Уч инсонни бахтсиз қилган тўй...

  • Ҳаёт тарзи
  • 21-01-2018, 07:06
  • 1 225
  • Уч инсонни бахтсиз қилган тўй...
    Янги йил арафаси бўлгани учунми, тамаддихонада одам гавжум. Митти арчаларда ял-ял ёнаётган ўйинчоқларга одамлар ўзгача завқ билан қараб қўйишар, сўнг нигоҳларини учиб-учиб ёғаётган қор парчаларига буришарди. Атроф байрам шукуҳига тўлган, кўзларда эса шодлик. Ёрқин чироқлар ёғдуси бир гуруҳ қизларнинг ҳам кўзини қамаштирар, улар байрам олди йиғилишганидан шод эди.

    — Ие, бу Нилуфар-ку! — деди бирдан ҳаммани ўзига қаратиб, боядан бери жағитинмасдан гапирлаётган Зайнаб. У ойнанинг нариги тарафида тўхтаган машина ва ундан тушган танишига анграйиб қолганди.

    — Қайси Нилуфар?

    — Вой, анави қизми, эгнидаги пальто, жуда қиммат!

    — Машинасига ҳам гап йўқ!

    — Зайнаб, сен бу қизни танийсанми?!

    Зайнаб дугоналарининг ичини куйдириш мақсадида бироз маъноли сукут сақлади. Бироқ айни дам уни бу кичик, оддий одамлар яшайдиган кўчада тентираб юрган Нилуфар қизиқтирарди. Зайнаб Нилуфарни гарчи фақат холасининг қизи орқалигина таниса-да, ҳозир худди яқин дугонасини кўриб қолгандай ҳайратга тушганди.

    — Ҳ-ҳа бир дугонам, — деди Зайнаб ўзини бепарво кўрсатишга уриниб.

    Кўчада эса Нилуфар аллақандай хароба устахона томон одимлаётган эди.

    — Чиндан-а?!

    — Эҳ, билмайсизлар-да, тўйигача у билан жуда қалин дугона эдик, — деди Зайнаб ёлғон ишлатгани учун кўзларини олиб қочишга уриниб, шарбатдан ичаркан.

    — Тўйигача? У турмуш қурганми? — деди қизлардан бири.

    — Ҳа, — Зайнаб нигоҳи ила Нилуфарни устахона ичкарисигача кузатиб қўйди-да, дугоналарига иштиёқ билан юзланди. — Тасаввур қилинглар, а, тўйнинг дабдабаси ўшанда бутун шаҳарга овоза бўлган эди. Умрим давомида бундан-да ажойиб, бундан-да оғизга тушадиган тўй кўрган эмасман!

    Зайнаб анчадан буён кўрмаган дугоналарига оғзини тўлдириб эртакона ҳикоя сўзлай бошлади. Умуман олганда, қизнинг гаплари рост эди, фақат унда чақирилмаган меҳмон сифатида қатнашганини, холасининг қизи уни ҳам олиб кетишга минг ялиниб-ёлворишлардан кейингина кўнганини айтмаганда.

    — Вой-бў! — деди қизлар орасидаги энсаси қотиб ўтиргани бурнини жийириб. — Гапни ҳам оласан-да. Бу тўй бутун шаҳарга овоза бўлган эмиш, хўш, нега унда мен эшитмаганман сен айтаётган ўша дабдабали тўй ҳақида?

    — Табиий! — деди Зайнаб ҳам бўш келмай киноя билан. — Ахир мен бадавлат одамларнинг тўйи ҳақида гапиряпман. Сен ундай давраларни қаердан ҳам билардинг ва улар тўғрисидаги бу каби янгиликларни қандай эшитардинг? Азизам, кулдирмасанг-чи бизни.

    Ўн саккиз ёшлар чамасидаги бир гала қиз унча қиммат бўлмаган тамаддихонада овқатланишар, аммо ўзларини гўё олийнасаб хонимлардек тутишарди. Ҳа, уларнинг ҳали орзу ва умид сўнмаган кўзлари порлаб, Зайнабнинг гаплари таъсирида хаёллар оғушига чўмишган эди гўё…
    * * *
    Ёзнинг илк ойи. Одатдаги тўйлардан фарқли равишда безатилган катта боғ ниҳоятда саришта. Атрофга келиннинг кўйлаги мисол оппоқ мато ва янги очилган гуллардан безаклар ўрнатилган, сунъий ҳовуз учун росмана оққушлар ҳам олиб келтирилганди. Дастурхон шу қадар мукаммал ёзилганки, унда бирорта ортиқча ҳамда қўпол буюмни кўрмайсиз. Таомлар учун алоҳида, ширинлик ва ичимликлар учун алоҳида мутахассислар таклиф қилинган, саҳнадаги созандалар эса аллақачон шай. Меҳмонлар бирин-кетин тўй учун ҳозирланган боғ ҳовлига кириб келишар, уларнинг кийим-кечагидан тортиб, тақинчоқларигача ҳаммаси меъёрида. Меҳмонлар, айниқса, боғнинг ўртасида келин-куёв учун ясалган кўшкдан ҳайратда. Ҳайратдан оғзи ланг очилганлар орасида Зайнаб билан ва холаваччаси ҳам бор. Зайнаб қаерга келиб қолганини ҳамон англамас, эгнидаги либосидан уялиб, қимтиниб юрарди.

    — Вой, Худойим! — Зайнаб санъат асари мисол безатилган дастурхонга боқди. — Опа, жаннатга тушиб қолдикми?!

    — Зайнаб, оғзингни ёпсанг-чи! — деди унга танбеҳ берган қиз мезбонга салом бераркан. — Бари жуда гўзал, дугонам бахтли бўлсин!

    — Айтганинг келсин, сенга ҳам насиб қилсин, қизим!

    Зайнабнинг кўзлари афтидан келиннинг онаси бўлмиш аёлга қадалди, аниқроғи, аёлнинг тақинчоқларига.

    — Мен лолман, опа, лол! — деди Зайнаб атрофни суратга туширишни бошлаб юбораркан.

    — Худо ҳақи, сингилжон, сени бу ерга олиб келганимга пушаймон қилдирмасанг-чи! Йиғиштир телефонингни!

    — Сизнинг шунақа бой дугонангиз бор деб ҳеч ўйламасдим, опажон! — деди Зайнаб холаваччасини қучиб. — Ўзиям роса соддасиз-да, агар ўрнингизда бўлсам, шундай дугонам бор деб…

    — Бўлди, жим!

    Зайнабнинг гапи оғзида қолди. Келин-куёв келганига ишора бериб, анъанавий мусиқа янгради ва давранинг эгалари кўринишди. Уларнинг юзидан бахтдан сармаст эканлиги шундоққина сезилиб турар, меҳмонлар орасига қўл ушлашганча хурсанд киришарди.

    — Воҳ, бунча чиройли!

    — Чиройли, лекин ибо билан бошқа келинчаклардек бошини эгиб кирганида яна-да чиройли кўринарди.

    — Эй, опажон, қўйсангиз-чи эскича гапларни, — холаваччасининг гапига энса қотирган Зайнаб бошини баланд кўтариб, мамнун жилмайди. — Мен ҳам тўйимда эрим билан қўл ушлашганча енгил ҳаракатлар ила меҳмонларга пешвоз чиқаман.

    — Кейин мен ўша ернинг ўзидаёқ, — деди холаваччаси Зайнабнинг бошига бармоғини тираб, — мана бу қовоқ каллангга бир тушираман. Бахтни кўз-кўз қилиш ярамайди, кўз тегади.

    Зайнаб «уф» деди-ю, ортиқ индамади. Шоҳона тўй аввалдан ёзилган сценарий бўйича рисоладагидай ўтар, келин-куёв валсидан тортиб, гул отиш маросимагача бари Зайнаб учун беқиёс эртак эди гўё. Турли саҳна кўринишлари, раққосаю энг олди санъаткорлар, улар устидан сочилган пуллар, баҳайбат торт, ҳатто оппоқ атиргуллар билан безатилган ҳовуз ҳам Зайнабнинг тушларига ҳалигача киради. Қиз ўша ернинг ўзидаёқ холаваччасининг ортидан бориб, Нилуфар билан қуюқ кўришди, танишиб олди. Ҳатто яқин дугоналардек суратга тушишни ҳам унутмади. Ва кейинчалик ўша сурат билан кимларга мақтанмади, дейсиз. Хуллас, Зайнаб ҳаётида учратган энг зўр тўйни ҳеч қачон унутмайдиган бўлди.
    * * *
    — Мен ҳозир, — деди Зайнаб дугоналарига Нилуфар устахонадан чиққанини кўрибоқ — дугонам билан саломлашиб келай, ахир минг қилса ҳам яқиним эди!

    Қиз «яқиним эди» сўзини ўзгача фахр билан айтганди. У оёғини қўлига олди-ю, Нилуфар томон ошиқди.

    — Нилуфар опа, тўхтасангиз-чи!

    — Менга гапиряпсизми?! — деди Нилуфар Зайнабга синчков тикилиб.

    Негадир унинг кўзлари йиғидан шишганди.

    — Мен Зайнабман, тўйингизда танишгандик-ку, опамнинг дугонаси эдингиз, эслаяпсизми? — деди Зайнаб ва ойна ортида уни кузатиб турган дугоналарига бир қараб қўйди-да, Нилуфарни сир бой бермай қучоқлаб олди. — Вой, опажон, сизни кўрганимдан бирам хурсандманки.

    — Э-ҳа, эсладим, — деди Нилуфар бу қизни элас-элас таниркан жилмайишга уриниб. — Опанг қалай?

    — Яхши. Бу ерларда нима қилиб юрибсиз?

    — М-мен…

    — Ҳа-а, бу ерда танишингиз борми?

    — М-мени танишим, й-йўқ, мен шунчаки, ҳ-ҳалиги! — довдиради Нилуфар.

    Унинг хаёли бошқа жойдалиги кўриниб турарди.

    Зайнаб эса Нилуфар билан суҳбатлашишни, унга сингил тутинишни истарди. Ҳатто дугоналарининг ёнида мана шу кичик суҳбатнинг ўзидаёқ обрўси ошиб кетадигандай эди гўё.

    — Майли, мен кетишим керак эди!

    — Ҳа-ҳа, албатта, биз ҳам кетамиз, мен бу ерга дугоналарим билан келгандим, — Зайнаб тамаддихонага ишора қилди. — Ана улар, дарвоқе, мен сизнинг оламшумул тўйингиз ҳақида уларга айтиб бераётгандим! Сизнинг тўйингиз мен кўрган тўйлар орасида энг яхшиси, бебаҳоси!

    — Ҳа, бебаҳо! — деди Нилуфар, сўнг кўзларига қалқиган кўз ёшни тўкмаслик учун дарҳол хайрлашди. — Яхши қол, опангга салом айт, мен шошяпман.

    — Опажон, бироз шошманг!

    Зайнаб Нилуфарнинг орқасидан гапирганча қолаверди. Лабларини бир тишлади-ю, ичкарига кириб, дугоналарига айтадиган навбатдаги ёлғонларини ўйлади. Нилуфар эса бу қиз ундан нима исташига асло қизиқмас, у ҳозир фақат устахонада қолган, ҳеч қачон етишолмайдиган ва ҳатто ўйлаш ҳам тақиқланган собиқ севгисини ёдга оларди. Шунча йигитлар орасидан унинг ишқи мана шу косиб йигитга тушгани учун тақдирини лаънатлар, ўтаётган бахтсиз кунларидан норози бўларди. Зайнаб айтган ўша дабдаба, ўша шов-шувларга бой тўй ҳозир Нилуфарнинг ёдида ҳам қолмаган. У пайтлар қўғирчоқ мисол даврада роль ижро этиб бергани, ота-онасининг қистови билан бу тўйга розилик бергани учун ўзини асло кечиролмайди. У машинага чиқиб, юм-юм йиғларкан, титраб кетди ва ўзига-ўзи деди: «Энг яхши тўй эмиш, бу энг яхши уюштирилган тўй, уч инсонни бахтсиз этган тўй, шоҳона қафаснинг ибтидоси бу тўй! Эҳ, аҳмоқ қиз, сен нимани ҳам билардинг?!»
    Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

    Манба: Hordiq.uz

    Яндекс.Метрика