23:45 / 15.02.2018
21 319

Бахт калити қаерда?

Бахт калити қаерда?
Бахтнинг пойдевори оиладан бошланади. Эр-хотин биргаликда бахтли турмуш кечирса, келажакда фарзандлари ҳам, албатта, бахтли инсон бўлишади.

Олимлар фарзанди бахтли бўлиши учун ота-оналар бажариши керак бўлган қуйидаги вазифаларни санаб ўтишган.

Меҳрингизни аяманг
Болага бериладиган пул ва совға-саломларнинг ҳеч бири ота-онанинг фарзанди билан беш дақиқалик суҳбати ўрнини босолмаслигини унутманг. Бола ўзига ишонч, ҳимоя кучини сизнинг меҳрингиздан олади.

У хато қилиши, ўйламай қарор қабул қилиши мумкин, лекин сиз уни меҳр-муҳаббатингиздан шубҳа қилишига имкон берманг. Фарзандингиз уни ўз ҳолича яхши кўришингизни сезиб турсин.

Намуна бўлинг
Фарзандингизга қандай намуна бўлганингиз келажакда у ўзига умр йўлдош танлаётганида, албатта, ўз таъсирини ўтказади. Агар сиз яхши ота-она бўлсангиз, фарзандингиз умр йўлдоши сизга ўхшаган бўлишини истайди, ўз фарзандига сиз каби ота ёки оналик қилади.

Қизиқишларини инобатга олинг
Бола улғаяркан, унинг қизиқишлари ҳам ўзгариб туради. Баъзан унинг севимли машғулоти сизга ёқмаса-да, кескин танқид қилишга шошилманг. Унинг мурғак қалбига озор етказиб қўйишингиз мумкин. Сиз тақиқламоқчи бўлган, шунчаки, бир машғулот бўлиб кўринган юмуш фарзандингиз эгаллайдиган касбга айланиши мумкинлигини унутманг.

Бир-бирингизга меҳрибон бўлинг
Бир-бирингизга бўлган меҳрингизни болангиз ҳам ҳис қилиб улғайса, сизга бўлган ҳурмати ҳеч қачон йўқолмайди. Бу келгусида уларнинг оиласи мустаҳкамлигига пойдевор бўлади.

Ундан узоқлашманг
Балоғат ёши ҳар хил кечади. Бу ёшда бола қўрс, жиззаки, қайсар бўлиб қолиши мумкин. Шундай бўлса-да, бу вақтда сиз унга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ керак бўласиз. Фарзандингиздан узоқлашманг, туйғу, муаммо ва қизиқишларига бефарқ бўлманг, кун тартибидан хабардор бўлинг. Сиз уни доим тинглашга, қўллаб-қувватлашга тайёр эканингизни унутмасин.

Бола бу даврдан ота-она кўмаги билан ўтса, келгуси ҳаёти ҳам шу тартибда давом этади.

Биргаликда бажаринг
Фарзандингизни спорт машғулотларига олиб боринг. Ёшликдан спорт билан шуғулланиш ҳам жисмонан, ҳам руҳан тетиклаштириш билан бирга, кучли ирода, ўзига нисбатан ишонч туйғуларини шакллантиради.

Байрам, туғилган кун ва бошқа шодиёналар эсда қоладиган, кутилмаган совғаларга бой бўлсин. Оилавий саёҳат ёки қизиқарли тадбирлар ўтказинг. Болангизнинг ҳаётида қувончли лаҳзалари кўп бўлса, у ўзини шунча бахтли ҳис қилади.

Ишдаги муаммоларни уйга кўтариб келманг. Оилавий тадбир, суҳбатлар ташкиллаштиринг ва унда ҳамма иштирок этсин. Бу аввало, оила бирдамлигини таъминлайди, шунингдек, оила бошқарувида фарзандларга намуна бўлади.

Энг муҳим дамларда ёнида бўлинг
Фарзандларингиз эришган ютуқ, муваффақиятга эътиборсиз бўлманг, аксинча, уларни рағбатлантиринг. Рағбат бундан ҳам юқори марраларга эришишга ундайди. Эътиборсизлик эса, иштиёқни сўндиради.

У эришган натижа сизни бефарқ қолдирмаслигини билса, ўзини ҳам сизга керакли инсон, деб ҳисоблайди.
Наргиза ДАМИНОВА

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бахт калити қаерда?