10:27 / 21.07.2018
4 741

Ихлоссизлик изтироблари...

Ихлоссизлик изтироблари...
Бир одамга бор муҳаббатинг ва умидларингни тўкиб соласан. Сен бутунлай унинг олдида таслим бўласан, ҳатто заиф тарафларингни ҳам очиб ташлайсан. Сен унинг ягона эканига шубҳа ҳам қилмайсан. Яъни, ишонса бўладиган ягона инсон деб биласан. Ич-ичингдаги сир-асрорларингни айтиш мумкин бўлган ягона инсон ва сен унга барча нарсангни ишониб топширишинг мумкин.

Бироқ, шундай бир кун келадики, сен ўзинг қурган дунё қулаб тушади. Шундай нарса бўладики, сен идеал деб тасаввур қилган ўша одам ҳақидаги фикрларинг парчаланиб кетади. Юрагингни тилка пора қиладиган азобдан сўнг, бу инсон сен учун барча нарса бўлган бўлса ҳам, энди у сен учун ҳеч нарса эмаслигини тушуниб етасан. У энди сен учун мунофиқдир.

Сотқинликка учраган одам ҳеч нарса билан қиёс қилиб бўлмайдиган азобларга гирифтор бўлади. Ҳеч ким алданишни, аҳмоқ саналишни ва ўйин бўлишни истамайди. Бироқ ўзимиз тахтимизга ноўрин ўтқазиб қўйган шахснинг (нарса, ҳаёлот, мафкура, ғоя ва ҳоказолар) яширин тарафлари очилиб қолса, айнан шундай бўлади-да. Нохолислик оқибати азоб беради.

Энди мунофиқлик қилган сотқин ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Эҳтимол сиз ҳеч қачон бундай номуносиб ишни қилмаслигингиз, орқага ханжар урмасдим, деган маънодаги сўзларни айтарсиз. Бироқ янада диққатроқ назар соладиган бўлсак бу каби мунофиқлик ўзимизда ҳам топилади. Инсон қалби заррасигача энг ихлосли бўлиши лозим бўлган Эгамизга мунофиқлик қилиб қўямиз.

Намоз тугатиб қўйишда дангасалигимиз ошиб кетади. Алдаймиз, ўғирлик қиламиз ва ғийбатлардан чарчамаймиз. Тилимиз, кўзимиз, қулоқларимиз ва қўлларимиз билан ҳаром ишлар қилиб қўйамиз. Нафс дунёсига бутунлайича ғарқ бўлиб кетамиз ва яна орқасидан Аллоҳ таолога муҳаббатимиз ва содиқлигимиз ҳақида ҳам гапириб қўямиз. Балки бу ҳақиқий муҳаббат ва содиқликдир, бироқ амалларимиз бунинг аксини кўрсатиб турибди. Натижада, ич-ичимизнинг тубидан мунофиқлик қилаётганимизни тушуниб, англаб турамиз. Кўпчилигимиз астойдил тавба қилганидан сўнг ҳам маъсиятга берилади, баъзилар эса ҳақиқатдан ҳам тўғри йўлни топиб кетади, бироқ кўпчилигимиз гуноҳ ва маъсиятга янада кўпроқ ғарқ бўлади.

Аллоҳ таолога нисбатан қабул қилиб бўлмайдиган нохолислик нима эканини биласизми? Аллоҳ таоло Ғонийдир, У ҳеч нарсага мухтож эмас. У бизнинг ихлосимизга муҳтож эмас, аксинча биз муҳтожмиз. Шундай қилиб, Аллоҳ олдидаги соҳтакорлик, мунофиқлигимиз ўзимизга қарши ҳужжат бўлади. Биз доим қиррада юрамиз, ҳотиржамсизликка мубтало бўлганмиз, ўзимиздан нафратланиб, азоб ичида қоламиз. Биз ҳақиқатдан ҳам ўзимизга қарши жиноятчига айланамиз.

Сўнгги вақтлар ўзимга қайта-қайта бир саволни бераман: мен қанчалик холисман? Диндорлигим фақат Қуръон ва Суннатдан иқтибосларни такрорлашдан иборат бўлиб қолди, улардан дарс олмаяпман, амал қилмаяпман. Интернетдан керакли маълумотларни қўйишда, уларни бир зумда тарқатишда менга етадиган бўлмаса керак. Аввалига, улар кимгадир керак (умуман олганда ҳозир ҳам шундай фикрдаман), деб ўзимни ўзим алдар эдим, аммо вақт ўтиши билан, аслида бу нарсалар мени бошқалардан устун қилиши ҳиссини келтириб чиқаришини тушуниб етдим. Мана айнан шу менинг ихлоссизлигим. Биласизми, нимага шундай? Мен бундай мусулмон бўлишни истамайман, мен ташқаридан қаралганда оддий мусулмон лекин ич-ичимдан кучли мўмин-мусулмон шахс бўлишни истайман.

Муҳтарам акалар-укалар, опа-сингиллар, сиз ҳам Аллоҳ таолога нисбатан ихлоссизлигингизни ҳис қилганда азоб чекасизларми? Гуноҳ иш қилиб қўйганингизда безовта бўлиб, ваҳимага тушасизми? Мен нима демоқчи бўлганимга тушуниб турганингизга аминман. Демак, фикр юритишимизга озгина бўлса ҳам сабаб бор экан: балки Аллоҳ таолога нисбатан чин ихлос камлиги ҳақида ўйлаб кўриш аслида яхшиликдир? Балки Роббимиз, хатоларимизни бизга кўрсатиб Ўзига тоза иймон билан қайтишимиз учун имкон бераётгандир? Энди тасаввур қилинг, бирон бир гуноҳга қўл уриб ҳеч нарса бўлмаганидек ўзимизни ҳис қилсак-а?! Аллоҳ таоло бизни ер юзида юрган миллион инсонлар каби маънавий кўр қилиб қўйганида нима бўлар эди-а?

Шунинг учун ҳам ихлосимиз йўқлигини англаб етишимиз, сўнг тавба қилиб Унинг ўзига қайтишимиз бу биз учун нажотдир. Аллоҳ таолонинг марҳаматидан ноумид бўлмасдан, ихлоссиз қилаётган амалларимизга баҳона қидириб, маъсиятларда давомли бўлиб қолмайлик. Бунинг ўрнига гуноҳларимизни тан олиб, сўнг астойдил чин кўнгилдан тавба ва истиғфорлар билан амал қилайлик. Унга қайтишни инкор қилманг, шунда У бизни бу азоблардан халос этади, ИншаАллоҳ.
Абу МУСЛИМ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ихлоссизлик изтироблари...