БУГУНингиздан мамнун яшанг!

  • Ҳаёт тарзи
  • 22-01-2018, 20:15
  • 531
  • БУГУНингиздан мамнун яшанг!
    Вақт ўтиб боряпти. Ёшимиз улғаймоқда. Қарашларимиз ўзгарган. ЎТМИШдан хулоса чиқариш, БУГУНни муносиб яшаб ўтиш, КЕЛАЖАК учун режалар қуришни ўргандик, ўрганяпмиз ва ўрганишда давом этаверамиз...

    Ҳаёт фалсафаси
    Фалсафа фанидан дарс ўтаётган профессор аудиторияга қўлида стакан кўтариб кириб келди. У ҳамма кўриши учун стаканни баландроқ кўтарди.
    — Бунинг оғирлигини биладиганлар борми? — сўради.
    «50 мг!..» «100 мг!..» «125 мг!..» деган жавоблар янгради.
    — Ўлчамасдан туриб, буни аниқ айтиш қийин. Лекин менинг саволим шундай: агар буни бир дақиқа кўтариб турсам, нима бўлади?
    — Ҳеч нима! — талабалардан бири жавоб берди.
    — Яхши. Агар бир соат кўтариб турсам-чи? — яна сўради профессор.

    — Қўлингиз оғрийди, деди бир талаба.

    — Тўппа-тўғри! Агар бир кун шу кўйи турсам нима бўлади?
    — Қўлингиз увушиб, ҳеч нарсани сезмайди, мускулларингиз толиқиб, жонингизни азоблайди. Кейин сизни шифохонага олиб кетишади.

    Талаба қизнинг куйинчаклик билан қайтарган жавоби аудиториянинг кулгисига сабаб бўлди.
    — Тўғри, айтинг-чи, бу стаканни узоқ кўтариб турганимда унинг вазни ортадими? Таним шунинг учун азобланадими?

    Аудитория бир овозда «йўқ» дея жавоб қайтарди.
    — Бу азобдан халос бўлишим учун нима қилишим лозим?
    — Идишни ерга қўйинг!
    — Тўппа-тўғри! Унутманг, ҳаётдаги муаммо, ташвишлар ҳам шунга ўхшайди: қанча узоқ кўтариб юрсанг, улар сени шунчалар кўп қийноққа солади, — фикрини якунлади профессор.

    Вақт қадри
    Анча йиллар илгари, болалигимда отам нимадир иш қилаётганида унинг ёнида ўтиришни яхши кўрардим. Айниқса, отамнинг бирор нимани ушлаб туришимни сўрагани мен учун шарафли юмуш эди. Шу тахлит ота-қиз мириқиб суҳбатлашардик, отам учун қизиқишларим, фикрларим жуда қизиқ эди. У оталар бериши мумкин бўлган энг катта совға — эътиборни фарзандларига совға қиларди. Отам ишдан кейинги вақтини ҳам оиласига бағишлар, дам олиш кунлари тенгқурлари билан улфатчиликларга бормасдан вақтини биз билан ўтказарди.
    Вақт шамолдай елиб ўтиб, бирзумда ўсиб-улғайдим ва ўқиш истагида бошқа шаҳарга кетдим. Отам доимо бирор баҳона топиб дам олиш кунлари мени уйга чақириш, соатлаб суҳбатлашиш пайида бўлар эди.
    Турмуш ўртоғим билан уй-жой сотиб олган йилимиз отам уйни ўзи бўяб беришини айтиб, бизникига меҳмонга келди. У ёз офтобининг жазирама тиғи остида уч кун меҳнат қилди. Ҳар замонда мендан бўёқ ёки чўткани ушлаб туришимни сўрарди. Унинг мен билан жуда-жуда гаплашгиси келаётганини ҳис қилардим, аммо уй-рўзғор, бола-чақа, бошқа ташвишлар билан банд бўлиб, отам учун вақт ажрата олмаганман.
    Бундан тўрт йил илгари меҳмонга келган отам қизим учун арғимчоқ ясаётганида ҳам саёҳатга кетишга чоғланаётганим учун, бемалол ўтириб гаплаша олганим йўқ.
    Ҳа, ёши ўтиб бораётган ота учун қизидан бўлак азизроқ инсон йўқлигини англамаган эканман!
    Отамнинг таваллуд кунида унга қўнғироқ қилганимда эса унинг сўнгги суҳбатларимизни эслай олмаётгани маълум бўлди. Тўсатдан кўз олдим қоронғилашди, шундагина қадрдонимнинг кексайиб қолгани, бизни боғлаб турган вақт поёнига етиб бораётганини ҳис қилдим. Кўп ўтмасдан шифохонадан қўнғироқ бўлди. Анчадан буён бош қон томир кенгайишидан азоб чекиб юрган отамнинг аҳволи оғирлашиб қолганини айтишди. Парвоз маҳали отам билан суҳбатлашишим мумкин бўлган бахтли дамларни ўтказиб юборганим учун ич-ичимдан ўзимни айблар эдим.
    Шифохонага келганимда отам ҳушсиз ётарди. Шундай бўлса ҳам, унинг меҳр тўла юзида дилбандига бўлган соғинч зоҳир эди. Меҳрибоним билан узоқ-узоқ гаплашгим келарди. Бироқ, бу гал отамнинг вақти йўқ…
    Отам оламдан ўтгач уни яхшироқ тушуна бошладим. У мендан сўраган бор-йўқ нарса, бу менинг вақтим эди. Ҳа, азизларим, токи вақтингиз бор экан, токи имкон бор экан, меҳрибонларингиздан хабар олинг!
    Инглиз тилидан Шуҳрат САТТОРОВ таржимаси

    Манба: Darakchi.uz

    Яндекс.Метрика