01:20 / 21.07.2018
7 683

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (5-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (5-қисм)
Шу кеча тинч ухладим. Назоратчилар ҳам эшикни очиб киравериб безовта қилишмади. Негадир навбатчилик қисмида ҳам бақир-чақирларни эшитмадим.

Баданимдаги яралар ҳали битиб улгурмаган бўлса-да, деярли оғримас, фақат қур-қур йўтал тутганда, ичакларим буралиб азоб берарди.

Кунни қоп-қора, сиқса суви чиқадиган нон ва совуқ сув, ичида бир-иккита пиёз, қорайган сабзи бўлакларигина сузиб юрган «шўрва» билан ўтказган бўлсам ҳам кайфиятим кечагига нисбатан бирмунча яхши эди.

Шом маҳалига бориб даричадан ташқарига қарадим. Узун симга нимадир осилган, сим эса нуқул силкинарди.

“Менга жавоб келганга ўхшайди, — ўйладим ичимда. — қани, олиб кўрай-чи!..”

Каравот остига беркитилган таёқча ёрдамида симга осилган хатни олдим ва шоша-пиша очдим.

Хатда: «Кечқурун соат 22: 00 да… фалон камерага «қонундаги ўғри» (вор в законе) нинг ҳузурида бўлишинг шарт. Назоратчи кузатиб боради.» деб ёзилганди.

Ҳайрон бўлдим. Ким у қонундаги ўғри? Нега бунақа деб аташади? Ё ўғриларнинг каттасимикан? Ҳа, шундай бўлса керак. Аммо… Турмада нима қиляпти у? Каттаси бўлса, озодликда юрмайдими? Менда нима иши бор? Майли, ўғри экан-ку! Ҳарқалай каллакесар деган номим бор. Нимасидан қўрқай. Борсам боравераман-да!

Ҳақиқатан, кечқурун камера эшиги очилиб, умуман бегона бир хомсемиз назоратчи ичкарига кирди.

— Қани, олдимга туш! — деди у дағдаға билан. — Бир жойга боришинг керак!

— Қаергалигини билсак бўладими, камандир? — атайин талмовсираб сўрадим мен. — Терговгами?

— Борганингда биласан, мишиқи! — баттар ўдағайлади у. — Юр дегандан кейин юравермайсанми?

Мен масхараомуз жилмайганча ташқарига йўл олдим.

* * *
Бу ерга келганимдан бери фақат турманинг бир қисминигина кўрган эканман. Биз олдинма-кетин деярли турманинг ярмини айланиб чиқиб, бир четдаги камераларнинг бири рўпарасида тўхтадик.

— Сен деворга ўгирилиб қўлларингни орқага қилиб тур! — деди назоратчи камера туйнугини тақиллатиш асносида.

Туйнук очилиб кимнингдир кал боши кўринди.

— Олиб келдим! — деди назоратчи унга.

Бош қимирлаб «маъқул»ишорасини қилди ва назоратчи қўлидаги калит билан камера эшигини очди.

— Қани, ичкарига кир!

Ажабо! Бу ер агар бетон деворларни, дарича-ю, темир эшикни айтмаса, мўъжазгина квартирани эслатарди.

Чапга каравот қўйилган. Тўшаклар устига оппоқ чойшаблар тўшалган, бош томонда паҳмоқ болиш. Бир бурчакда телевизор, ёнида каттакон магнитофон… Сал нарида эса юмалоқ стол. Стол устига бир шиша коньяк ва шоколад қўйилган.

Қизиғи, каравотлардан бирининг биқинида жойлашган оромкурсида кенг елкали, сочлари устарада қириб ташланган, нари борса мендан икки-уч ёш каттароқ рус йигити ўтирарди. Эгнига янги спорт костюми кийиб олган, тепасида боя туйнукдан мўралаган калбош тик турар, ўтирганни нуқул катта сочиқ билан елпирди.

Йигит мени кўргач, номига бир-икки қимирлаб қўйди-да, назоратчига «чиқ» ишорасини қилди.

“Бу ким ўзи? — хаёлимдан кечирдим мен турма назоратчисининг қуллуқ қилганча ташқарига чиқиб кетишидан ҳайратга тушиб. — Каллакесарга ўхшамайди. Чунки, билагида мендаги каби суратлар йўқ. Унда нега ўтирган ерида буйруқ беради?..”

— Ўтир! — хаёлимни бўлиб менга рўпарадаги курсини кўрсатди у. — Намунча бўшашмасанг? Ўтирсанг-чи тезроқ!..

Мен курсига чўкдим.

— Хўш, ишлар қалай, йигит? — сўради мени менсимайгина бошдан-оёқ кузатаркан.

— Ёмон эмас. — жавоб қилдим хотиржам оҳангда.

— Шунақа дегин? — йигит калбошга маъноли қараб қўйиб, ўрнидан турди. — Нима иш қилиб қўйганингни биласанми?

— Ҳеч бир иш қилганим йўқ. — дедим уни тушунмай. — Ҳамма қатори жазони ўтаяпман.

— Йўғ-э! — совуқ тиржайди йигит. — Айтганча, мени танийсанми?

— Йўқ.

— Кел, танишайлик унда! Рома!

— Хўжайин, қулоғим сизда! — калбош шоша-пиша қўлидаги сочиқни каравотга ташлаб қаршимизда ҳозир бўлди.

— Бу ҳали мени танимас экан. — деди йигит. — Нима қиламиз?

— Танитамиз-да, хўжайин!

Калбош мени калтаклаш ниятида қўлини кўтарди.

— Ўзингни бос, Рома! — уни қайтарди йигит. — Барибир бунга кучинг етмайди. Хўш, отинг нима?

— Мурод!

— Меники Савелий… Нега ментларга хизмат қиляпсан, Мурод?

— Кимга хизмат қилибман?

— Ўзинг биларсан? Шуниям мен эслатишим керакми?

— Мен ҳеч кимга хизмат қилганим йўқ.

— Бекор қиласан, Мурод! Бу ишинг яхши эмас. Сендақалар фақат адолат учун курашиши лозим эди. Майли… Кўргулик-да!.. Хомлик қилгансан… Ичасанми?

Мен стол устидаги бир шиша коньякка қараб олиб:

— Йўқ демайман, — деб қўйдим.

— Вой сурбет-эй! — сўкинди аллақачон Савелийнинг тепасига бориб олган Рома. — Бизнинг коньякдан-а?..

— Нима бўпти? — тағин уни қайтарди Савелий. — Ичсин! Фақат бизнинг идишдан эмас, ҳов анави ерда думалаб ётган косага қуйиб ичади.

— Ол косани, итдан тарқаган! — бақирди Рома турган ерида.

— Олмасам-чи?

— Нима?..

Рома хезланиб мен томон отилди.

— Тўхта! — секин юриб келиб унинг елкасини чангаллади Савелий. — Бу бизнинг меҳмонимиз. Қўполлик қилсак, гуноҳ бўлади. Майли, ичгиси келмаса, ичмасин!..

Савелий Романи каравотга ўтқазиб яна ортга қайтди.

— Мурод, — деди у босиқлик билан. — Сен прокурорнинг гапига кириб унга хизмат қилиб қўйгансан. Шуни биласанми?

— Ҳа, — жавоб қилдим таваккалига. — Нима қипти?

— Турма қонунларини билмайсанми нима бало?

— Жуда яхши биламан.

— Хўш, сотқинларга қандай жазо тайинланишиниям биласанми?

— Мен ҳеч кимга сотқинлик қилганим йўқ.

— Йўқ, сотқинлик қилгансан. Ўз мақсадинг йўлида прокурорнинг ноғорасига ўйнагансан. Афсус… Энди сени жуда катта синовлар кутяпти… Минг афсус…

— Қўрқитаверма! — дедим бўш келмай. — Сен ўйлаган қўрқоқлардан эмасман.

— Шунақами? Жуда яхши. Кўрамиз. Женя!

Шу заҳоти камера эшиги очилиб, хомсемиз назоратчи кириб келди.

— Олиб кетишинг мумкин!

— Қани, олдимга туш!

Мен Савелий ва Ромага бир-бир қараб олдим-да, итоат билан ташқарига йўл олдим.

* * *
Ўзим киришим керак бўлган камера рўпарасига келиб тўхтаганим ҳамоно назоратчи дўқлаб берди:

— Тўхтама!

— Нега? — елка қисганча унга ўгирилдим. — Камерага етиб келдик-ку!

— Сени Василий Иванович кутяпти! — деди назоратчи ҳийла овозини пасайтириб.

Бу гапни эшитдим-у, беихтиёр юрагим ғаш тортди.

“Наҳотки, ҳаммасининг тили бир бўлса? — ўйладим мен. — Ўғрибоши, прокурор бир бўлиб адабимни беришмоқчими? Қайси гуноҳларим учун? Нега бу қадар сирли иш тутишади?..”

Вақт алламаҳал бўлиб қолгани боисми, турма ичкарисида ҳам сукунат ҳукм сура бошлаганди. Фақат ташқаридаги соқчиларнинг аҳён-аҳёнда сўкиниб қўйишлари қулоққа чалинади.

Навбатчилик қисми эшиги ланг очиқ экан. Ичкарида майор Василий Ивановичдан бўлак ҳеч ким кўринмади. У хона ўртасидаги курсида оёқларини чалиштирганча ўтириб сигарет тутатар, стол устида яримлаган ароқ, атрофида икки-учта тузланган бодринг бўлакчалари сочилиб ётарди.

— Мумкинми, ўртоқ майор? — остонадан туриб киришга рухсат сўради назоратчи.

Майор кайфдан қизариб кетган кўзларини катта-катта очиб иккаламизга алам аралаш бир муддат тикилиб қолди ва ниҳоят қўлини назоратчига пахса қилиб буюрди:

— Сен даф бўл! Анави ифлос, мишиқи ичкарига кирсин!

Буйруқ бажарилди. Мен икки қўлимни орқага қилган кўйи майор Василий Иванович қаршисида қаддимни ғоз тутдим.

Очиғи, бу ерга нима сабаб билан олиб келинганимни жуда яхши пайқаб турардим. Бўлиб ўтган ишлар бу нусханинг қулоғига ҳам етиб келган. Акс ҳолда… Тўхта, ўғрибоши Савелий билан бунинг қандай яқинлиги бор? Ахир, мени ўшанинг олдидан тўғри бу ерга олиб келишди-ку!..

Майор бирпас менга нафратли нигоҳларини тикиб жим қолди. Сўнгра қўлидаги ароқ тўла стаканни полга урди. Стакан чил-чил синиб, ҳар тарафга сочилиб кетди.

— Ифлос! — гандираклаганча ўрнидан туриб кетди майор. — Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман!..

У гандираклаб бориб эшикдан йўлакка мўралади-да, бақира бошлади:

— Соқчилар! Қай гўрга гум бўлдиларинг? Тез буёққа кел!..

Кўз очиб юмгунча қўлида чарм таёқ тутган икки аскар пайдо бўлди.

— Манавини ўн учинчи камерага олиб бориб тиқларинг! — буюрди майор мени кўрсатиб. — Фақат тез бўлларинг!..

Аскарлар буйруқни эшитганлари заҳоти икки қўлтиғимдан маҳкам сиқиб ташқарига олиб чиқиб кетишди.

То айтилган камерага етгунимча майорнинг сўкинишлари қулоғимга чалиниб турди.

— Итдан тарқаган сотқин! Сотқин!..

* * *
Камерада уч эркак папирос тутатганча ўтиришар, бири паст бўйли, оддий майкада, иккинчиси юзи ва ўнг билаги чуқур чандиқли, кўккўз эди. Учинчиси эса баланд бўйли, озғин, қиррабурун.

Улар мени кўришлари билан назоратчига ҳам эътибор бермай, кулиб юборишди.

— Ў, меҳмонча кеп қолди! — қичқирди чандиқлиси. — Қачондан бери кутамиз-а буни! Қани, бурчакка ўтиб ўтир!..

Бу орада назоратчи ҳам масхарали тиржайиш қилиб ташқарига йўл олди ва камера эшигини қулфлади.

— Қани, йигитнинг гули, — чандиқли, кўккўз маҳбус менга яқин келиб елкамга қўлини қўйди. — Биз юборган «совға»ни олдингми?

Мен унинг масхараомуз муомаласидан жаҳлим чиқиб чуқур хўрсиндим ва лабимни тишлаб ўзимни сал орқага олдим.

— Нега индамайсан? — совуқ тиржайиб сўрашда давом этди у. — Ё олмадингми?

— Қанақа совға?

— Қанақа бўларди? Ичида «Сизни севаман» деб ёзиб қўйилганди.

— Нима?.. Ҳали…

Уч маҳбус бараварига кулиб юборишди.

— Ҳа, сени ҳаммамиз севамиз! — луқма ташлади паст бўйлиси. — Бу кеча биз сени яхшилаб «меҳмон» қиламиз!..

— Ифлослар!.. — мен ортиқ чидаб тура олмасдим. Қаршимдаги чандиқли маҳбусга ташланиб бўйнидан бўға бошладим.

Маҳбусни шу қадар қаттиқ бўғдимки, ҳаш-паш дегунча хириллай бошлади.

Қолганлари эса менга ёпишиб, иккаламизни айириш пайига тушишди. Бироқ кучлари етмасди.

Шу пайт бошим аралаш қаттиқ буюм келиб тушди.

Кўзларимдан ўт чақнаб кетгандек бўлди.

Шилқ этиб ўнг ёнбошимга суяндим-у, ҳушимдан кетдим…
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (5-қисм)