21:12 / 22.07.2018
8 566

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (7-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (7-қисм)
Хона чироғи ўчирилгандан кейин ҳам анча вақтгача Еленанинг кириб-чиқишларини зимдан кузатиб ётдим. Бу аёлнинг қадам ташлашидан тортиб, нафас олишигача мени ҳаяжонга солар, нимадир дейишдан зўрға ўзимни тиярдим.

Йўқ, охири тинчлантирувчи дорилар таъсир қилди. Мен ухлаб қолдим.

Бироқ бу воқеа тушимда рўй бердими, ё ўнгимдами, идрок эта олмасдим.

Сезиб турардимки, Елена қайсидир хонага кирди. Негадир юрагим ғаш тортиб, ортидан юрдим.

Ажабланарлиси, бир четда ўтириб, компьютерда нималарнидир ёзаётган қиз ҳам индамади.

Оёқ учида юриб бориб чарм қопланган эшикни ўзимга тортдим.

Не кўз билан кўрайки, ичкаридаги юмшоқ курсида турма бошлиғи, унинг тиззасида эса ярим яланғоч Елена ўтирарди. Суюклигим нуқул турма бошлиғига эркаланиб, ҳиринг-ҳиринг куларди.

— Ифлос!.. Нима қилиб қўйдинг?.. Ҳали сен… Шунақамидинг?..

— Ҳой, ҳой, Мурод! Сизга нима бўлди? Кўзингизни очинг!..

Мен кимнингдир қаттиқ турткисидан уйғониб кетдим.

Тепамда Елена турар, нуқул мени силтарди.

— Мен… Туш кўрдимми?.. — талмовсираб сўрадим унинг билакларини чангаллаб. — Сиз… Турма бошлиғининг…

— Ёмон туш кўрибсиз шекилли. — деди Елена шивирлаб. — Туринг, вақт бўлди!..

— Қ-қаерга?..

— Кетадиган вақтингиз бўлди!

Мен ўрнимдан қўзғалиб бошимни қаттиқ-қаттиқ чайқадим ва рўпарадаги каравотга кўз ташладим. У ерда кимнидир оппоқ матога ўраб ётқизиб қўйишганди.

— Ҳайрон бўлманг. — мени тинчлантирган бўлди Елена. — Бу маҳбус бугун сил касали туфайли оламдан ўтди. Шунинг ўрнига сизни машинага ортишади.

— Уни-чи?.. Қанақасига мени ортишади?..

— Буни кейинроқ жўнатамиз. Хуллас, қулоқ солинг. Ҳозир сизни худди шу тахлит оқ матога ўрайман. Ўзингизни ўлгандек тутиб жим ётасиз. Секин-секин нафас олинг. Токи ҳеч ким тирик эканингизни сезмасин.

— Кейин-чи?

— Машинага ортишгандан сўнг мен ҳам ёнингизга чиқиб ўтираман. Машина қалин ўрмон орқали кетади. Тўхтатганимдан сўнг сизни ўзим ечиб оламан. Сакрайсиз-у, ўзингизни ўрмонга урасиз. ҳаммаси келишиб қўйилган.

— Сиз-чи?.. Кейин сизни кўрмайманми?..

— Айтдим-ку, тақдиримизда бўлса, албатта кўришамиз. ҳозир ўзингизни ўйланг.

— Тушундим. — дедим бошимни қуйи солиб. — Ҳамма айтганларингизни қиламан.

— Жуда яхши. Унда чўзилиб ётинг. Мен тезда сизни ўраб ташлашим керак!

— Мени «мурда» ҳолига келтириш учун тахминан ўн дақиқалар сарфланди.

Елена айтганидек, нафас олиш анча мушкул эди. Аммо… На илож?.. Озодликни соғинганман. Қолаверса, Еленанинг гапларида жон бор. Турмада мени яхшилик кутиб турмаганини аллақачон англаб етгандим…

Ярим соатлардан кейин мени кимлардир авайлаб кўтариб ташқарига олиб чиқишди ва машинага ортишди.

— Мен ҳам сизлар билан бирга кетаман! — врачга юзланди Елена. — Бу маҳбус яхши инсон эди. Уни ёришларига йўл қўймайман!

— Кимнинг кўзи учиб турибди ёраман деб? — тўнғиллади врач. — Мумкин эмас сизга!

— Нега мумкин бўлмас экан? Бораман дедимми, бораман!..

— Билганингизни қилинг!..

Врач зарда билан ҳайдовчи кабинаси эшигини очди-да, ичкарига ўзини урди.

Елена бош тарафимга ўтиргач, машина эшиги шарақлаб ёпилди ва биз йўлга тушдик.

* * *
Чамаси, бир соатча йўл юрилгач, текис йўл тугаб, машина ўнқир-чўнқир йўллардан иборат қалин ўрмон ичкарисига бурилди. Мен ўзимни шу кеча яна бир синовдан ўтказишга муваффақ бўлгандим. Машинамиз қанча силкинмасин, овоз чиқармасдан ётар, қорнимдангина нафас олишга ҳаракат қилардим.

Яна қанча юрганимиз ёдимда йўқ. Елена кутилмаганда пайпасланиб, оқ матони бўшата бошлади.

— Туринг! — шивирлаб буюрди у бошимни матодан халос қилгач. — Жим ўтиринг! Ана шундай… Энди ҳов анави ёққа қаранг. Кўрдингизми?.. Ўрмон жудаям қалин. Бахтингизга чакалакзорлар кўп экан. Ўша ёққа ўзингизни урасиз. Унгача мен анавиларни чалғитиб тураман.

— Хўп бўлади! — мен негадир аламим келиб Еленанинг кўксига бошимни қўйдим.

У қаршилик қилмади. Турмадагидек мени ўзидан итариб ташламади. Аксинча хўрсина-хўрсина жуссамни матодан бўшатишда давом этди.

— Ана энди бурчакка бориб туринг. — деди у иш битгач матони бир четга отиб. — Сизни кўриб қолмасликлари керак. Машина тўхтагани ҳамоно тапилламасдан оҳиста машинадан тушасиз ва эмаклаб ўрмон ичига кириб кетасиз.

— Мени унутиб юборманг! — илтижоли оҳангда сўз қотдим мен. — Акс ҳолда уволимга қоласиз.

— Хотирингиз жам бўлсин. Сиз ҳамиша ёдимда бўласиз. Боринг бурчакка!..

Қоронғиликда сирғалибгина ташқари эшик қаршисига бориб олдим. Елена кутилмаганда бақира бошлади:

— Ҳой, тўхтат машинани! Тўхтат дедим! Юрагим ёмон бўляпти, тўхтат!..

Машина тўхтади. Бироқ олдиндагиларнинг пастга тушгани эшитилмади.

— Ҳаммаси жойида. — деди Елена ташқари эшикни очаркан. — Манави халтачани олинг! Ичида бир кунга етгулик егулик бор. Энди сакранг!..

Мен сўнгги бор унга қоронғиликда бўлса-да, тикилиб олдим-да, пастга сакраб, ўзимни чакалакзорлар орасига урдим.

Шу заҳоти ичкаридан Еленанинг ҳайқириғи эшитилди.

— Бўлди, ҳайда! Мен яхшиман!..

* * *
Озодлик тотли эди. Гарчи тиканаклар аъзойи баданимни тимдалаб, қонга бўяган бўлса-да, халтачани маҳкам бағримга босганча олдинга интилар, тиззадан баланд қор кечиш ҳам осон туюларди. Шу тобда ҳеч нарсани ўйламасдим. Фақат кўздан пана, иссиқ жой топиш ҳақида бош қотирардим.

Ниҳоят чакалакзорлар тугаб, дарахтзорлардан иборат жойдан чиқиб қолдим.

Атроф жимжит эди. Аҳён-аҳёнда бойўғлининг хунук сайраши-ю, қаерлардадир чиябўриларнинг увиллаши қулоққа чалинарди.

“Ишқилиб, йиртқич ҳайвонлар бўлмасин-да! — кўнглимдан ўтказдим мен. — Йўқ, бунақанги жойларда юрмаса керак…”

Пича пайпасланишдан сўнг чарчаб икки қулоч келадиган дарахт панасига ўтириб қолдим. Шу ер изғириндан асрайдигандек туюлди.

— Мана шу ерда тонг оттираман. — дедим ўзимга ўзим. — Нима бўлса бўлар. Ортиқ юришга мажолим етмайди.

Ҳарсиллашларим пасанда бўлгач, жуда очиқиб кетганимни ҳис этиб, жонҳолатда қўлимдаги халтачани очдим. Ичида яримта қора нон, ярим бўлак колбаса бор экан.

“Буни ҳозир еб қўйсам, эртага оч қолишим тайин. — ўйладим мен. — Яхшиси, бир бўлагини ейман-да, сабр қиламан…”

Ҳа, анча вақтдан бери колбаса емаган эканман. Сал қурса ҳаммасини паққос тушираёздим. Эртанги кун қайғуси бўлгани боис базўр ўзимни тийиб, ортган колбасани халтачага тиқдим.

Овқатланганимдан сўнг баданимга илиқлик югуриб, бироз бўшашгандек бўлдим. Аммо ухлаб қолишга ҳаққим йўқ эди. Бу қаҳратонда ўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Яхшиси, ўтириб тонг оттираман…

Бўрон тобора кучайиб, қор ёғиши тезлашди. Бироз ўтиргач, яна совқота бошладим.

“Йўқ, — ўйладим даст ўрнимдан туриб. — Югуришим керак. Шунда қизийман, музлаб қолмайман…”

* * *
Қаҳратон қиш кечасида юпқа кийимда тонг оттиришнинг ўзи бўлмайди. Лекин… Ўзга иложим ҳам йўқ эди. Тунни деярли уёқдан буёққа чопиб, турли жисмоний машқлар бажарган ҳолда ўтказдим. Атроф ёришиб, қушлар дарахтдан-дарахтга сакраганча чуғурлай бошлагач, заҳирамдаги сўнгги егуликларни тамадди қилдим. Ҳа, мени бир соатдан кейин нима бўлиши, бошимга қандай савдолар тушиши умуман қизиқтирмасди. Шу тобда қорнимни тўйдирсам бас. Бир иложи топилиб қолар, деб ўйлардим. Амаллаб егулик қидириб топишдан умидвор эдим.

Дарвоқе… Ёдимга Еленанинг сўнгги гаплари тушди.

— «Ўрмонга тез-тез овчилар ташриф буюриб туришади. Улар ўзлари учун чайласифат уйчалар қуриб қўйишган. Бу «Овчи уйи» деб аталади. Кетаётиб ортган барча егуликларини қайсидир овчими, ўткинчими башарти адашиб қолса, очдан ўлмаслиги учун уйчада қолдириб кетишади.»

Мана шу ўй мени жонлантирди ва тиканаклар оралаб дуч келган тарафга қараб чопдим.

Кошкийди ўша уйчалардан бирини топсам!..

* * *
Қўлларим, юзларим тирналиб қонга бўялса-да, ниҳоят бир сўқмоққа чиқиб олдим. Сўқмоқнинг икки ёни бўйдор қайинлардан иборат эди.

Шу сўқмоқ бўйлаб кета бошладим. Очиғи, авваллари ўрмон кезиб кўрмаганим боис бўлса керак, ҳар бир шитирлаган товушдан юрагим така-пука бўлар, айниқса, гоҳида олдимдан югуриб ўтиб кетган тулкиларни кўрганда адойи тамом бўлай дердим.

Йўқ, мен тулкилардан, беўхшов товушлардан қўрқмасдим. Йиртқичларга йўлиқиб қолиш хавфини ўйлаб безовталанардим. Чамамда, икки чақиримча йўл босиб қўйдим. Шу орада қор ҳам тинди. Фақат ҳаво янада совиб изғирин бурним учини, қулоқларимни узиб олгудек чимиллата бошлади. Бу ҳам етмагандек, тирналган жойларимда совуқ заҳри туфайли ёқимсиз оғриқ турди. Қорним ҳам таталай бошлади.

“Наҳотки, турмадан қочиб, озодликни орзулаб хато қилган бўлсам? — ўйлардим аламим келиб. — Менга шу тахлит ҳаёт кечириш зарилмиди? Гарчи қийнашса, калтаклашса ҳам барибир камера бу қадар совуқ эмасди-ку!.. Йўқ, йўқ, нималар деб валдираяпман ўзим? Энди ўша турмасини елкамнинг чуқури кўрсин! Майли, шу ўрмонда ўлиб кетай, гўштимни маҳлуқлар ғажиб ташласин! Лекин озодликдан кеча олмайман…”

Шу пайт қайинлар орасидаги тахтадан чиройли қилиб қуриб қўйилган кичик бир уйчага кўзим тушди-ю, юрагим ҳаприқиб кетди.

Югурганча бориб уйча ичкарисига кирдим. Уйчанинг бир бурчагида ҳали очилмаган иккита консерва идиши, ёнида йўғон колбаса, яримта қотганроқ оқ нон ётарди.

“Мени алдашмабди, — ўйладим шоша-пиша консерва идишларидан бирини очишга тутиниб. — Бу овқат билан уч-тўрт кун бемалол яшаса бўлади. Уёғига тақдиримда бўлса, яна омадим кулар…

Ноннинг бир бўлагини консервага ботириб қорнимни тўйғазгач, эски кўрпача устига чўзилдим.

Шу заҳоти кўз олдимда тағин Елена гавдалана бошлади.

“У ҳозир нима қилаётган экан? Мени бир марта бўлсин ўйладимикан? Оҳ, у шу қадар жозибали, гўзалки, ҳеч қайси аёл Еленага тенглаша олмаслигига шубҳам йўқ. Фақат… Айрилиқда яшашим алам қилади-да!.. Шу юришда ҳаётим ҳали- вери изга тушиб кетадиганга ўхшамайди…”

Очиғи, кейинги пайтларда қишлоғимни, ўзим таниб-танимайдиган қариндошларни соғина бошлагандим. Уйқуга кетдим дегунча, албатта қишлоқ, икки ёнига тол, тераклар экиб ташланган катта Бачқирариқ кирарди. Мен негадир жулдур кийимларда ариққа яқинлашиб келардим. Аммо кутилмаганда қаердандир бир гуруҳ эркак-аёл пайдо бўлиб, чўмилишга қўймасди. Барчалари қарғай-қарғай, мени қишлоқдан ҳайдаб солишарди.

Хўш, нега? Нима учун шу бир хил туш такрорланаверади? Ахир, қишлоққа бормаганимга неча йиллар бўлган!.. Қариндошлар ҳозир мени кўриб қолишса, танишмайди ҳам… У ҳолда нега бундай тушлар кўряпман?..

Тўхта, балки, ота-онамнинг қабрини зиёрат қилмаганим сабабли улар безовталанишгандир?.. Ҳа, ҳақиқатан мен бегона юртларга келганимдан бери буткул ўзгарганман. Гадойга садақа бермайман, Худойимни ёдламайман. Ота-онамнинг ҳақига дуо ўқимайман… Йўқ, агар ишларим юришиб, таъқиблардан халос бўлсам, албатта қишлоққа бораман ва қабристонни зиёрат қиламан…

Шу кўйи кўзим илинибди. Қанча ётдим, билмайман. Уйча даричасидан қуёш аста ғарбга қараб ботаётгани кўриниб турарди. Бир маҳал ниманингдир беўхшов увиллаётгани қулоғимга чалинди. Сакраб ўрнимдан турдим-у, даричага яқин бориб атрофни кузата бошладим. Ҳеч нарса кўринмасди. Увиллаш эса кучайгандан кучайиб борарди.

“Бўримикан? — юрагимни ваҳима босиб ортга тисландим. — Ёнимда қуролим ҳам йўқ. Бўрилар ёлғиз келишмайди. Камида тўрт-бештаси бир бўлиб ўрмон кезади… Нима қилсам экан? Индамай ўтиравераймикан? Яхшиси, ташқарига чиқаман. Ҳа, анави ходани олволаман. Буёғини энди пешонамдан кўраман. Балки, итдир. У ҳолда бир амаллаб ўлдириб олсам, йўқдан кўра, ит гўшти билан кун кечирардим…

Эҳтиёткорона ташқарига мўраладим. Не кўз билан кўрайки, ўн метрча нарида озиб-тўзиб кетган бир ит турар, уйча томонга қараб нуқул увилларди.

“Бу лайка-ку! — кўнглимдан ўтказдим мен. — Овчи ит!.. Қизиқ, қайси овчига тегишли экан? Адашиб қолдимикан? Ҳозир яқинлашсам, ташланиб қолмасмикан? Э, зўрға оёқда турибди-ку! Ҳойнаҳой, очликдан силласи қуриган-ов!.. Бечора ит!..

Секин уйчадан чиқиб эҳтиёт шарт итни кузата бошладим. У мени кўргани ҳамоно бир-икки ҳуриб думини ликиллатганча уйча томонга юрди.

— Шўрликкина! — дедим қўлларимни олдинга чўзиб. — Қани, келақол! Қўрқма, сенга ёмонлик қилмайман!

Ит югуриб келди-ю, оёқларимга ишқалана бошлади.

Мен уни маҳкам қучганча уйчага олиб кирдим. Ит умуман ётсирамас, ғингшиган кўйи оёқларимга ишқаланишда давом этарди.

— Ҳозир қорнингни тўйдираман. Аввал кўрпачага ўраб қўяй, совқотибсан.

Ит сал ўтиб ғингшишдан тўхтади.

Мен берган колбаса бўлагини иштаҳа билан ейишга тушди.

“Хайрият, ҳамроҳ топилди. — ўйладим мен унинг жиққа ҳўл юнгларини бармоқларим билан тараб. — Энди ёлғиз эмасман. Тилимни тушунмаса-да, албатта менга ҳамроҳлик қилади. Кўринишидан яхши итга ўхшайди.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (7-қисм)