18:09 / 28.01.2018
5 561

Илон Маскдан муваффақиятга эришиш учун 10 тавсия

Илон Маскдан муваффақиятга эришиш учун 10 тавсия
Илон Маскнинг ақл салоҳияти, шижоати, ғайрати ва ғайриинсоний меҳнатсеварлик қобилияти жуда ривожланган. Бундай сифатлар билан камдан-кам инсонлар мақтана олади.

Бироқ унинг самарадорликка оид баъзи сирларини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди. Medium Илон Маскнинг муваффақиятга эришишга доир энг фойдали 10 тавсиясини тақдим этди:

1. Кунни энг муҳим ишдан бошланг
"Шовқин ортида муайян ишорани англашга ҳаракат қилинг - аслида вазиятни яхши томонга ўзгартиришга қодир бўлмаган ишларга вақтингизни сарфламанг".
Илон Маск

Уч компания — Tesla, SpaceX ва Neuralink бош директори ҳисобланган Маскнинг доим иши кўп, шунинг учун у тонгни энг муҳим ишдан бошлайди. Унинг ҳолатида эса бу - электрон почтани кўздан кечириш. У биринчи навбатда жавобни куттириш компания фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин бўлган хатларга жавоб беришдан бошлайди.

Бу тавсияни қандай қўллаш мумкин: Бугунги кун учун энг муҳим ишни белгиланг ва тонгни айнан шу ишдан бошланг. Бу максимал таъсирга эга бўладиган иш бўлиши керак.

2. Акс таъсирдан фойдаланинг
"Доим ўзингиздан шубҳа қилинг ва бирор ишни бундан-да яхши уддалаш мумкин ё мумкин эмаслиги ҳақида ўйланг".
Илон Маск

Маск фақат ўз фикрига қараб иш тутади, лекин атрофдагиларни ҳам тинглайди, шунингдек бошқа ишбилармонларни ҳам шунга чақиради. Ҳа, бу ёқимсиз бўлиши мумкин (айниқса танқид), бироқ фойдаси барчасини оқлайди. У шунингдек ҳар қандай соҳада дилидаги тилида бўлган одамларини ишга ёллашни хоҳлайди.

Бу маслаҳатни қандай қўллаш мумкин: Ўз жамонгизни тўпланг ва ҳар бир кишидан унинг муайян маҳсулот, қандайдир функция, бошқарув услуби ёки бизнес-жараёнлар ҳақидаги фикрини сўранг.

Худди шу машқни дўстларингизга нисбатан ҳам қўллашингиз мумкин. Шунда сиз ўзингизнинг заиф томонларингизни ҳам тушуниш имконига эга бўласиз.

3. Аксиомаларга таянинг
Мен муаммоларга физик сифатида қарайман, физика эса бизни аналогиялар билан ишлашга эмас, аксиомалардан узоқлашишга ўргатади.
Илон Маск

Ак­си­о­ма — ҳар қандай бошқа ҳолатдан чиқариши мумкин бўлган асосий тахмин, шу билан бирга, бу мураккаб масалани кўриб чиқишда таяниш мумкин бўлган омил.

Мана Маскнинг ўзидан мисол: "Ракета нимадан иборат? Аэрокосмик алюминий қотишмалар, шу билан бирга, бироз мис, титан ва углерод толаси. Бу материалларнинг хомашё бозоридаги баҳоси қандай? Маълум бўлишича, ракета таркибидаги материаллар нархи унинг умумий қиймати 2 фоизини ташкил қилади".

Шундай қилиб, Маск миллионлаб долларларга ракеталар харид қилиш ўрнига арзон хомашё сотиб олиб, ракеталарни ўзи ишлаб чиқаришга қарор қилди. Шу тариқа SpaceX компанияси пайдо бўлди.

Бу тавсияни қандай қўллаш керак: Ҳар қандай муаммони асосий тушунчаларга асослаб ҳал қилиш керак.
  • Муаммога дуч келганда унинг эҳтимолий ечимига доир жорий тахминларингизни белгилаб, ёзиб қўйинг;
  • Вазиятни аксиомаларгача келтиринг, уни элементларга бўлинг ва уларнинг қайси бирлари инкор этиб бўлмас ҳақиқат эканини аниқланг;
  • Янги ечим топинг — илк икки қадам давомида муаммо тузилмасини бузган бўлсангиз, энди янги қарорларни нолдан қабул қилиш мумкин.

4. Асинхрон коммуникация воситаларидан фойдаланинг
"Мен электрон почтани яхши кўраман ва имкон қадар асинхрон мулоқот қилишга ҳаракат қиламан. Мен ёзишмаларнинг ҳақиқий устасиман".
Илон Маск

Маск хатлар ёрдамида мулоқот қилишни афзал деб билади. Бироқ кирувчи хабарлар оқимига шўнғиб кетмаслик учун ноаниқ электрон манзилини қўллайди (шундай экан, у билан фақат ҳаётда таниш бўлганларгина мулоқот қилиши мумкин). Бу ишбилармонга ўз диққатини асосий ишига қаратиш имконини беради.

Бу тавсияни қандай қўллаш мумкин: Иш вақтида сизни чалғитмасликларини ташкил қилишнинг уч усули бор:
  • Телефон, компьютер ва бошқа ҳар қандай гаджетлардаги хабарларни ўчириб қўйинг; агар ҳақиқатда муҳим воқеа рўй берса, сизга қўнғироқ қилишади;
  • Зарурати бўлмаса, учрашувларга таклифларни қайтаринг; масалан, агар учрашувнинг ҳеч қандай аниқ тартиби бўлмаса, ёки унинг натижасини аввалдан билсангиз, ё хат орқали жавоб бериш мумкин бўлган ҳолатларда учрашувга бориш шарт эмас;
  • Уйдан ишланг ёки имкони бўлса, ишхонада ўзингиз учун алоҳида хона сўранг, шунда сизни ортиқча ишларга чалғитишмайди.

5. Почтадан фойдаланишни ўрганинг
"Одамлар сўнгги мақсадни билишганида яхши ишлашади ва нима учун айнан шу йўналишда ишлаётганларини тушунишади. Инсон эрталаб ўз ишчи кунини сабрсизлик билан кутиши ва ўз ишини яхши кўриши муҳим".
Илон Маск

Маск ракеталар қурилиши ёки янги электромобиллар яратиш билан банд бўлмаган пайтларида хат ёзиш билан машғул бўлади. У кўпинча бутун компания бўйлаб хабар йўллайди — уларда бирор муҳим янгилик, ҳамкасблар билан мулоқот қилиш қоидалари, компания миссияси муҳокамаси ёки самарали ишлашга доир маслаҳатлар бўлиши мумкин.

Бу тавсияни қандай қўллаш мумкин: Электрон ёзишмаларда ҳар бир сўз ўз ўрнига эга, шунинг учун:
  • Қисқа ёзишга ҳаракат қилинг. Иккитагина сўз етарли бўлган ҳолатда ўнта сўзли хабар ёзманг;
  • Шубҳага ўрин йўқ. "сезишимча", "ишончим комил эмас", "балки" каби сўзларни, шунингдек мавҳумликни четлаб ўтинг;
  • Бу хатни ёзишдан мақсад нима экани ҳақида ўйлаб кўринг — уни хат аввалида оддий сўзлар билан баён қилинг;
  • Хабардаги муҳим гапларни қалин шрифтда ажратинг. Масалан, бир неча киши билан ёзишмаларда муайян масала юзасидан аниқ бир кишининг жавоби керак бўлса, унинг исмини қалин шрифтда ёзинг ва ундан қандай муддатда қандай жавоб кутаётганингизга изоҳ беринг.

6. Вазифаларни бирлаштиринг
"Мен болалар билан вақт ўтказиш баробарида хатга жавоб йўллашим мумкин экан. Агар шундай бўлмаганида ишларни уддалай олмаган бўлар эдим".
Илон Маск

Маск кўп вазифалиликни тажриба қилади: имкон пайдо бўлиши билан ишларни гуруҳлайди, масалан, тушлик вақтида почтага жавоб бериш ёки суҳбатдош билан учрашиш.

Бу маслаҳатни қандай қўллаш мумкин: Муваффақиятга эришиш учун ишларни гуруҳларга тўғри ажратиш муҳим. Қуйида уни амалга оширишнинг бир неча усуллари тақдим этилади:
  • Бир ўтиришда олдинда кутаётган ҳафтада қилиниши керак бўлган ишларни ёзиб чиқинг;
  • Бирйўла барча электрон хатлар, ўтказиб юборилган телефон қўнғироқлари ва бошқа хабарларни қайта ишлашга киришинг;
  • Бир вақтнинг ўзида бир неча ўзаро боғлиқ жадвал ёки бошқа ҳужжатларни янгиланг.

Гуруҳлаш керак бўлган вазифаларни аниқлаш учун бир ҳафта давомида қилинаётган барча ишларни ёзиб боришга ҳаракат қилинг. Агар ечим биринчи галдан самарасиз бўлиб чиқса, ишларни қайта гуруҳлашга ҳаракат қилинг.

7. Пухта режалаштиринг
"Мен мавҳур нарсалар ва концептларга вақт сарфламайман, мен муҳандислик ва ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал қиламан".
Илон Маск

Уч компанияни бошқариш осон эмас ва бу табиийки, режалаштиришга алоҳида эътибор қаратишни талаб қилади. Маълумки, Маск ўз ишчи тақвимини 5 дақиқалик кесимларга тақсимлайди, булларнинг орасидан бўш вақтни топиш жуда қийин.

Маск биринчи навбатда янги нарсаларни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратади — унинг 80 фоиз вақти шунга кетади.

Бу тавсияни қандай қўллаш керак: Ишлар рўйхати эмас, айнан тақвимдан фойдаланинг — шунда ҳар бир лойиҳага қанча вақт кераклигини режалаштиришингиз мумкин бўлади.

8. Етишиш мумкин бўлган мақсадлар қўйинг
"Биринчи қадам - мақсадга эришишнинг мумкинлигида. Агар унинг имкони бўлса, демак, катта эҳтимол билан айнан шундай бўлади ҳам".
Илон Маск

Маск ўз лойиҳалари учун ҳаддан зиёд дадил муддатлар қўяди. Эришиш мумкин бўлган мақсадлар концепцияси — шу муаммони қабул қилишни ўзгартириш усули.

Маскнинг шундай мақсадлари қаторида ажойиб электромобиллар ва кўп марта қўллаш имкони бўлган ракеталарни қайд этиш мумкин: "Ҳенри Форд арзон, ишончли автомобиллар ишлаб чиқара бошлаганида одамлар "Отларнинг нимаси ёмон:" дейишганди. У жуда дадил ставка қилди ва охир-оқибат бу иш берди".

Агар фақат реал мақсадлар қўйилса, кўп марталик ракеталар бўлмасди.

Бу маслаҳатни қандай қўллаш мумкин: Биринчидан, мақсадлар қанчалик дадил бўлиши кераклигини тушуниш қийин. Уринишлар ва хатолар усули орқали ўз йўлингизни белгилаб оласиз. Асосийси, аввал уриниб кўриш, кейин эса вазиятга қараб иш тутиш.

Кейинги сафар, ишларингизни режалаштираётганингизда мана шундай "прогноз"га бир неча дақиқа ажратинг, кейин эса ишни одатдагидан 50 фоизга яхшироқ ва тезроқ уддалашга ҳаракат қилинг. Ставкани оширинг, натижасидан ўзингиз ҳайрон қоласиз. Эҳтимол, бу авваллари мислсиздек туюлган ютуқлар сари биринчи қадам бўлар.

9. Ривожланинг
"Хато қилишингизни тан олинг. Шунчаки сизнинг мақсадингиз - камроқ хато қилиш".
Илон Маск

Илон Маск доим ўзидан норози. Улкан ютуқларига қарамай, у турли соҳаларда янада жадал ривожланиш йўлларини излайди. Ҳар қандай муаммонинг янада тезкор ва арзонроқ ечими борлигига ишонади.

Маск шундай дейди: "Бу ерда муваффақиятсизлик — табиий. Агар сиз муваффақиятсизликка дуч келмаган бўлсангиз, демак, сиз инноватор эмассиз".

Бу маслаҳатни қандай қўллаш мумкин: Бу ерда ҳаммаси оддий ва шу билан бирга мураккабдир. Мунтазам ўқиб-ўрнинг, ўз хатти-ҳаракатларингизда қатъий бўлинг, хатолардан сабоқ чиқаринг, акс таъсирнинг қадрига етинг ва бошқаларнинг меҳнатини тан олинг.

10. Ўқиб-ўргaнишни тўхтатманг
"Билимни ўзига хос семантик дарахтдек қабул қилиш муҳим - шох ва баргларга чуқурлашишдан олдин унинг илдизлари ва танаси мустаҳкам эканига ишонч ҳосил қилинг, яъни асосий тамойилларни яхши тушуниш керак. Акс ҳолда, унга таяниш қийин бўлади".
Илон Маск

Акасининг сўзларига кўра, Маск ёшлигида кунига иккитадан китоб ўқиган ва билимга чанқоқ бўлган. Шу боис у кўп билимлар — физика, математика, муҳандислик иши ва информатикани яхши ўзлаштирган.

Кўп йиллар давомида Маск ўзининг асосий соҳасидаги билимларини чуқурлаштирган ва бошқа талай соҳалар ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлган (бу таълимга Т-сифат ёндашув). Охир-оқибат бизнесда илғор мутахассис бўлиб етишган Маск бошқа соҳалардаги экспертлар билан самарали ҳамкорлик қилиш ва янги ечимлар ўйлаб топиш имконини берувчи кенг эрудициясидан фойдаланади.

Бу маслаҳатни қандай қўллаш мумкин: Аралаш соҳалар - статистика, дастурлаш, интерфейсларни лойиҳалаштириш ва копирайтингга доир билимларга эга реклама, SEO ва ахборотни вирусча тарқатиш бўйича мутахассисни тасаввур қиламиз.

Маскнинг бу маслаҳати бундай мутахассис учун нимани билдиради?
  • Қоғоз варағида катта Т ҳарфини чизинг ва асосий кўникмалар, иккиламчи кўникмалар ҳамда асосий билимларни санаб чиқинг. Агар шу усул ёрдам берса, ушбу атамаларда мукаммал мутахассисни таърифланг;
  • Энди эса шу соҳаларнинг ҳар бирида қандай даражага эга эканингизни кўринг;
  • Китоблар, курслар, мақолалар ва бошқа одамлар билан мулоқот қилиш орқали ўз билимларингизни чуқурлаштиринг;
  • Қизиқарли соҳаларда ўзингизни қайта баҳоланг ва таълим режасига тузатиш киритинг.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Илон Маскдан муваффақиятга эришиш учун 10 тавсия