18:02 / 12.03.2018
30 766

Эрингизни ҳалол йўл билан «иситинг»

Эрингизни ҳалол йўл билан «иситинг»
— Нима қилишни билмаяпман. Ҳамма ҳар хил маслаҳат беряпти. Баъзиларини синаб ҳам кўрдим. Аммо натижаси йўқ. Қайтанга, аксига олди. Онам оғир касал, унга ҳеч нарса айтолмайман. Отам ёки жигарларимга ёрилай десам, улар мени сўзсиз ажратиб олади. Қайнонамга ёрилиб кўрдим. Қайси она ўғлини қоралайди. Албатта, айбини хас­пўшлади. Дугонамнинг берган маслаҳатидан ҳам ҳеч нарса чиқмади…

Айни дамда оилам бузилишидан хавотирдаман. Шу кунларда турмуш ўртоғимнинг қадам олиши бошқача. Бирортасига илашиб қолганми, ишдан бери келмайди. Менга ҳам, болаларига ҳам эътиборсиз. Нима қилсам, дея ўйланиб қолдим…

Саида болаликдан яқин ўртоғим. Биламан, у менга ёмон бўлсин, демайди. Бирор чора топмаса, оилам бузилиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, миясига келган фикрдан хурсанд бўлиб кетди: «Эрингни иситиш керак!»

Тўғриси, мен ҳам қувондим. Ахир қанчадан-қанча аёллар эрини иситиб, оиланинг тотувлигини сақлаб қолган. Хуллас, бу ҳақда кўп эшитганман. Саида зўр ромчини биларкан. У билан гаплашиб, бизни бўш вақтига ёздириб қўйди. Эндиям бормасдан иложим йўқ эди.

Иккаламиз биргалашиб ромчининг олдига бордик. Ҳолатни тушунтирганимиздан сўнг фолбин аёл дам солиб, эримни иситиб бериши учун бир неча марта келишимиз кераклигини айтди.

Фолбиннинг олдига бир неча марта борганимга қарамай, эримнинг ўзимдан тобора узоқлашиб бораётганини, оиламдан хотиржамлик йўқолиб, фарзандларимнинг тарбияси ҳам оғирлашиб кетаётганини сездим. Ўтиб бораётган вақт фақат менинг зараримга хизмат қилди.

Фолбиннинг олдига бориб кетказган вақтимга, пулимга қаттиқ ачин­япман.

Эрим бу масалада фақат ўзимни айблади. Унинг айтишича, аслида, оиламдаги бу ҳолатларнинг асосий сабабчиси ўзим экан. Фақат буни англамаётган эканман. У ишдан кечроқ қайтгани учун нотўғри гумонларга бориб, чарчаб турган одамга ҳар хил ҳақоратларни ёғдириб, ўзимга бўлган ҳурмат ва муҳаббатини йўқотиб қўйганимни, болаларимнинг олдида ҳам эримни беҳурмат қилганлигим боис хонадонимдан, оиламдан файзу баракани кўтараётганимни айтди. Мулоҳаза қилиб, ўзим тушуниб етишим кераклигини таъкидлади.

Мен эса фикримдан қайтмадим. «Бу менинг характерим, шунақа ўсганман!» дея қайсарлик қилдим. Бир сўз билан айтганда, эримни жонидан тўйдирдим. Кўрсатаётган ҳунарларим авжига чиқди.

Афсус, синган идишни ямаган билан чегирмаси қолар экан… Калтабинлик билан қилган бундай муомалам эримнинг оиласидан кўнгли совишига, ҳатто гулдек фарзандлари ҳам кўзига кўринмай, оиласини ташлаб кетишига сабаб бўлди.
Энди нима қилай? Бу хатоларимни қандай тўғрилай, эримнинг кўнглига қандай йўл топай, уни қандай уйга қайтарай?..
ЗИЁДА
Фарғона вилояти

Иқбол АДИЛОВА, руҳшунос:
— Аёлнинг энг асосий «иш жойи» — оила қўрғони! Фаолият юритаётган ҳар бир ишчи ўз устида ишлаб, ўсишга, ишини энг аъло даражада бажаришга ҳаракат қилиши лозим бўлганидек, аёл ҳам ўзининг рафиқалик, оналик, уй бекалик каби фаолиятларини юксак савияга кўтариши лозим. Оиласининг мустаҳкамлиги, фарзандларининг тарбияси, эрининг розилиги ҳаётидаги бош меъзон бўлиши шарт. Камчиликларини англагач ҳам уларни тўғрилашга ҳаракат қилмай, «Қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилсин!» деб туриб олиш оқилалик эмас.

Сиз айбингизни тан олмас экансиз, эрингизнинг уйга қайтиши мавҳумлашиб, қилган амалларингиз чаппасига таъсир қилаверади. Аввало, ўзингиз ўзгаринг! Кейин унутманг, иситиш орқали бахтга етишолмайсиз. Қачонгача иситиш билан оилангизни сақлаб қолмоқчисиз? Бу иссиқ-совуқлар эрингизга салбий таъсир кўрсатиши ҳақида ҳам ҳеч ўйлаб кўрганмисиз ўзи?

Балки, эрингизга вақт беришингиз керакдир, шунда у ҳам, сиз ҳам ўз хатоларингизни тушуниб етарсизлар. Лекин бу эрингизни бошқа аёлга қўшқўллаб топшириб қўйинг, дегани эмас.

Яна бир маслаҳат, муносабатларнинг тикланишида, албатта, фарзандларингизнинг ёрдамига суянишингиз мумкин. Аммо бунда ҳам меъёр бор.

Синглим, доим эсда сақланг, бирор касалликни даволашдан олдин касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилади. Сабаблари аниқ бўлгандагина касаллик тезда бартараф этилади. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, давони ҳам фақат ҳалол йўллардан қидириш керак. Эркак киши аёлидан меҳр-муҳаббат кутади. Унга муҳаббат беринг. Шунда у қайтади ва сизни, оиласини асло ташлаб кетмайди. Меҳр-муҳаббат билан мустаҳкам бўлган хонадонга Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб туради.

Эрни «иситиш»нинг ҳалол йўли Аллоҳ ҳалол қилган воситалар билан эрининг меҳрини қозонишдир. Уйдаги тартибсизлик, таом ўз вақтида тайёр бўлмаслиги, хотиннинг сочлари тўзиган, эгнидаги кўйлагидан ёғ ҳиди келиб туриши, бунинг устига аёлининг тунд қиёфаси ҳар қандай эркакни уйидан, оиласидан безишига олиб келади.

Одатда, эркаклар ишхона, кўча ташвишларидан чарчаб, ҳаловат ва таскин илинжида оиласи бағрига қайтади. Аёл оқила, фозила ва тадбиркор бўлса, эркак учун уйи фароғат қасрига айланади. Чарчаб, асаби таранглашган эр уйига кириб келганида эшикни очган аёлининг кулиб турган чеҳраси, бир оғиз «Яхши келдингизми?» деган сўзи, ҳамма жойнинг озодалиги ва ширин таомнинг ёқимли иси, фарзандларининг гўзал хулқи эркакка ҳузур бахш этиб, ташвишлардан бир муддат бўлса ҳам узоқлашишига ёрдам беради.

Аёл эри учун уйида безаниши, ўзига оро бериши, тоза либослар кийиши, ёқимли ифорлар ишлатиши керак. Афсуски, айрим аёллар тўй, базм, меҳмондорчиликка боргандагина энг сара либосларини кийиб, ўзларига оро беради. Буларнинг ҳаммаси ким учун, атрофдаги бегоналар учунми? Аслида, аёл гўзаллигини кўришга энг ҳақли инсон — унинг эри.

Шу билан бирга аёлнинг эр ҳақларига тўла риоя қилиб, унга итоат этиши ҳам оиладаги келишмовчиликларни бартараф этиб, эр ва хотиннинг бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишини таъминлайди.

Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Мен эрга тегмоқчиман. Эркакнинг хотин зиммасидаги ҳақи нима?» деб сўради. У зот: «Эринг сени хоҳлаган пайтида, туянинг устида бўлсанг ҳам тушиб, унинг истагини бажармоғингдир, овқатини пиширмоғинг, кийимларини ювмоғинг, нонини тайёрламоғингдир», деб жавоб бердилар.

Аёлнинг эри учун қилган хизматларига ҳам ажру савоб берилади: эрининг кўйлакларини ювиб, дазмоллаш, овқатини тайёрлашда ҳам аёлга ажр бор. Аёл ажрдан умид қилган ҳолда хизматларини сидқидилдан қилса, хонадони обод, озода ва файзли бўлади. Шу билан бирга оиласи тинч, турмуш ўртоғи садоқатли, фарзандлари солиҳ, солиҳа бўлишини истаган аёл доимо уларнинг ҳақига дуо қилиши лозим. Зеро, дуо — ибодатнинг мағзи.

Санаб ўтилган амалларда бардавом бўлган аёлга нисбатан эрининг муҳаббати зиёда бўлади, оиласига қаттиқ боғланиб қолади. Оиладаги соғлом муҳит, фарзандларига бераётган чиройли тарбия учун эрнинг кўнгли хотиржам бўлади. Бу эса аёлнинг эрининг рози қилиши учун энг яхши тадбирдир. Шундагина аёл нафақат эрининг, балки Аллоҳ таолонинг розилигини ҳам қозонади.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Эрингизни ҳалол йўл билан «иситинг»