«Тоза асал"ни бозор расталаридан топиш мумкинми?

  • Ҳаёт тарзи
  • 17-01-2018, 14:04
  • 792
  • «Тоза асал"ни бозор расталаридан топиш мумкинми?
    — «Ҳозир тоза асал йўқ», деган гапларни кўп эшитаман. Аммо савдо расталарида «Тоза асал» деган ёзувли маҳсулотлар турибди. Айтинг-чи, бозорда сотиладиган асалнинг ҳам ҳақиқий ёки сохталиги аниқланадими? Бу борада қонунчилигимизда бирор меъёрий ҳужжат қабул қилинганми?
    … 89-51 абоненти

    — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат санитария Бош бошқармасининг 2008 йил 11 апрелдаги 72-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Асални ветеринария лабораторияларида ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш қоидалари»га мувофиқ асал махсус экспертизадан ўтказилгачгина савдо расталарига чиқарилиши керак.

    Экспертизага қабул қилинаётган асал эгасида ветеринария маълумотномаси ёки ветеринария гувоҳномалари ва асалариларнинг ветеринария-санитария паспортлари бўлиши шарт. Қолаверса, савдо растасига чиқадиган асални ташиш ва сақлашда ишлатиладиган идишлар санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган бўлиши лозим. Шунингдек, бозорларда махсус кийимга эга бўлган (енг, фартук, дурра ёки қалпоқ) ва савдо қилиш санитария қоидаларига риоя қилувчи, асални ветеринария жиҳатидан истеъмолга яроқлилигини кафолатловчи ветеринария-санитария экспертизаси хулосасини олган шахслар сотишлари мумкин. Бундан ташқари, идишларда асални ветеринария-санитария экспертизаси ўтказилганини кўрсатувчи белги:

    * истеъмолга яроқли асаллар учун оқ рангли;
    * диастазаси 5 дан паст ва сирачли асаллар учун кўк рангли ёрлиқлар қўйилади.

    Асалда қуйидагилар аниқланганда истеъмолга яроқсиз ҳисобланади:
    * идиш талабларга мос келмаганда;
    * органолептик камчиликлар аниқланганда;
    * намлиги 21 фоиздан ортиқлиги аниқланганда;
    * ачиганда;
    * механик ифлосланганда;
    * 50°С дан юқори ҳароратда эритилганда;
    * заҳарлилиги аниқланганда;
    * радиоктивлиги аниқланганда;
    * асалариларда юқумли касаллик қўзғатувчилар аниқланганда;
    * қалбакилаштирилганда.

    Шу боис асал харид қилишдан олдин унинг ветеринария-санитария экспертизасидан ўтган-ўтмагани ҳақида сўрашингиз мақсадга мувофиқ.

    Манба: Hordiq.uz

    Яндекс.Метрика