19:26 / 28.05.2018
16 009

Қиёмат куни соя-салқинда бўладиган 7 тоифа одам

Қиёмат куни соя-салқинда бўладиган 7 тоифа одам
Агар киши бу дунёда нимагадир қаттиқ эҳтиёжманд бўлса, унга етишиш учун имкони борича ҳаракат қилади. Оч қолса, қорнини тўйғазиш дардида бўлади, кийими эскирса янгисини оламан дейди, машинага эҳтиёжи бўлса, емай-ичмай машина учун пул йиғади... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Юқорида санаб ўтганларимиз инсоннинг ҳаётий дунёдаги эҳтиёжларидир. Аммо ўткинчи. Охиратда туғиладиган эҳтиёж энг кераклиси ва эришиш қийин бўлганидир. Масалан, қиёмат кунида барча инсоният қуёш тиғи остида бўлганида, тиллар танглайга ёпишиб, чанқоқлик азоби тутганда, ҳолсизлик ва жазирама қийнаганда, кишининг нимага эҳтиёжи бўлади? Албатта, соя-салқин жойга. Аммо қиёмат куни бундай жойнинг ўзи бўлмайди, бироқ... Бироқ Аллоҳ таоло айрим бандаларига ўша куни ҳам меҳрибонлик кўрсатиб, уларни соя остига олар экан. Хўш, улар кимлар?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмаган қиёмат кунида 7 тоифа одамга соя беради. Булар қуйидаги тоифа одамлардир:

1. Одил ҳукмрон;
Чунки одил ҳукмрон давлатини тараққий этишида улкан ҳисса қўшади, халқининг фаровон яшашига, унинг ҳуқуқлари юқори туришига сабабчи бўлади.

2. Ёшликдан Аллоҳнинг итоатида ва ибодатида улғайиб ўсган одам;
Айни куч-ғайратга тўлган, ҳар қандай гуноҳ қилишга қодир бўлиб турган ёшлик пайтида Аллоҳнинг ибодатида бўлган банда қиёматда ана шундай бахтга эришади.

3. Қалби масжидга боғланган одам (яъни, фарз намозларини жамоат билан масжидда ўқийдиган одам);
Аллоҳнинг ибодатини Аллоҳнинг уйида қилиш ана шундай саодатга эришишга сабабчи бўлар экан.

4. Бир-бири билан Аллоҳнинг розилиги учун (яъни, Аллоҳ йўлида) дўстлашган икки одам;
Дўстлик самимий бўлса, ўртага шайтон аралашмаса икки дунё яхшилигига олиб борувчи бахт ҳисобланади.

5. Гўзал ва обрўга эга бўлган аёл зинога чорлаган пайтда, бунга рози бўлмасдан: “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деган одам;
Зино – улкан гуноҳ. Бунинг ортидан турли бахтсизликлар, мусибатлар келади. Аммо шайтон ҳамма ерда ҳозиру нозир. Юқорида келтирилган ҳолда зино қилмай, Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис қилиб, бу ишдан қайтса, унга қиёмат куни ана шундай мукофот берилар экан.

6. Аллоҳ йўлида хуфёна садақа қилган ва ўнг қўли берган нарсани чап қўли билмаган (яъни, ҳеч кимга билдирмасдан ва кўз-кўз қилмасдан садақа қилган) одам;
Садақа қилиш жуда хайрли амалдир. Садақани риё учун, одамлар кўрсин учун қилмасдан, Аллоҳ йўлида қилса, унинг охири яхшилик билан тугаши ҳадисда баён этилмоқда.

7. Ёлғизликда ўтириб Аллоҳни эслаб туриб кўзларидан ёш оққан одам”.
Киши ўзи соғинган ва севган кишисини эсласа, айниқса ёлғиз қолганда, кўзига ёш келади. Бу – инсоний муҳаббат. Аммо Аллоҳни эслаб, қилган гуноҳларига тавба қилиб, кўзига ёш олиш – ҳақиқий илоҳий муҳаббатдир. Бундай кишилар қиёмат куни соя остида бўладилар.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қиёмат куни соя-салқинда бўладиган 7 тоифа одам