Ҳар машаққат ортида…

  • Ҳаёт тарзи
  • 20-01-2018, 19:06
  • 468
  • Ҳар машаққат ортида…
    Ёшлигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Шунинг учун ҳам гимназияни битиргач, университетнинг филология факультетига ҳужжат топширдим. Лекин киролмадим. Бу менга катта зарба бўлди. Устозларим ҳам, ўзим ҳам ўқишга кириб кетишимга ишонган эдик…

    Аммо ортга чекинмадим. Шундай хулоса қилдим: «Бу ютуққа эриша олмадимми, демак, олдинда бундан ҳам яхши ва хайрлироқ натижа кутиб турибди». Шу ишонч билан яна ўқишга тайёргарлик кўра бошладим. Ота-онам ислом университетида ўқишимни хоҳлашларини айтишди. Бу сафар ҳужжатларимни шу олийгоҳга топширдим. Бироқ яна йиқилдим…

    Орадан бир йил ўтди, имтиҳонлар бошланди. Оғзаки имтиҳон олдидан қаттиқ ҳаяжонда эдим. Шеригим билан сумка ва китобларимизни ҳозиргина имтиҳондан чиққан бир қизга бериб кириб кетдик. Натижалар эса мен кутгандек бўлмади. Университетга киролмаслигимга аниқ ишона бошладим. Аксига олиб, нарсаларимизни бериб кетган қизни ҳам тополмадик. Шунчалик тушкун ҳолатда эдимки, ортиқ бу ерда қолишни хоҳламасдим. Ўша заҳотиёқ Андижонга жўнар эканман, тест синовларига келмасликка қарор қилдим.

    Августга бир кун қолганида дадам буюмларимни олиб келиш баҳонаси билан мени Тошкентга олиб келдилар. Излаган қизларимизни топиб, буюмларни олиб қайтамиз, деб турганимда, дадам шунчаки бўлса ҳам тест синовларига кириб чиқ, дедилар. Раъйларини қайтаролмадим, Аллоҳга таваккал қилиб, имтиҳонга кириб кетдим. Буни қарангки, саволлар китобчасида мен жавобини биладиган саволлар турар эди…

    Аллоҳга беадад шукр, бугун Тошкент ислом университети талабасиман. Катта орзуларимнинг кичик рўёбларини бир-бир кўряпман.

    Азиз замондош, сиз ҳам шуни унутмангки, бирор қийинчиликка дуч келдингизми, демак, сизни олдинда енгилликлар, яхшиликлар кутмоқда. Бунга чин ихлос билан ишонинг. Зотан, бу менинг хулосам эмас, Қуръони каримдаги ваъда ­
    (Шарҳ, 5-6).­ Аллоҳ таолонинг ваъдаси эса ҳамиша ҳақдир!
    Гуласал Қурбонова

    Манба: mulohaza.uz

    Яндекс.Метрика