21:13 / 03.04.2018
11 807

Оилада нечанчи фарзандлигингизга қараб, характерингизни айтамиз

Оилада нечанчи фарзандлигингизга қараб, характерингизни айтамиз
Бутун дунёга машҳур руҳшунос-таҳлилчи Альфред Адлер бир ота-онадан туғилган, бир хил оилавий шароитда улғайган фарзандларнинг феъл-атвори ҳар хил бўлиши сабабларини чуқур ўрганиб чиққан. Тўнғич фарзанднинг ҳаётий тажрибаси, бошқа болалар билан муносабати кейинги фарзандларга ўрнак бўлади ва уларнинг шахсияти шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Адлернинг фикрича, боланинг туғилиш тартиби ҳаттоки гўдакнинг келажакда учраши мумкин бўлган муаммоларини ҳам белгилаб беради. Ишонмайсизми, унда мақоламизни диққат билан ўқинг.

Тўнғич фарзанд
Биринчи бўлиб туғилган фарзанд алоҳида феъл-атворга эга бўлади. У оила анъаналарининг давомчиси, масъулиятли, ота-боболаридан ўтиб келаётган касбни танлайди, аниқ фанларни ёқтиради, етакчилик хусусиятларига эга. Ота-она томонидан билдирилган ишонч уларни худди шундай характерда тарбиялайди. Тўнғич фарзандлар орасида депутат ҳамда президентлар кўплаб учраб туради. Ҳатто биринчи бўлиб туғилган болаларнинг ақлий қобилияти бошқаларникига қараганда устун бўлиши ҳам тасдиқланган. Кичик фарзандлар нафақат ота-онаси, балки тўнғич фарзандлар билан ҳам ҳисоблашишга мажбур.

Тўнғич фарзандларга тегишли яна бир жиҳат — ота-оналарнинг уларга максимал ишонишидир. Айни шу кучли ишончга эгалик уларни ҳаётда юксак марраларни забт этишга ундайди. Муваффақият уларга доим ҳамроҳ бўлади.

Адлер талқинича, тўнғич фарзанд оилада ягона фарзанд бўлсагина унга ҳавас қилиш мумкин. Ота-оналар кўпинча биринчи фарзандга бор меҳр-муҳаббатини ҳадя этади. Бироқ у ўзининг юлдузлик онларидан фақат иккинчи фарзанд туғилгунича баҳраманд бўлади. Ука ёки сингилнинг туғилиши бош фарзанднинг ҳаётга бўлган қарашини драматик равишда ўзгартириб юборади.

Адлер тўнғич фарзанд ҳаётида иккинчи фарзанднинг туғилишини худди «тожидан маҳрум этилган монарх» тарзида тасвирлайди, у буни жуда оғриқли қабул қилади. Қачонки тўнғич фарзанд ука ёки синглисидан енгилаётганини ҳис қилса, аввалги мавқеини тиклаш, яна ота-онаси эътиборини қозонишга уринади. Бироқ табиийки, муваффақиятсизликка учрайди, ахир ўтмишни ортга қайтариб бўлмайди. Бунинг устига, ота-онаси унинг бу ҳаракатларини тўғри тушунмай, кўпинча жазолашга ҳаракат қилади.

Натижада тўнғич фарзанд мустақил бўлишга ўрганади. Бундан ташқари, Адлернинг фикрича, бош фарзанд кўпинча консерватив бўлгани боис ҳокимият ва етакчиликка интилади. Шу тариқа у оилавий қоидалар ҳимоячисига айланади. Кичкиналарга ғамхўрлик қилишни ўрганиб олганидан сўнг эса уларни ҳимоя қилиш асносида ўзида ота-оналик хусусиятларини пайдо қилади.

Ўртанча фарзанд
Оилада ўртанча фарзанд туғма сиёсий қобилият билан туғилади. У биринчиси ҳам эмас, охиргиси ҳам эмас. Бироз вақт у кичик фарзанд ролини ўйнаб туради, кейинчалик бу роль ҳам бой берилади. Ўртанча фарзанд гўдаклигиданоқ рақобат муҳитида улғаяди. Чунки уларга ота-онанинг меҳр ва эътибори камроқ бўлади. Аслида, ота-она ўртанча фарзандига кўпроқ эътибор қаратиши лозим. Рақобат сабоқларини яхши ўзлаштирган ўртанчалардан ажойиб дипломатлар етишиб чиқиши мумкин. Улар классик касбларни танлашмайди, чунки уларнинг гарданига ота касбини давом эттириш ташвиши тушмайди.

Иккинчи фарзанд аввалбошданоқ тўнғич фарзанднинг рекордларини янгилашга ҳаракат қилади ва кўпинча буни уддалайди ҳам. Аксарият ҳолларда бундай болалар опа-акаларига қараганда тез юриб, гапиришни ҳам эрта бошлайди.

Бундан ташқари, улар кичик фарзандларга ғамхўрлик қилиш масъулиятини, улар билан ота-оналар меҳрини бўлишишни ҳам гарданига олади. Бу ҳолат унда ҳақиқатпарастлик, адолат ҳиссини севиш туйғуларини тарбиялайди. Ўртанча фарзандларда худбинлик жуда кам бўлади.

Унинг ҳаёт тарзи опа-акаси ёки ука-сингилларидан зўрлигини исботлаш билан ўтади. Адлернинг талқинига кўра, ўртанча фарзанд ўз олдига жуда катта мақсадларни қўяди ва унга эришиш учун нафақт тўғри, балки айланма йўллардан ҳам фойдаланади. Кўпинча тинчликсевар ва киришимли бўлади. Муносабатлар бобида эса ишончли ва садоқатли. Бироқ рақибларининг нозик жойини топиб, зарба беришга уста. Ёшлигида ҳам, қариган чоғида ҳам дўстларини жуда
қадрлайди.

Кенжа фарзанд
Кичкина фарзанд ҳақиқий қўзғолончидир. У оилага ўзининг шахсий анъаналарини тарғиб қилади. Кўпинча улардан ижод кишилари: қўшиқчи, актёр, рассом ва ёзувчилар етишиб чиқади. Бунинг учун уларнинг етарли сабаби мавжуд: асосий роллар эгаллаб бўлинган. Ота-она кенжатойини жуда эркалатиб юборади, унга ёши катта бўлиб қолганида ҳам меҳр ва ғамхўрлик кўрсатади. Заифлик ва куч бир руҳда мужассам — бунга сабаб, ота-она ва оиладаги барча фарзандлар томонидан босим юқорилиги. Таъқиб қанчалик юқори бўлса, болада шунча кўп исёнкорлик қобилияти уйғонади. Кенжалар ҳаётда таваккал қилишни яхши кўради. Улар спорт билан фаол шуғулланади, таваккал билан касб танлайди. Уларнинг қарорлари ҳаётга қанча яқин бўлса, шунча яхши. Кенжа фарзандларнинг бундай тарбия топишига биринчи сабаб улар ҳеч қачон тожни йўқотиш ташвишини бошдан кечиришмайди. Нафақат ота-она, балки катта фарзандларнинг меҳр-муҳаббати ҳам уларга етиб ортади. Иккинчидан, агар ота-онанинг топиш-тутиши яхши бўлмаса, у опа-акаларининг кийимларидан фойдаланишга мажбур. Учинчидан, катта фарзандлар доим унга ўз сўзларини ўтказишга ҳаракат қилади, бундан улар ўзларини кучсизман, деб ҳисоблай бошлайди, ўзига ишончи пасаяди.

Буларнинг барчасига қарамай, кенжатойларнинг асосий бир устунлиги бор: катта фарзандлар хатти-ҳаракатларидан хулоса чиқариши. Натижада у танлаган ҳар қандай соҳасида энг яхшисига айланади. Бироқ айни шу хислат гоҳида кенжатойларни катта фарзандларга қараганда масъулиятсиз ва енгилтак қилиб қўйиши мумкин.

Ягона фарзанд
Агар оилада бор-йўғи битта фарзанд бўлса, у бутун умр ота-она меҳрига кўмилиб яшайди. Бироқ бунинг тескари томони ҳам мавжуд. Ундан ота-она барча болаларга бўлинадиган масъулиятни талаб қилади. Бундан ташқари, кексайиб, ота-онасидан ажралганда меҳрга муҳтож бўлиб қолиши мумкин.

Адлернинг фикрича, ёлғиз фарзанднинг бошқа опа ёки укаси бўлмагани туфайли ҳеч ким билан рақобат қилиши шарт эмас. Шундай ҳолатларда у кўпинча отаси билан рақобатга киришиб, онасининг меҳрини талашади. Бу унда худбинлик туйғуларини шакллантиради. Ўз тенгқурлари билан муносабатларини ҳам оғирлаштиради.

Бироқ уларнинг шахсияти шаклланиши оиладаги тарбия ва муҳитга ҳам боғлиқ.

Бундан ташқари, ёлғиз фарзандлар бошқа болаларга қараганда ота-она талабларига таъсирчан бўлади. Уларнинг аксарияти жуда эрта улғайишади. Анъаналарга содиқ, ҳақиқатпараст, муваффақиятга эришувчан, баъзида етакчилик қобилиятига ҳам эга бўлади.

Кўпинча бундай фарзандлар оила қурганда жуда қийналади, бошқа одамнинг ҳам ўз шахсий фикри бўлиши мумкинлигини ҳазм қила олмайди. Ёлғиз фарзанд анъаналар давомчиси ёки исёнчи бўлиши мумкин. У ё барча қоидаларни қабул қилади, ё унга қарши чиқади. Ҳеч қачон ўрталиқни танламайди.

Тўнғич фарзанд
идеалларга интилувчан;
муваффақиятга эришувчан;
етакчи;
ҳокимият кишиси;
масъулиятли;
мослашувчан;
виждонли;
ишончли;
эҳтиёткор;
назорат қилувчи.

Ўртанча фарзанд
вазиятга мослашувчан;
мустақил;
яхши суҳбатдош;
тинчликсевар;
киришимли;
гапга қулоқ соладиган;
ёлғизликка мойил.

Кенжа фарзанд
киришимли;
жозибали;
раҳмдил, дўстларини яхши кўрадиган;
чўрткесар;
манипулятор;
ҳазилкаш;
эътибор талаб қиладиган;
худбин.

Ёлғиз фарзанд
ўзига ишонган;
виждонли;
масъулиятли;
идеалликка интилувчан;
диққат марказида бўлишни ёқтиради;
эрта улғаяди;
доим атрофдагилар қўллаб-қувватлашини истайди;
аразчи;
етакчи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оилада нечанчи фарзандлигингизга қараб, характерингизни айтамиз