06:30 / 21.02.2018
10 095

Ажрашган йигитга қизимни берайми?

Ажрашган йигитга қизимни берайми?
“28 ёшли қизимга аёли билан ажрашган йигитлардан совчи келаяпти. Отаси қизимизни оиласи бузилган йигитларга узатишни асло хоҳламаяпти. Қайнопаларим ҳам “тенг тенги билан-да” дегандай қилишяпти. Уларга қулоқ солсам, қизимнинг ёши йил сайин улғайиб бораяпти.
Қизимнинг тақдирини ўз билганимча ҳал қилай, десам, хато қилиб қўйишдан чўчияпман. Менга маслаҳат беринг?”

Васила, Тошкент шаҳри.

Таҳририятимизга бундай мазмундаги мактублар аҳён-аҳёнда бўлса-да, келиб туради. Шу мазмунда мактуб йўллаган газетхонларимизга жўяли маслаҳат бериш ниятида мутахассисларнинг шу хусусдаги фикрлари билан қизиқдик.

“…оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади!”
Гулруҳ АДҲАМОВА, руҳшунос:
– Қандайдир сабабларга кўра турмуш қурмаган, ёши каттароқ бўлиб қолган қизларнинг хонадонига ажрашган йигитлардан совчи кела бошлайди. Хонадон эгаларида, шунингдек, бўй қизларда ҳам: “Хотини билан бежиз ажрашмагандир, ўзининг ҳам бирон айби, камчилиги бордир?!” деган фикр туғилиши табиий. Шу билан бирга “Кўз очиб кўргани бошқача бўлади. Иккинчи хотинини биринчиси билан солиштириб, камчилигини қидираверади”, деган фикр ҳам туғилиши мумкин. Бу фикр, айниқса, оналарни кўпроқ хавотирга солади.
Тўғри, қиёслаш биз инсонларга хос хусусият. Ҳатто жамоага янги бошлиқ келса ҳам аввалгисига солиштирамиз. Лекин инсонлардан фақат ёмонлик кутмаслик керак.

Оилавий ажралишларни мутлақо ёқламаган ҳолда, бу ҳодисага дахлдор баъзи ижобий жиҳатлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Яъни, турмуш қурган йигит оилани бошқариш, аёли билан қандай муносабатда бўлиш борасида тажрибага эга бўлади. Бир марта сутдан оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деган гап бор. Биринчи турмушида у ҳаётга, оилага енгил-елпи муносабатда бўлган бўлса, иккинчи марта адашмасликка, ҳар томонлама ўйлаб жуфт танлашга ҳаракат қилади. Биринчи аёлидан фарзанди бўлса, демак, у соғлом, ўзидан зурриётлар қолдира олади. Чунки бепуштлик, бефарзандлик туфайли ажрашиб кетаётган оилалар ҳам борлиги сир эмас.

Йигитнинг фарзанди борлигидан чўчиманг. Уйланган йигитга турмушга чиққан ёки чиқмоқчи бўлган айрим қизлар “Боласи туфайли биринчи хотини билан ярашиб олади, мени ташлаб кетади”, деган хавотирда яшайдилар. Ўзига ишонмаган аёлгина бундай хаёлларга боради. Эри биринчи оиласидан кўрган фарзандидан хабар олгани борса, иккинчи аёли рашк қилиб: “Бола баҳона, дийдор ғаниматми, яна уни кўргани бордингизми?!” қабилида жанжал кўтарадики, бундай айбловлар эр-хотин орасига совуқчилик солади. Агар бирор қиз ажрашган йигит билан оила қурмоқчи бўлса, турмушнинг мана шундай жиҳатлари ҳақида обдан ўйлаб кўриши, шундай вазиятларни тўғри қабул қилолсагина болали йигит билан турмуш қуришга рози бўлиши керак.

Ўшлар физиологик жиҳатдан бир-бирига мос бўлиши шарт!
Раъно ОРИПОВА, олий тоифали акушер-гинеколог:
– Баъзан, катта ёшли эркакларнинг ёш қизларга уйланаётганига гувоҳ бўламиз. Бундай никоҳларни мен шифокор сифатида ёқламайман. Турмуш қураётган жуфтликлар ўртасидаги фарқ 4-5 ёшдан ошмаслиги тарафдориман. Чунки 40 ёшли эркак билан 20 яшар қизнинг физиологик тузилишида, дунёқараши ва психологиясида катта фарқ бўлади. Улар орасида жинсий номутаносиблик келиб чиқиши мумкин. Шу билан бирга ўрта яшар эркаклар шу ёшига қадар уйланмаган ёки ажрашган бўлса, пинҳона жинсий ҳаёт кечирган бўлиши, бу пала-партиш жинсий ҳаётида ОИТС, сўзак каби венерик касалликларни, бепуштликни келтириб чиқарадиган вирусларни юқтириб олган бўлиши мумкин.

Ачинарлиси, у ёш рафиқасига ҳам бу хасталикларни юқтириши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис ажрашган йигит билан оила қураётган қиз тиббий кўрикдан мукаммал ўтиши, агар йигитда шундай касалликлар аниқланса, у тўйгача даволаниб олиши керак. Шу билан бирга гарчи, йигитнинг жинсий ҳаёт борасида тажрибаси бўлса ҳам оила қураётган жуфтликларга “Ёш келин-куёвлар маслаҳатхонаси”га боришни тавсия этаман. Чунки жуфтликларимиз жинсий ҳаёт одоби ва маданияти борасида ўрганишлари лозим бўлган жиҳатлар ҳам кўп деб ўйлайман.

“Онаси Ўпмаган Қизга уйланмасамми…”
Раъно ҚОРАБОЕВА, Тошкент шаҳар “Шодлик” никоҳ уйи мудираси:
– Мен жамиятнинг пойдеворига қиёсланадиган оилаларнинг бузилишига мутлақо қаршиман. Биргина оила бузилса, жамиятга дарз кетади. Афсуски, ёшларимиз арзимаган сабаблар билан ажрашиб кетишаяпти. Биргина мисол: ота-онасини кўргани уйига бориб, кечроқ қайтган келинидан ранжиган қайнона жанжал кўтаради, ойлаб келинига чиройини очмайди. Бу кичик муаммо аста-секин газак олиб, катта жанжалларга сабаб бўлади. Қайнона ўғлига: “Ё хотинингни дейсан, ё мени!” деб шарт қўяди. Набираларининг етим бўлиб қолишини ўйламайди ҳам…

Ёшларни ғўр десак, кап-катта, оқ-қоранинг фарқига борадиган аёлларни нима жин уряпти?!
Лекин ҳаётда ажрашишларига жиддий сабаблар бўлган жуфтликлар ҳам йўқ эмас. “Ажрашган” деган ибора йигитнинг номига ҳам, аёлнинг номига ҳам ёмон тамға бўлиб босилмаслиги керак. Зеро, ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. “Ажрашган!” дегани бу унинг бир умр бахтли бўлишга ҳаққи йўқ, дегани эмас.

Қизига хотин қўйган эркакдан совчи келаётган ота-оналарга, аввало, ажрашишининг сабабини ва муддатини суриштиришни маслаҳат берган бўлардим. У яшайдиган маҳалла оқсоқоли билан ҳам, албатта, гаплашиш керак. Чунки у ўзи раислик қилаётган хонадонлардаги аҳволни яхши билади. Қолаверса, ҳамма ажримларда иштирок этади. Оиланинг дарз кетишига ким сабабчи эканидан, шу хонадондаги руҳий муҳитдан хабардор бўлади. Иложи бўлса, у қизнинг ота-онасига ёзма равишда тавсиянома ҳам ёзиб берсинки, оиласидан ажрашган эркак ҳақида билдирган фикри учун жавобгарлиги бўлсин!

Айрим каттароқ ёшли эркаклар хотини билан жанжаллашиб қолиб: “Қараб тур, ҳали сени куйдириб онаси ўпмаган қизга уйланмасамми?!” дея дағдаға қилишади. Хотини билан ажрашиб, тезликда маъсума қизга уйланиб олаётганлар ҳам йўқ эмас. Жаҳл отидан тушгач, биринчи хотини билан ярашиб олиб, оиласига қайтади. Оқибатда ёшгина бир қизнинг умри завол бўлади. Кўзида ёши, қўлида боласи билан қолаверади.

Сут билан кирган, жон билан чиқади!
Алишер ХОЛИҚОВ, руҳшунос-амалиётчи:
– Кўпинча, ота-оналар келин ё куёвни ёшларнинг феъл-атвори, одоб-ахлоқи, дунёқарашига қараб эмас, бойлиги, мавқеи, мансабига қараб танлашади. Инсон психологияси, феъл-атвори, индивиднинг қайси ҳолатда ўзини қандай тутиши ёки маълум вазиятда қандай қарор қабул қилишининг ўзи бир жумбоқ. Буни психолог олимлар ҳалигача ўрганишади. Психология фани одамларни бир неча гуруҳга бўлиб ўрганади.

Оғир-вазмин, шаддот-серғайрат, аразчи-зиддияткор, одамови-одамохун (холерик, меланхолик…) ва ҳоказо. Оиланинг мустаҳкам бўлишида феъл-атворнинг мос келиши бирламчи, энг муҳим омил бўлиши керак. Нафақат оила қуриш борасида, ҳаттоки космосга учиши лозим бўлган фазогирларнинг ҳам айнан феъл-атвори бир-бирига мос келадиганлари танлаб олинади. Нима учун, деган ўринли савол туғилади. Чунки нотабиий, мураккаб шароитда зиддиятнинг келиб чиқиши катта талафотга сабаб бўлиши мумкин. Биз оила қуриш масаласига ҳам ана шундай жиддийлик билан ёндашганимизда ажралишлар сони нисбатан анча камайган бўларди.

Бинобарин, Худо берган феъл-атворни ўзгартириш жуда мушкул ёки умуман иложи йўқ. Халқимиз орасидаги “сут билан кирган, жон билан чиқади”, деган ибора ҳам бежиз айтилмаган. Феъл-атвори бир-бирига мос келмаган икки инсон яшаётган оилада улғайган фарзандлар ҳам аламзада, жиззаки бўлиб ўсади. Шунинг учун ота-оналар куёв ёки келин танлаётганда, ёшларнинг феъл-атвори, дунёқараши, қизиқишларини, албатта, ҳисобга олишлари керак, деб ўйлайман.

Одам биринчи марта туйғуларига, эҳтиросга берилиб турмуш қурса, иккинчи марта ақл билан, онгли равишда оила қуради. Ўзига нима кераклигини билади. Жуфт танлашда у анча эркин бўлади, бошқаларнинг фикрига эмас, ўз кўнглига қулоқ солади. Шунинг учун ажрашган йигитга қиз беришдан чўчимаслик керак.

Аслида, бундай ҳолатларда ота-оналарни йигитнинг ажрашганидан кўра кўпроқ номаълумлик, “Қизим бахтли бўлармикин?” деган савол чўчитади. Шу боис психологлар айнан шу масалада иш олиб боради. Биз “фейсбук”да шундай саҳифа очганмиз. 25 дан 50 ёшгача бўлган ажрашган кишиларга маслаҳатлар берамиз. Уларга ўз феъл-атворига мос жуфт танлашни ўргатамиз. Очиқ эшиклар кунида турли психологик тестлар, беллашувлар ўтказамиз. Чунки мустаҳкам бир оиланинг бунёд бўлишига ёрдам бериш ҳам савобли иш…

Табиатда ҳамма нарса жуфти билан яралган. Шундай экан, инсон ёлғиз яшолмайди. Эр-хотин яхши-ёмон кунларда бир-бирига суянчиқ, дардкаш, меҳрибон ҳамроҳ бўлиши, яхши хулқли комил фарзандларни тарбиялаб, вояга етказиши керак!
Мавлуда ИБРОҲИМОВА ёзиб олди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ажрашган йигитга қизимни берайми?