19:50 / 05.03.2018
18 103

Опа-сингил кундошлар қисмати

Опа-сингил кундошлар қисмати
Садия кечаси билан ухлолмай чиқди. Юраги чунонам сиқилардики, унинг дардини фақат аёлгина тушуна оларди. Қаердандир «тиқ» этган овоз эшитилди ва Садия ўрнидан сапчиб турди. Шошилиб ҳовлига чиқди. Ҳеч ким йўқ, «Шундай туйилди, шекилли», деди пичирлаб. Яна хонасига қайтди. Ўзини ўринга ташлади-ю, увиллаганча такрор йиғлади. Аёл гоҳ эрига, гоҳ фарзандсизлик дардига куяр, етимлиги сабаб эри билан ажрашиб ҳам кетолмасди. Борадиган жойи, бошини силаб кутадиган ота-онаси йўқлиги сабаб ҳам Фаррухнинг хиёнатига чидашга мажбур.

Тунни шу тариқа ўтказгани сабабми, тузук ухламагани учунми, эрталаб Садиянинг юзига қараб бўлмасди. Аёл баъзан кун бўйи дард чекиб ётишни, ҳамма нарсага тупуриб, фақат ухлашни истаб қоларди. Гўё шундай қилса, уни қийнаётган оғриқлар бирозга унутиладигандек. Бу худди ғамини унутиш учун қадаҳини майга тўлдирган ва уни сипқориб ичган эркакнинг ҳолати. Аммо шуниси фарқлики, эркаклар аёллар каби таъсирчан эмас ва улар аёлларнинг ҳолатига ҳеч қачон тушмайди. Қаердан ҳам тушишсин? Эркаклар жондан ортиқ жуфтини ким биландир бўлишишдек азобга дуч келишмайди. «Ҳечқиси йўқ, у эртага келади-ку», деди Садия ва чарчагани сабаб уйқуга кетди.
* * *
Самия Фаррухни кузатиб қўйди-ю, ичини ит тирнай бошлади. Яна эски, аслида, ҳеч қачон йўқолмаган дарди ёдига тушди. Ўғлини боғчасига ташлаб келди-да, бироз телевизор кўрган бўлди. Тоқати етмай, телевизорни ўчирди. Деразадан термилганча кўчага қаради. Унинг асаблари зирқирар, қачонгача бундай ҳаётга дош бера олишини ўйларди. Кун бўйи бир нуқтага қараганча ўтиришга мажоли етмаслигини тушуниб, тоза ҳавода бироз айланиб келиш учун чиқди.

Атроф ниҳоятда чиройли! Кеча ёққан қор бир кун ҳам турмай аста-секин эришни бошлаган. Самия кўксини тўлдириб нафас олар, юз йил заҳ ва қоронғу хонада қолиб, энди ёруғликка чиққандай эди гўё. Яхмалак йўлда сирпаниб кетмаслик учун базўр қадам ташлаганча ёлғиз сайр қила бошлади. Каттагина боғни севишганлар эгаллаб олишган. Хаёллар оғушида қолган Самия улардан узоқлашганди ҳамки, яна бир севишган жуфтликка кўзи тушди. Ёшгина аёл эрининг қўлидан тутганча хандон отар, кўзлари куларди унинг. Самия энди юришни ўрганаётган гўдак каби тетапоя қилиб қадам ташлаётгани учун аёлнинг ёнидаги эркакка унча разм сололмади.

Самия таққа тўхтади ва илкис бошини кўтарди. Қуёшдан ҳимояланиш учун тақилган қора кўзойнак, бостириб кийилган телпак ва ҳатто маҳкам ўралган шарф ҳам уни таниши учун тўсқинлик қилолмаганди. Бу ўша, Самия билан ҳам худди шу йўлларда сайр қилиб юрадиган, беш йилдан буён бирга яшаб келаётган эри — Фаррух! Самияни даҳшатли туйғу қамраб олди. У барча ҳақиқатдан хабардор экани рост, эрининг айни дамда кундоши, яъни биринчи хотини билан сайр қилаётгани ҳам аён. Лекин уларни бирга кўриш, тағин шу топда азоб эди! Бундан ташқари, Самия Фаррухнинг ёнидаги аёлга қараб алланечук ғалати бўлиб кетганди. Тушунарсиз ҳиссиёт, рашкдан ташқари номаълум қийноқ эзарди уни. Унинг оёқлари бир зум қотиб қолгандай бўлди. У индамади, жимгина тураверди. Аслида, энг оғири ҳам шу. Бақириб атрофни бошингга кўтарсанг, додлаб йиғласанг, ўзингга келгандай бўласан. Лекин жим туриш, бу дардни ичга ютиш,
ўзингни ичдан кемириш демак. Улар Самиянинг ёнига етишига бир неча қадам қолганида, Фаррух ҳам бошини кўтарди ва аёлни кўрди. Унинг кулиб турган юзини бирдан саросима эгаллаб олган, кўз ишораларида «Ўтинаман, индама!» деётгандек ялинчоқ ифода бор эди. Самия буни тушунгандек, дарҳол кўзларини олиб қочиб, ерга қаради. У худди эрини эмас, эри уни тутиб олган айбдордек ҳис қиларди ўзини. Беш, тўрт, уч, икки қадам ва улар Самиянинг ёнидан ўтиб кетишди. Аёл жуфтликнинг ортидан қараса, эри ҳам у томон бош бурган, ачинишми, ҳамдардликми, аллақандай ифода ила киприкларини тез-тез пирпиратарди. «Миннатдорман!» деган сўзни ўқиш мумкин бу қарашлардан. Самия қинидан чиққудек ураётган юрагини маҳкам босди-да, югуриб кетди, ҳеч нарсани ўйламай, сирпана-сирпана югуриб кетди.

Фаррух доимгидай жума куни Самиянинг ҳузурига келди, боласини ўпиб қучоқлади, кейин улар билан бирга овқатланишди. Аммо уларнинг иккиси ҳам бир-бирига ўтган кунги ноқулай учрашув ҳақида гапирмади.
* * *
Ҳар сешанба, пайшанба ва шанба кунлари Садиянинг байрами. Чунки аёл бу кунда эрини кўради, соғинчли кунлари ҳафтада уч маротаба бўлса-да, тўхтайди. Фаррух хотинига доим «Бошқа кунлар келмаётганимнинг сабабини биласан, шундай яшашга мажбурмиз. Ахир уйга келяпман-ку, бу ҳам сенга кўрсатаётган марҳаматим эмасми?!» дер ва Садия тишини тишига босиб, жилмайиб қўйишдан у ёғига ўтолмасди. «Нақадар кулгили! Кулгили ва нафатни қўзғатувчи ҳол. Лекин начора!» дерди Садия ўзига-ўзи. Бугун ҳам янги кийимларини кийиб, обдан тозаланган хонадаги столни безата бошлади. Тунов кунги чеккан ситамларини ҳам унутиб, қандай жилмаётганига ўзи ҳам ҳайрон. Бир кўнгли «Аразлаб ол» деса, бир кўнгли «Ўзингдан баттар совутма, келмай қолса, соғинчдан адо бўласан-ку», дейди.

— Қизим, сешанба кунини яхши кўраман-да, доим куласиз, очилиб кетасиз, — деди қайнонаси Садиянинг елкасига қўлини қўйиб.

— Ҳа, — дея олди аёл зўрға.

— Иши шундай-да, нима ҳам қилардик.

Самия яна индамади. Эҳтимол, унинг ўрнида бошқа аёл бўлганда «Ўғлингиз ҳар ҳафтанинг тўрт кунини тунаб ўтказадиган қандай иш бор? У иккинчи хотининикида-ку!» дея жанжал кўтарарди. Лекин бу жанжалдан не наф? Ахир муштипар қайнонаси ҳам ҳақиқатдан хабардор, ўғлига бу ҳақда кўп гапирган. Унинг қайта-қайта юрагини сиқиш, уйдаги вазиятни яна-да оғирлаштиришнинг эса кераги йўқ.

Овқат маҳалига яқин Фаррух уйга кириб келди. У ота-онаси билан гаплашаётганида, кечки овқат устида ўзини ҳеч нарса бўлмагандай мутлақ табиий тутарди. Эр-хотин ёлғиз қолганида ҳам ўзларини ҳаммаси жойидадек тутишарди. Аммо бугун Садия ёрилди.

— Мендан нимани тушунтириб беришимни истаяпсан ўзи? Ахир номардлик қилиб сени алдаётганим йўқ-ку!

Садия яна кўзларига ёш олди. Фаррух хотинининг кўз ёшларини кўрди-ю, кўнгли юмшади.

— Йиғлама, ахир мен сенга хушхабар айтмоқчиман. Неча йиллардан буён қидириб юрган синглингни топгандекман. Аниқ манзили ва тасдиқловчи ҳужжатларни бир ойдан сўнг оласан.

— Наҳотки?!

Садиянинг кайфияти кўтарилди. Ҳаяжонга тушди. Болалар уйида йўқотиб қўйган синглисини топиш Садия учун ҳақиқий бахт эди. У барча ниятларини синглиси билан боғлаган, ўзига-ўзи «Агар синглим топилса, у учун ҳамма нарсага тайёрман!» дерди.
* * *
Кунлар, ойлар шу йўсинда ўтаверди. Самия ҳар сафар эри келганида бир муддатга хурсанд бўлар, кейин эса такрор ғамга тушарди. «Иккинчи хотин! Бу сўзни эшитган жуда кўпчиликнинг нафрати қўзиса керак. Айниқса, аёлларнинг. Улар бизни ғурурсиз, бечора, ҳаттоки бузуққа чиқаришади. Ахир мен Фаррухнинг биринчи муҳаббати эдим. Мени бошқасига узатишди, у уйланди. Сўнг мен эрим билан яшолмай ажрашдим. Фаррух эса хотини билан фарзанд кўрмади ва биз яна топишдик. Ҳозир биргамиз. Аммо бу биргалик…» — Самия ўзига-ўзи телбанамо аҳволда пичирлаб узоқ гапирди. Аёл сўнгги пайтларда ўзини қўлга ололмай қолганди. Авваллари барчасига кўз юмар, бундай ҳаёт йўлини ўзи танлагани учун ҳам миқ этмасди. Аммо энди… Энди унинг фарзанди бор. У боласининг чала етимдек ўсишини истамас, рисоладагидай оиласи бўлишини хоҳларди. Самия шундай дея ўзини оқлар, аслида эса ич-ичидан рашк сабаб эзиларди.

— Сиз, — деди у кунларнинг бирида базўр гап бошлаб, — қачонгача шундай юрмоқчисиз?

— Яъни? — деди Фаррух гап нимада эканини тушунгандай қошларини чимириб.

— Б-биз иккимиз, сиз билан, б-биз…

— Самия, — деди Фаррух ўрнидан қўзғалиб, рафиқасининг қўлидан тутаркан, — нима демоқчилигингни биламан, кел, шу ҳақда гаплашмайлик.

— Қаердан биласиз? Мен…

— Сен биз доим бирга бўлишимиз, хотиним билан ажрашишим ҳақида гапирмоқчисан. Умуман олганда, бу гап-сўзлар шунақанги жонимга тегдики!

Фаррух чуқур хўрсиниб, сочларини бармоқлари орасидан ўтказганча асабийлашарди. Қаршисида турган иккинчи рафиқаси ғазабдан қизарган, эрининг гапи унинг иззат-нафсига текканди.

— Кечирасиз мени, — деди Самия кесатиқли товушда титраб. — Ўртада жуда талаш бўлиб қийналибсиз-ку, а? Жуда эзилиб қолибсиз-да!

— Менга қара, Самия, жим, Худо ҳақи! Бу гаплар ҳиқилдоғимга келди!

— Бир кун келасиз, уч кун йўқ бўласиз. Мудом «Телефонингиз жирингламасмикин, хотинчангиз чақириб қолмасмикин, бугун келармикинсиз?» дея юрагимни ҳовучлаб тураман. Бу нима эканини биласизми, бир зумга атиги бир лаҳзага ўрнимда бўлсангиз…

— Мен нима қилай, айт? Бу ерда сен жаврайсан, у ерда у йиғлайди. Ўзимни бўлиб берайми?!

Фаррух азбаройи тутаққанидан тез-тез гапирар, елкаларини сиққанча унга нақадар қийинлигини тушунтиришга уринарди. Сўнг жим бўлди, яна хўрсинди ва рафиқасининг елкасидан тутиб, уни бағрига босмоқчи бўлди.

— Кел, уришмайлик…

— Тинч қўйинг мени! — фавқулодда қаттиқ бақирди Самия. — Эсингизда бўлсин, фарзандингизнинг онаси у эмас, мен. Эшитяпсизми, сизнинг якка-ю ёлғиз болангиз менинг ҳам болам!

Самия кейинги гапларини қатъият билан гапирди. Аёл кўрсаткич бармоғини эри томонга ниқтаб турар, ғазабдан кўзлари ёнарди. Фаррух бироз жим турди-да, рафиқасига яқинроқ келди ва дона-дона гапира бошлади:

— Сенинг ҳам эсингда турсин, Самия, мен керак бўлса, яна бир бор умуман бегона аёлдан ҳам фарзанд кўра оламан. Фарзандсизлик билан мени қўрқитишинг ниҳоятда кулгили гап, ишонавер.

Самия лом-мим деёлмади. У ҳозиргина эшитган гапидан саросимга тушган, эндиликда агар эри кетишни истаса, уни ҳатто ўртадаги бола билан ҳам тўхтатиб қололмаслигини тушунганди. Фаррух эса бошини баланд кўтарганча хонадан чиқиб кетди. Шу кетишда тўғри биринчи рафиқасининг ёнига шошилди. Уни қучоқ очиб кутадиган, жанжаллардан холи ягона жой бу ўз уйим деган қарорга келгандир, эҳтимол.
* * *
Садия эрининг дўсти олиб келган ҳужжатларни қайта-қайта текширди ва бахтдан лов-лов ёнганча қоғозда кўрсатилган манзил томон шошилди. У юрагидаги ҳаяжонни босолмай титраганча, кўп қаватли уйнинг зиналаридан ҳансираб чиқа бошлади. Сўнг чексиз сархушлик ила эшик қўнғироғини чалди.

Эшикни очган ёшгина жувон Садияни танигандек, оқариб кетганча қотиб қолди. Садия энди гапириш учун оғиз
жуфтлаганди ҳамки, таниш овоздан ўзини йўқотай деди.

— Ким экан, Самия?!

Ичкаридан чиқиб келган Фаррух қўлидаги мевани довдираганча ерга тушириб юборди. Садия ҳаммасини тушуниб етди ва хаёлан бир нарсани ўйлади: «Гапим гап, синглим учун ҳамма нарсага тайёрман!»
Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Опа-сингил кундошлар қисмати