09:20 / 12.08.2018
5 241

Аянчли тақдир кундалиги: “Бу дунёда яшашни истамайман”

Аянчли тақдир кундалиги: “Бу дунёда яшашни истамайман”
2018 йил 2 февраль

Мен яшашни истамайман. Бўлди. Ҳаммаси жонимга тегди. Нима қилсам ҳам буларга ёқмайди. Яхши ўқи, яхши ўқи, дейишади. Лекин, нима қилай қўлимдан келгани шу.

Нигорага ўхшаб ҳар куни янги телефон олиб беринг демасам, Райҳонга ўхшаб кунда янги кийим талаб қилмасам, зўр кийинмасам. Нима қилай, мактабда ҳам ҳеч ким мен билан дугона бўлмайди. Мени ҳеч ким тушунмайди. Ҳамма мени тинч қўйсин. Ёлғиз қолгим келяпти.

2018 йил 5 март

Бугун яна шундай бўлди. Энди Нигора билан сирдош бўламан, гаплашаман, дегандим, менга қарамай, Дурдона билан кетиб қолди. Нега мени ҳамма ёмон кўради, билмайман. Ҳеч кимга ёқмайман. Ҳеч ким менга бирор гапини айтгиси, мен билан яқинлашгиси келмайди. Отам ҳам, онам ҳам мени тушунмайди. Уларни яхши кўраман. Лекин барибир мени тушунмайди. Менга гапирманглар, индаманглар, ёлғиз қўйинглар мени.

2018 йил 7 май

Бўлди. Бир қарорга келдим. ўзимни ўлдираман. Ҳамма мендан қутулади. Мен ҳам улардан биратўла қутуламан. Билганларини қилишсин. Энди ҳеч ким билан ишим йўқ. Мактаб ҳам, дугоналарим ҳам, ўқиш ҳам жонимга тегди. Хоҳлаганларини қилишсин. Катта бўлсам, шифокор бўламан, оқ халат кияман, дегандим. Бунга ишонмай қўйдим. Йўқ, энди ундай бўлмайди. Энди менга фарқи йўқ...

Шу оқшом Ҳамидуллаевлар хонадонида фожиа рўй берди. Ҳали 16 га ҳам тўлмаган қиз ўз жонига қасд қилди. Ҳаётни тўлиқ тушунмаган мурғак тасаввурнинг нега бу қарорга келгани, нима учун бундай мудҳиш ишга қўл ургани сабаблари ноаниқ. Унинг оиласи маҳаллада тинч, уруш-жанжалсиз оилалардан. Ота-онаси меҳнаткаш, рўзғор деб тинмайдиган одамлар. Оилада 3 фарзанд бўлса, Замира ўртанча қиз эди. Унинг бир опаси ва укаси бор. Бу воқеа нафақат оила аъзоларини, балки бутун маҳалла аҳли ва мактаб жамоасини ҳам ларзага солди. Нега, нега, деган саволлар ўртага ташланди.

Онаси:

— Қизим ақлли, одобли эди. Ҳеч ҳам бу ишни қилади, деб хаёлимга келмаган. Тўғри, охирги пайтларда сал тергасак, ўзимни ўлдираман, мендан қутуласизлар, дейдиган одат чиқарди. Ўшанда дарров уришиб, бундай гапларни гапирма, деб танбеҳ берардим. Мен буни унинг ўтиш давридаги инжиқлигидан бўлса керак, деб тушунибман. Ўзим ўқитувчиман. Бундай ёшда қизларга бир гап кам, иккитаси кўплик қилади, ўтиб кетади-да, деб ўйлабман. Ҳаёт ташвишлари билан эртадан кечгача шулар учун оворамиз. У буни тўғри тушунарди. Менга рўзғор ишларида ёрдамчи эди. Одамовироқ бўлиб қолганини ҳам ақл кириб, қуйилиб қолганидан деб, хато қилдимми? Кечалари билан уйқум келмасдан ўйлаб чиқаман, нима қилиб, шу аҳволга тушиб қолдик экан? Унинг гапларига вақтида эътибор қаратишим керакмиди? Катта қизимда қийин кечмаганди балоғат ёши. Бунда шу жараёнда ёнида бўлолмадикми? Она бўлиб туриб унинг юрагидагини ўз вақтида ҳис қилмаганим учун ўзимни кечиролмайман.

Опаси:

— Синглим Замира билан яқин ўртоқ эдик, деб айтолмайман. Кўпинча сал нарсанинг устида ҳам талашиб қолардик. Ота-онам у кичкина-ку, сен сал ён боссанг бўлмайдими, деб мени кўп койишган. Аммо, барибир опалигим тутиб унга қизғанчиқлик қилганман. Дарсларида ҳам ёрдам бергим келмасди. Ўзи билиб қилса-да, деб тураверардим. Синглимнинг нима учун бу ишни қилганини мен ҳам кўп ўйладим. Охирги пайтларда ўзи сал бошқачароқ бўлиб юрувди. Ўртоқларига ҳам қўшилмасди. Уйдан чиққиси келмасди. Камдан-кам куларди. Фақат йиғламсираб, чеҳраси ҳеч очилмасди. Жуда жиззаки бўлиб қолганди.

Синфдоши:

— Мактабда Замира “аъло” баҳоларга бўлмаса-да, яхши ўқирди. Уй вазифаларини ўз вақтида бажарарди. Ёшлигидан юмшоқтабиат, мулойим, мўмин-қобил, индамас қиз эди. Кўп нарсани ичига ютиши билан ажралиб турарди. ўртоқлари кўп эмасди. У-бу жойга борамиз, десак ҳам қўшилмасди. Синфимиздаги орқа партада ўтирадиган қизлардан эди.

Шу воқеадан кейин кўп мутахассислар келиб биз билан ҳам суҳбатлар ўтказди. Ҳар хил тестлар олишди. Аммо Замиранинг бу ишини ҳеч ким тушунмади, изоҳлаб бера олмади. Биз ҳам ҳайрон қолдик. Тўғри, охирги пайтларда жуда жиззаки, бошқача бўлиб қолганди. Йигитлар билан умуман гаплашмасди, ҳатто қизлар билан ҳам ўртоқ бўлгиси келмасди. Дарсларда ҳам бир неча марта хаёл суриб ўтирганини кўрганман. Гўё бизни умуман эшитмаётгандек тутарди ўзини.

Ўқитувчиси:

— Замира ёмон ўқимасди. Табиий гуманитар фанларга кўпроқ қизиқарди. Келажакда шифокор бўлишни орзу қиларди. Юриш-туриши ҳам, одоби ҳам яхшигина қиз эди. Бирор марта синфдошлари билан жанжаллашганини, сабабсиз дарсларни қолдирганини билмайман. Тўғри, жуда фаол эмасди, индамай кириб-чиқиб юрарди. Бу хабарни эшитганда, ҳайрон қолдик. Ота-онасига ачиндик.

Балки мактабимизда ҳақиқий психолог мутахассис ишлаганида, ўғил-қизлар билан доимий равишда суҳбатлар ўтказиб турганида, шу иш бўлмасмиди. Психологимиз бор, аммо у мутахассис эмас. Вақти-вақти билан болаларнинг руҳий ҳолатини ўрганадиган тестлар ўтказа олмайди. Ўтказган тақдирда ҳам уни мутахассис сифатида таҳлил қилиб, керакли хулосаларни чиқара олмайди, назаримда. Балки Замира ёшлик қилдими, нима сабабдан бу ишга қўл урди, бу ишнинг жуда катта гуноҳ эканини билмадими? Наҳотки, билмаса. Биз ғафлатда қолдик.

Маҳалла раиси:

— Ҳамидуллаевлар оиласи маҳалламиздаги ибратли оилалардан бири. Бирор марта уруш-жанжал билан маҳалла идорасига келмаган. Оила аъзолари ҳеч қандай рўйхатда ҳам турмайди. Бу вазиятни қандай изоҳлашга ожизмиз.

Мутахассис изоҳи:

— Замира Ҳамидуллаеванинг отаси савдо ходими, онаси ўқитувчи бўлиб, оила яхши таъминланган. Маҳаллада обрў-эътиборли оилалардан бўлгани учун маҳалла томонидан воқеа содир бўлишидан олдин ўрганилмаган.

Юз берган ҳолатдан сўнг маҳалла, Хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар ва прокуратура, шунингдек, бошқа дахлдор давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирокида ҳолат батафсил муҳокама қилинди. Маҳаллада уюшмаган ёшлар билан мақсадли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмагани аниқланди.

Замира таҳсил олган мактабда 528 нафар ўқувчи бор. Мактаб директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, психолог билан суҳбатлашилди.

Психолог томонидан умумий йўналишда тестлар ўтказилган. Суицид ҳолати юз берганидан сўнг суицидга оид тест ўтказилган, аммо мазкур тест натижалари, олинган хулосалар, тестнинг характери, мазмуни ҳақидаги саволларга қониқарли жавоб олинмади. Маълум бўлдики, психолог мутахассис сифатида талабга жавоб бермайди.

Мактаб директорининг ташаббуси билан ўқувчилар ўртасида салбий ҳолатлар, жумладан, суициднинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Шунингдек, мактаб директори ўз телефон рақамини “ишонч телефони” сифатида тақдим этганини айтса-да, телефон орқали мурожаатлари қайд этилмаган, ҳеч қандай рўйхат йўқлиги “ишонч телефони” ишламаслигидан далолат беради.

Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг йиллик дастурига ўз жонига қасд ва суиқасд ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар киритилмаган.

Психолог:

— Бу ёшда ўз жонига қасд қилиш намойишкорона кўриниш ҳисобланади. Ўсмирларнинг суицидал хулқига тенгдошлари ва ота-оналари билан шахслараро муносабатларнинг таъсири сифатида қараш мумкин. Яъни ёш даври кризислари сабабли шахс ижтимоий муҳит, ўзгаришлар, муаммоларни енгиб ўтишга мослаша олмайди. Баъзан, ҳаттоки телевидение орқали берилаётган кинолар, роликлар, рекламалар таъсирида ҳам ўз жонига қасд қилишга мойиллик уйғониши мумкин. Агар шу хилдаги саҳналарга кўзи тушса, пессимист инсонларнинг миясида бу нарса кўпроқ ўрнашиб, ўзи тушган вазиятнинг ечими сифатида қабул қилади. Кучли тушкунликка, умидсизликка тушиш, ёлғизланиш ҳолатини бошдан кечиришга дош беролмайди.

Сабаблар, изоҳлар турлича. Аммо, нима бўлганда ҳам вояга етмаган, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, билмаган бир қиз ўзини шу оилага, мактабга, умуман, жамиятга ортиқча ва кераксиз деб ҳис қилди. Худкушликка қўл урди. Бугун унинг сабабларини, оқибатларини санашдан, ёки айбдорларни қидиришдан йироқмиз. Фақат бу жиноят замирида ҳар бир инсонга, ҳар бир юртдошимизга дахлдор бир масала борки, яқин атрофимиздагилар, биз ардоқлаган инсонлар ва умуман, ҳамма-ҳаммага нисбатан янада эътиборли, янада меҳрибон бўлиш масъулиятини юклайди.
Мунисхон КАРИМОВА

Манба: “Халқ сўзи”

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Аянчли тақдир кундалиги: “Бу дунёда яшашни истамайман”