАГА БАҚИРИШ КЕРАКМИ?

    Бир дугонам хабар ёзиб жўнатибди: “Сиз ҳақиқатдан ҳам болаларингизга бақирмайсизми?”
    Унга жавоб ёздим ва бу барча оналарни қизиқтиргани учун бу ерга ҳам ёзиб қолдирай, дедим. Болаларимизга нима учун бақириб бўлмаслигини “Бақирмаган оналар” китобимда тушунтиришга ҳаракат қилганман. Бир-икки оғиз жумла билан изоҳланадиган мавзу эмас, бу. Аммо асосийси ўзингизга ёқмаган муносабатни болангизга ҳам қилманг! Ўзингиз эшитганингизда кўнглингизни вайрон қиладиган сўзни дилбандингизга ҳам айтманг!

    Агар болалигингизни эслаганингизда: “Онам менга бир бақирардики, кўнглим кўтариларди! Арзимаган нарсага аямай дўппосларди, мазза қилардим! Эҳ-ҳ, мени урган қўллари дард кўрмасин!” десангиз, болангизга бақириб, уриб, сўкинг, қарғанг! Агар болалик пайтингизда ота-онангизнинг дағал муомаласи ёқмаган бўлса, билингки, болангизга ҳам бақир-чақир, калтагу қарғишлар ёқмайди! “Йўқ, мен боламга бақирмасам бўлмайди-да”, десангиз, у майдончада ўйнаётганида: “Қани, уйга кир, сени жуда соғиндим, китоб ўқиймиз!” деб ҳайқиринг...

    “Ошхонага кир, яхши кўрган овқатингни пиширдим!” деб бақиринг?.. “Болажоним, Аллоҳ берган неъматим! Сени жуда яхши кўраман! Сени берган Роббимга шукр­лар бўлсин!!!” деб ҳайқиринг! Лекин зинҳор, “аҳмоқ”, “ақлсиз”, “эшшак”, “жонимга тегдинг!” дея кўрманг! Шундай десангиз болангизга жабр қиласиз ва кексайганингизда бир жафоингиз минг жабр бўлиб ўзингизга қайтади.

    Хадийжа Кубро Тонгар. Туркиялик психолог
    Умида Адизова таржима қилди

    Манба: Erk.uz