15:27 / 14.06.2018
4 506

Сериал кўриш билан банд аёллар нимани бой беришяпти?

Сериал кўриш билан банд аёллар нимани бой беришяпти?
Журналист бувижоним Санъат Маҳмудованинг бир мансураларида шундай мисралар бор:
Лаъли жавоҳиру кимхобга тўймай,
Яна қарз сўраганлар олди вақтимни.
Бекатларда кутиб ўтган вақтим-ей,
Навбатларда кутиб ўтган вақтим-ей.

Йўл-йўлакай хаёлимдан ушбу сатрларни ўтказар эканман, менга ҳам илҳом кела бошлади:
Сериал кўришга кетган вақтимиз,
Телеграммга етган вақтимиз.
Китоб ўқишга етмайди-ей,
Беҳуда ишлардан ортмайди-ей…

Кўнглимда ғалаён қилган бу арзларим ҳозиргина ўзим гувоҳи бўлган бир манзара билан боғлиқ…
Қизчамни мактабгача таълим муассасасига етаклаб борарканман, одатдагидек, бугун боғча опанг янги шеърлар ўргатадилар, дея унинг кайфиятини кўтаришга уринаман. Аммо не кўз билан кўрайки, бу пайтда тарбиячи опанинг кўзлари телевизорга қадалган бўлади. У ўша – ҳар куни қўшни аёллар бир-бирларини кўрган заҳоти салом-аликдан ҳам аввал кечаги қисмидаги воқеаларни муҳокама қилишга киришиб кетадиган машҳур сериални бутун вужуди кўзга, қулоққа айланиб томоша қиларди. Унга нимадир демоқчи бўлаётганимни пайқади чоғи, мен томонга ўгирилиб:
– Кеча кечқурун сериалимни кўролмагандим, – дея изоҳ берди ва томошани давом эттирди. Аслида хонадаги бу телевизор болалар билан ўтказиладиган машғулотлар пайтида, байрам тадбирларида фойдаланиш учун келтирилганини биламан. Баъзан мультфильм ҳам томоша қилишади. Аммо қалблари оппоқ қоғоздек беғубор болаларнинг асосан севги, муҳаббат саҳналаридангина иборат бўлган бу сериал воқеаларига кўзи тушаётганидан дилим ғашланди. Фарзандларим тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун кўп функцияли уяли телефондан фойдаланмасликка, мантиқсиз сериалларни кўрмасликка ҳаракат қиламан. Аммо уларни ташқи муҳит таъсиридан ҳам ҳимоялашим лозимлигини мана шу лаҳзаларда яна ҳам чуқурроқ англадим. Бу мавзу билан боғлиқ яна бир воқеа ёдимга тушди.
Ёши элликлар атрофидаги бир қариндошимизга қўнғироқ қилгандим. Соат кечки саккизлар чамаси, у аёл сериал кўриш билан банд экан. Мен билан гаплаша олмади. Тавба, оиланинг оқила бекаси, турмуш ўртоғининг доно маслаҳатгўйи, фарзандлари тарбияси учун масъул бўлган аёл биргина хориж фильмига шу қадар боғланиб қолса-я?! Балки, сериаллар айрим уй бекалари учун “овунчоқ”дир? Лекин фарзандлар камолоти учун, эзгу амаллар, хайрли ишлар учун берилган вақтни бесамар ўтказиш биз – аёллар, оналарга ярашармикан?!
Сайёра ҚОДИРОВА

Манба: Mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сериал кўриш билан банд аёллар нимани бой беришяпти?