Муҳтарама, муслима синглимга насиҳат!

  • Ҳаёт тарзи
  • 14-06-2018, 17:57
  • 769
  • Муҳтарама, муслима синглимга насиҳат!
    Эй, лобар, гўзал муслима синглим! Сенга бир-икки оғиз насиҳатим бор. Аввало, Роббим айтганларимга ўзимни омил қилсин (амийн).

    Эй, муҳтарама, муслима синглим! Сен ҳаёли, иффатли, оқила, обида, солиҳа, собира, шокира бўлгин. Дининг сенга буюрган ишлардан ғафлатда бўлма. Доим сергак тур. Шайтонга алданиб қолма. Айтмоқчи бўлган гапларимни мендан эмас, 1400 ёшдан ошган ҳимоячинг — динингдан деб қабул қил.

    Эй, зийрак, муслима синглим! Дининг кўрсатмаларига ихлос ила амал қил. Йўқса, сени азиз қилган дининга ношукрлик қилган бўласан.

    Эй, мўътабар, муслима синглим! Юқорида дининга ихлос билан амал қил, дедим. Биласанми, нимага?! Сабабини қуйида баъзи мисоллар орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан.

    Қадимги Чин юрти. У ерда ўша вақтлар чиндан ҳам аёлларга жуда паст назар билан қарашар, ҳатто уларни одам санашмас эди. Аёлларга исм қўйилмас, балки уларни рақамлар билан чақиришарди. Ислом келиб, сенинг ҳаққингни олий қилди. Мартабангни юксакларга кўтарди. Ҳатто Қуръон суралари сенинг номинг билан номланди. Нисо, Марям, Мужодила. Энди сен ҳам сени улуғлаган дининг номини қанчалар эъзозламоқдасан?!

    Эй, оқила, муслима синглим! Бир эсла, олдин меросдан маҳрум эдинг. Балки ўзингни ҳам меросга қўшиб тақсим қилар эдилар. Ислом келиб, меросдан сенга тегишли ҳаққингни олиб берди. Энди сен ҳаққингни олиб берган ҳақ динга қанчалар амал қилмоқдасан?! Мазлума эдинг. Аллоҳ сендан зулмни кўтарди. Энди сен золимлардан бўлиб қолма.

    Эй, мастура, муслима синглим! Бир эслаб кўр. Тарихга назар ташла. Сени тириклай кўмдилар. Хор қилдилар. Вақтлар ўтди. Аллоҳ сени оёқ ости қилганлардан озод этиб, мақомингни кўтариб, ҳамма киришни орзу қилган жаннатни оёқларинг остида қилди. Сени мана шундай ҳурматлаган Исломдан қанчалар бохабарсан?! Ўзингни тут. Қадрингни бил. Бехабарлардан бўлиб қолма.

    Эй, азиза, муслима синглим! Жоҳилият даврида сени ор, ёмонлик белгиси деб билдилар. Ислом эса сени дунёга келишингни ХУШХАБАР, деб атади. Ҳатто битта гўзал тарбия қилинган қиз ота-она учун дўзахдан қалқон, парда бўлиши айтилди. Сенга шундай меҳрибонлик қилган динингни қанчалар ҳимоя қилмоқдасан?!

    Эй, шарафли, муслима синглим! Сени «иблиснинг қуроли» дейишди. Милодий 586 йили Францияда ўтказилган бир анжуманда «Аёл инсонми ёки инсон эмасми?» деган масала муҳокама қилинди. Аёллар қадри ерга урилди. Меҳрибон Аллоҳ эса мақомингни осмон қадар кўтарди. Сени Расули тилида Биллур идишга ўхшатди. Ҳақиқатда мана шу мақтовларга мос ва хос ҳаёт кечиряпсанми?!

    Эй, ҳимматли, муслима синглим! Сенинг зиммангда улкан вазифалар бор. Арзимас ишларга чалғиб қолмагин. Олдинлари «Ҳар бир буюк шахс ортида ҳимматли она бор», дейилади. Мана шу ҳикматга оғишмай амал қил. Болаларинг солиҳ бўлиши учун аввало, ўзинг солиҳа бўл.

    Эй, обида, муслима синглим! Ибодатларга пишиқ ва мустаҳкам бўл. Ғийбат, бидъатларда эмас, солиҳ амалларда мусобақалаш. Дангасаликдан шердан қочгандек қоч. Гўзал сифатларда Хадича розияллоҳу анҳо, Оиша розияллоҳу анҳо, Фотима розияллоҳу анҳо ва Робия оналаримиз каби бўлишга ҳаракат қил. Уларга муҳаббат қўй. Шоядки Аллоҳ сени жаннатда уларга қўшни қилса.

    Эй, доно, муслима синглим! Тўғри, сендан пайғамбар чиқмади. Лекин хафа бўлма. Пайғамбарларни ҳам оналар дунёга келтирган-ку?! Сенга фахр жиҳатидан шунинг ўзи кифоя.

    Эй, муслима синглим! Ҳаммамиз ислоҳни ўзимиздан бошлайлик. Шунда жамият ҳам ўз-ўзидан янада тинч ва гўзал бўлади. Бу йўлда чарчама. Аллоҳнинг Ўзи енгиллик берсин. Амийн.
    Андижон шаҳар «Ҳазрати Билол» жомеъ
    масжиди имом-хатиби Равшанбек Ўринбоев

    Манба: muslimun.uz

    » » Муҳтарама, муслима синглимга насиҳат!
    Яндекс.Метрика