16:53 / 28.03.2018
4 752

Маруса опа

Маруса опа
Кеча Каъбаи Шарифга тикилиб ўтириб, Маруса (Маруся) опа ёдимга тушиб кетди...

2002-2003 йилларда эди адашмасам. Маҳалламизда Моҳит ака деганнинг Маруса деган беваси қолганди (иккаласи ҳам гапира олмас эди). Маруса опа рус тилида ёзиб, ўқишни биларди. Болалари эсли, одобли бўлишган, булбулдай гапиришади.

Ишдан қайтишда уларнинг уйи олдидан ўтаман. Ўғилларидан бири йўлимдан чиқиб салом бердию, сўрамоқчи бўлган саволини айтолмай каловланиб қолди.

Ниҳоят журъат қилди, шекилли: “Домла, ойим рус тилида турли китоблар олиб келиб ўқияпти. Суратлариям бор. Бир кўрсаниз, ўзлари йўқлигида кўрсатаман...”

Кўрдик. Насроний динига даъват қилучи китоблар экан. Опа ва унга ўхшаган имконияти чекланган ногиронларни ёрдам бериш ниқоби остида ботил динларига даъват қилувчи йиғинларга чақиришар экан.

Мен соқовчани билмасам, ўзи шу динни танлан бўлса, гапимни оладими-йўқми.

Эртасига ишдан қайтаётиб, Қуръони Каримнинг Крачковский рус тилига таржима қилган нусхасини ола келдим-да, опанинг ўғлига бердим. Китобларининг устига қўйиб қўйишини тайинладим. Буёғи Аллоҳдан деб, Ўзига таваккул қилдим.

Орадан бир неча кун ўтиб, ишдан келиб энди болалар билан чойга ўтиргандим, дарвоза тақиллади.

Чиқиб қарасам, Маруса опа. Мен бериб келган Қуръонни икки қўллаб маҳкам бағрига босиб олибди. Кўзлари тўла жиққа ёш.

Уйга киришга изн сўради ишора билан. Кирдик. Ишора билан қоғоз-қалам сўради... Бердим. Бир нарсалар ёзиб узатди: “Я узнала, Исус не бог! Он тоже пророк как Мухаммад! Я узнала, что я мусульманка...” (Исо Худо эмас экан, Муҳаммадга ўхшаган пайғамбар экан. Мен мусулмон эканман...) Хазина топгандек қувониб, тўлиб ўтирибди.

Бироз ёзишиб суҳбатлашдик. Кетишдан олдин Маруса опа яна келсам майлими, деб сўради. Бемалол дедим. Тез-тез келиб турадиган бўлди. Рус тилидаги динимизни ўргатадиган адабиётларни топиб бераман. Жуда тез ўқиб битиради. Суҳбатларимиздан бирида Байтуллоҳ ҳақида сўраб қолди: у қанақа нарса? Ёзиб тушунтира олмасдим. Видеомагнитофонда ҳаж арконларини кўрсатадиган кассетани қўйиб бердим.

Ҳожилар Байтуллоҳни тавоф қилаётган жойига келганда Маруса опа экранга юзини босиб Каъбани ўпа бошлади. У унсиз йиғларди, кўз ёшлари экранга сувалиб кетди. Орқароқда туриб, бу манзарага қараганча мен ҳўнграб юбордим... Маруса опа анча қариб қолди. Маҳалла аёллари билан аралашиб юради. Опа соқовлиги туфайли кўп нарсани била олмайди. Лекин бир нарсани – ЎЗИНИНГ МУСУЛМОН ЭКАНИНИ БИЛАДИ!
Раҳимжон НИШОНОВ

Манба: Azon.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Маруса опа