23:46 / 25.05.2018
4 974

Молиявий барқарорлик сари 18 қадам

Молиявий барқарорлик сари 18 қадам
Омонатлар ҳажмини ошириш ва ҳамён бўш бўлишининг олдини олишда ёрдам берадиган молиявий одатларингиз бор-йўқлигини текшириб кўринг.

1. Омонатларингиз мавжуд
Матрас остида ёки омонатлар ҳисобингизда уч ойлик киримингиз ҳажмидаги маблағ бор. Бу пул сизга ишхонадаги қисқартириш, жароҳат олиш ва бошқа ёқимсиз ҳолатлар сабабли доимий даромад манбаини йўқотишингиз мумкин бўлган вазиятларда асқотади. Уч ой давомида заҳирангиздаги пул билан коммунал тўловлар, уй ижарасини тўлаш, маҳсулотлар харид қилиш ва умуман олганда, одатдагидек яшашингиз мумкин бўлади.

2. Ҳар маошнинг бир қисмини йиғиб борасиз
Агар ҳар маошдан заҳирангизни тўлдириб борсангиз, бу бирваракайига икки яхши нарса ҳақида далолат беради. Биринчиси: учма-уч яшамаётганингиз ва киримнинг бир қисмини йиғиш имкониятининг мавжудлиги. Иккинчиси: жамғармангиз ҳажми ҳар ой ортмоқда.

3. Ҳар бир харажатни қайд этасиз
“Пул ҳисобни ёқтиради” ибораси бежизга пайдо бўлмаган, маблағ пала-партишликни хуш кўрмайди. Сиз барча харажатларни қайд этасиз, ҳатто улар бюджетни юритишдаги хатоларингизни намойиш этса ҳам. Бу чиқимларнинг қай бирининг олдини олишни таҳлил қилиш ва ой охирида харажатларни таҳрирлашда ёрдам беради.

Фото: Pixabay
4. Бир неча “ҳамёнларингиз” бор
Сиз молиявий масалаларда хотира ва вазиятларга қараб иш тутмайсиз. Шунинг учун кундалик эҳтиёжларга аталган пул карточкада, форс-мажор ҳолатларига мўлжалланганлари – омонат жамғармаси ҳисобида, хонадон, машина сотиб олиш ва таътил каби йирик харидлар учун ажратилган пул – депозитда туради.

Умуман олганда, маблағ қоғоз конвертларга солиб, ажратиб қўйилган бўлиши ҳам мумкин. Муҳими, бошқа мақсадлар учун тўплаб қўйилган жамғармани кутилмаганда сарфлаб юбориш таҳдиди мавжуд бўлмаслигидир.

5. Тежашни биласиз
Сиз кундалик харажатларда пулни тежашнинг кўплаб усулларини биласиз. Масалан, маҳсулот донаси нархи сизга арзон бўлиши учун катта ўрамдагиларини танлайсиз, супермаркетларга қорнингиз очлигида бормайсиз ва мерчендайзерларнинг тезкор харидга ундовчи “қармоқларидан” хабардорсиз.

6. Фойдасиз харидларни “четлаб ўтасиз”
Пулни ҳавога совуришнинг бир неча оддий усуллари мавжуд: супермаркет кассаларида пакетлар, қаҳва шаҳобчаларидан қаҳва харид қилиш каби харажатларнинг олдини олиш осон.

Фото: Pixabay
7. Харидлар рўйхатини тузасиз
Ортиқча харажат қилишнинг олдини олишдаги осон усул – нима сотиб олишни олдиндан, онгли равишда тушуниш.

8. Бир ой ва йил учун бюджетни режалаштирасиз
Шахсий молиявий режа пул билан муносабатларни осон ва тушунарли ҳолатга келтиради. Қайси харажатларни четлаб бўлмаслиги, хурсандчилик учун қанча пул қолишини биласиз ҳамда йирик чиқимларни прогноз қилиб, улар учун олдиндан пул ажратишни бошлайсиз. Бу ҳамён гоҳ лиқ тўла, гоҳ қуп-қуруқ бўлиши каби “арғамчи” ҳолатини бартараф этиш ва ўзингизни барча зарур нарсалар билан таъминлаш имконини беради.

9. Маошга икки кун қолганда чўнтагингиздан майда пул қидирмайсиз
Сизда маошга икки кун қолганида ҳатто нон ва сут харид қилиш учун пул қолмаслиги ҳолати кузатилмайди. Иккита сабаби бўлиши мумкин: ёки сиз бюджетни моҳирона режалаштирасиз, ёки пулни сарфлаганингиздан кўра кўпроқ ишлаб топасиз.

10. Коммунал тўловлар, солиқ ва жарималарни вақтида тўлайсиз
Қарзни тўламаганлик бўйича тўлов (пеня) – эсдан чиқариш ва интизомга эга эмаслик учун бериладиган ёқимсиз молиявий жазо. Агар тўловлар вақтида амалга оширилса, уни осонлик билан четлаб ўтиш мумкин. Сиз буни биласиз ва хатога йўл қўймайсиз.

Фото: Pixabay
11. Молиявий мақсадлар ва уларга эришиш режасига эгасиз
Сиз таътил, автомобиль ёки нефть-газ компаниясининг акциялари назорат пакетига пул йиғиб борасиз. Сиз инфляцияни ҳисобга олган ҳолда қанча пул кераклигини аниқ биласиз, мақсадга эришишнинг аниқ муддатини белгилаб, жамғариб бориш графиги бўйича ҳар ой пул йиғиб борасиз. Бундай ёндашув барча ўйлаганларингиз амалга ошишига гувоҳлик беради.

12. Нархларни биласиз
Сиз учун одатий бўлган маҳсулотлар, хўжалик моллари ва ҳ.к лар қанча туришини биласиз. Шунинг учун “акция” бўйича бериладиган консервалар томонга қараб “югурмайсиз”. Улар қўшни супермаркетда доимий нархдан икки баравар арзон бўлишини биласиз. Бу дўконларнинг фойдали таклифларини танлаш ва ортиқча пул ишлатмасликка ёрдам беради.

13. Тежашга ёрдам берадиган иловалардан фойдаланасиз
Молиявий муаммони енгиллаштиришда қўл келадиган замонавий ишланмаларга “кўз юмиш” аҳмоқлик. Турли дўконлардаги нархларни таққослайдиган ва акцияларни кузатиб борадиган турли телеграм каналлари ва ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар мавжуд. Сизга эса бундай молиявий таҳлил учун дивандан туриш ҳам талаб этилмайди.

Фото: Pixabay
14. Дўстлар, қариндош ва танишлардан қарз олмайсиз
Мавжуд пул ҳажмига мос равишда яшаш – пул билан тўғри мулоқот қилишнинг асосий тамойилларидан биридир. Ўз-ўзидан, агар киримингиз етарли бўлмаса ва кимдандир ҳаётингизда молиявий иштирок этишини сўрашга тўғри келаётган бўлса, молиявий режангизда нимадир нотўғри кетган.

15. Жамғариб бориш орқали харид қилиш мумкин бўлган нарсаларга истеъмол кредитлари олмайсиз
Фоизи жуда паст кредит ваъда қилинаётган бўлса ҳам унга суғурта, маҳсулотга қўшимча хизмат кўрсатиш ёки сизни кўпроқ тўлашга мажбур қиладиган нимадир “бириктирилган” бўлиши эҳтимоли катта. Кўплаб харидлар, масалан янги телефон ёки ўйин консоли ҳаётий муҳим нарса саналмайди, бироз сабр қилиш ва тежаб қолиш мумкин.

16. Ҳисоблашни биласиз
Мактабдаги алгебра курси ҳеч қачон асқотмаган бўлиши мумкин, бироқ математика дарсларида олинган билим ҳар куни керак. Оддий ҳисоблашлар маҳсулотни қайси усул – карта орқали ёки акцияда сотиб олиш фойдали эканини тушуниш, йўл харажатлари чегирмаларидан келадиган фойдадан ошиб кетмаётганлигини аниқлашда ёрдам беради.

17. Сизда киримни ошириш режаси мавжуд
Тежамай туриб ҳам яшаш имконини берувчи кирим даражасига эга бўлсангиз ҳам, фақат мана шунинг ўзи билан чегараланиш самарали эмас. Шунинг учун сиз юқори маош тўланадиган мутахассисга айланиш йўлларини излайсиз: доимий равишда ўқийсиз-ўрганасиз, фойдали алоқаларга эга бўласиз, истиқболли лойиҳаларда иштирок этасиз. Бундан ташқари, киримни ошириш учун қайси йўналишда ўсиш кераклигини кўра оласиз.

Фото: Pixabay
18. Сармоя киритишга қизиқасиз
Сармоя киритиш фойдали ҳисобланган маблағга эга бўлмасангиз-да, депозит, акция, сармоя ва пулни ишга соладиган бошқа усуллар билан қизиқасиз. Бу тўғри ёндашув бўлиб, у сизга камида инфляция туфайли жамғармаларнинг бир қисмини йўқотмасликка ёрдам беради.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Молиявий барқарорлик сари 18 қадам