«Катта одамларнинг ташвиши ҳам катта бўлади!»

  • Ҳаёт тарзи
  • 16-05-2018, 19:30
  • 955
  • «Катта одамларнинг ташвиши ҳам катта бўлади!»
    — Мен катта бўлсам, учувчи бўламан! — дейди олдидаги тишлари тушган, кал бошини кечагина дадаси бозордан олиб келган дўпписи билан яшириб олган Учқурбек!

    — Мен эса катта бўлсам, шифокор бўламан, ойим, «Сенинг исминг Озода, шунинг учун тоза-озода юришинг керак, шифокорлар шунақа бўлишади», дедилар.

    Бу гапни ўзи сочлари калта бўлса ҳам, ойиси бир амаллаб лентага илаштириб қўйган ширингина 5 ёшли қизалоқ Озодахон айтди.

    Болакайларнинг суҳбати қизигандан-қизирдики, ёнларидан кетгим келмади. Яна бироз ўтирай, уларнинг бу «глобал муаммолари» қандай якун топаркин.

    — Сен-чи, Шуҳрат, сен ким бўласан? — дейишди бўлажак учувчи билан шифокор биргаликда.

    — Мен, мен… ким бўлишимни айтмайман, бу сир.

    — Нега сир? Сенинг даданг, ойинг айтишмаганми ким бўлишингни?

    — Айтишган, нега айтишмаган экан!

    Болалар бирваракайига кичкина кўзларини катта-катта очиб қарашди, мен эса ана шу нигоҳларда катталардаги каби «Қани, хўш?» деган сўровнинг аксини кўрдим.

    — Катта одам бўласан, дедилар ойим. Дадам эса менга ўхшаб юрасан, катта давраларда, катта-катта одамларнинг ичида, деди. Ана у маҳалладагиларнинг баъзиларига ўхшаб, кичкина одамлар билан ўралашмаслигим керак экан.

    Болалар хохолаб кулиб юборишди.

    — Ҳа-ҳа-ҳа, унда сен анави қўшнимиз, Келбат бободек бўларкансан-да, а? — дейди Озода болалигига бориб.

    — Йўқ, Келбат бобомас, анави Шодиқул амакига ўхшайди. Шунақа каттаки, агар бизникига борса, ойимни фақат уришиб беради. «Келин, нима энди эрингизга мен айтаманми, бу уйга кириш эшигини энлироқ, каттароқ қилинг деб. Бу нима, аранг одам сиғади-я», дейди. Ойим кулади-да: «Энди Шодиқул ака, шу куёвингиз катта одамлар келишини ҳисобга олмаган экан-да», дейди. Шунда икковлашиб кулишади.

    Мен уларнинг нима деганини унча тушунмасам ҳам болаларга қараб, кулиб қўяверардим.

    — Энди билдим, демак, сен катта одам бўлсанг, мен дадам қурган эшикдан ка-а-аттасини қуришим керак экан-да?.. — дейди янги дўпписини бошига қўндириб олган учувчимиз худди бир нималарни чуқур ўйлагандек.

    — Ҳа-а, мен дўхтир бўлганимда унда сенга каттакон каравот ясаттираман. Кейин Келбат бобога ўхшаб ўтирган стулингни синдирмайсан! — дейди Озода болаларча қувноқлик билан.

    — Ундай эмас, — қовоқларини уяди Шуҳрат икки дўстининг гапидан ғазабланган бўлиб. — Мен бошқача катта одам бўламан, дадам айтган.

    Бу болакай яна нималардир деб ичида ғўдранди, кейин яна уччовлон гапираётган мавзуларини ҳам унутиб, ўйинга берилиб кетишди. Шу билан узоқ ўйнашди. Мен бўлсам, уларнинг суҳбатлари тингандан сўнг зерикиб қолдим. Кўп юриб толган оёқларим ҳам бир неча дақиқалик ҳордиқдан сўнг ўзига келиб қолди. Ўриндиқдан турдиму, яна йўлимда давом этдим.

    Лекин йўл-йўлакай шу уч болакай — учувчи, шифокор ва катта одамнинг хаёли билан кетавердим.

    * * *

    Бу хаёлларимнинг адоғи эса 25 йилдан сўнг тинди. Одам қаригандан сўнг узоқ юргиси ҳам келмай қоларкан. Лекин бир жойда ҳам ўтиришни истамас экан. Шунгами, чарчасам ҳам ҳар куни ишга бориб келяпман. Лекин бироз юраман, бироздан кейин йўлда учраган ўриндиқларда ўтириб чарчоғимни чиқараману, яна йўлимда давом этаман. Шундай юриб-юриб, 25 йил олдин ўша мен учратган болакайлар — учувчи, шифокор ва катта одамнинг суҳбатини эшитган ўриндиғимга келиб ўтираман. Негадир шу ерда кўпроқ қолиб кетаман. Одамлар гавжум, салқин жой бўлгани учун бўлса керак.

    — Озода, сенмисан? И-е, бу ерларда нима қиляпсан? — дейди замонавий кийиниб олган бир йигит тасодифан учратиб қолган танишини кўриб.

    — Ассаламу алайкум, Учқурбек, яхшимисан? Ҳа, мана бу йўлнинг нариги томонидаги касалхонада ишлаяпман-ку, хабаринг йўқми? Ўзинг нима қилиб юрибсан, учқурдек бўлиб учиб юрибсанми? Ҳа, сени икки кун олдин ҳам кўргандим, — дейди оқ халатли аёл табассум билан.

    — Ростданми? Қаерда кўрдинг, мен сени кўрмадим-ку?..

    — Қаерда бўларди, телевизорда-да, ҳар кун сен ҳақингда гапиришяпти-ку, қаҳрамон!

    — Э, қўйсанг-чи, одамни хижолат қилмагин-да энди. Айтгандек, Озода, Шуҳратнинг аҳволи оғирлашиб қолганмиш, кўргани боришимиз керак… Ҳарҳолда, бир замонлар бўлса-да, қадрдон эдик.

    — Ҳа, мен эмас, сен кўргани боришинг керак. Шундоқ ҳам уни ҳар куни кўриб тураман-ку.

    — Қанақасига? Ахир у шаҳарга кўчиб кетган, деб эшитгандим-ку!

    — Ҳа, шунақа эди. Аммо шу ишида нимадир бўлган, шекилли, катта муаммоларга ўралашиб қолибди. Ўртамизда қолсин-у, у гиёҳванд ҳам бўлиб қолган. Ҳозир бизнинг касалхонада даволаняпти.

    — Ҳмм, унда эртагаёқ касалхонага ўтаман. Тузалиб кетсин-да, ишқилиб…

    — Шундай. Катта одамларнинг ташвиши ҳам катта бўлади, деганларича бор экан. У билан ўтган куни анча узоқ гаплашдик. Кўп нарсаларни гапириб берди. Ота-онасини эслади, катта одам бўласан, кичкина одамлар билан ўралашиб юрмайсан, деганларини қайта-қайта гапирди. Фақат бошқача оҳанг билан, маҳзунлик билан гапирди бу сафар.

    Бу гапни айтаётган аёлнинг кўзларида нимадир гавдаланди. Мен буни англадим. Бу ўша 25 йил оддинги соддаликдан қолган нишона эди.

    Мен уларни танидим. Улар эса йўқ. Ҳа, қаердан ҳам танишсин. Ўшанда ҳам уларга бир оғиз гапирмай, фақат бугунгидек, жим қулоқ тутиб ўтиргандим. Лекин негадир шу сафар гапиргим келди. У ўша дўсти учун қурмоқчи бўлган катта эшикни қурдими ёки йўқ, билмоқчи бўлдим. Аммо мен ҳали оғиз жуфтлашга улгурмасданоқ уларнинг иккиси ҳам ўз йўлларида кетиб бўлишган эди.

    Йўл-йўлакай кўп нарсаларни ўйладим. «Учувчи йигитнинг уй эшиги катта-катта бўлса керак? Ахир ҳар куни телевизорда унинг ютуқлари ҳақида гапиришар экан-ку!

    Озоданинг сочлари анча ўсибди, бир замонлар лентага зўрға илаштириб қўйишганди, энди шифокор бўлибди. Катта одамни кўрмадим, негадир бундан кўнглим ғаш бўлди. Менинг-ку, юрагим оғринди, ўз ўғлига орзу қилишнида ўргата олмаган ота-онасининг юраги оғринмадимикин?!»

    Узоқ юрдим, узоқ ўйладим. Яна оёқларимга оғриқ тушди. Йўлда учраган ўриндиқда бироз дам олиш учун чоғландиму, лекин ўтирмадим. Ўша ўриндиқ ёнида болалар қумдан нимадирлар ясашиб, ўзаро гаплашишаётган экан. Нималар ҳақида экан, буни билмайман. Балки, ҳар куни ота-оналари қулоқларига қуядиган орзулари ҳақидадир. Ҳа, майли, мен кетавераман йўлимда, фақат шу болакайларнинг эзгу орзулари ушалса бўлгани…
    АФСОНА

    Манба: Hordiq.uz

    » » «Катта одамларнинг ташвиши ҳам катта бўлади!»
    Яндекс.Метрика