23:37 / 07.09.2018
7 599

Номаҳрам... (13-қисм)

Номаҳрам... (13-қисм)
Матназар эрта тонгда ҳеч гап бўлмагандай қиморхонага келди-да, ўзини каравотга ташлади. Ҳақиқатан чарчаганди. Ёстиққа бош қўйиши билан кўзи илинибди. Ҳовлидан келаётган аёл кишининг овози уни уйғотиб юборди. Овоз эгаси негадир танишдек туюлиб, оҳиста деразадан қаради. Қаради-ю, тишлари ғижирлаб, кўзлари қисилди. Ҳовлида Марҳамат турар, Сарибой унга нималарнидир берилиб тушунтирарди.

— Сарибой, аёлга айт, кирсин! — дея қичқирди Матназар деразанинг бир қанотини очиб.

Унга кўзи тушган Марҳамат Сарибойга ҳам қулоқ тутиб ўтирмай, ичкарига қараб чопди.

— Хўш, нега келдинг? — совуққонлик билан сўради Матназар қаршисидаги ёши анча улғайган, сочлари оқариб кетган, юзларини хиёл ажин босган Марҳаматга қарамасликка интилиб.

— Сизни қидириб келдим..

— Нимага? Сен билан орамиз очиқ эди, шекилли?

— Тўғри. Мен ўшанда аҳмоқлик қилдим. Тузлиғингизга тупурдим. Аммо…

— Нима аммо? Энди-энди афсус чека бошладингми?

— Ўша пайтдаёқ бўлганимча бўлганман, — Марҳамат беихтиёр кўзига ёш олди. — Бошимдан қандай кунлар ўтганини билсангиз эди.

— Сени деб мен қандай балоларга гирифтор бўлганимни биласанми?

— Биламан. Олдингизда айбдорман. Кечиринг!

— Узрни менданмас, Худодан сўра! Ўғлинг қани?

— Ўғлим… Уни машина уриб кетган.

— Нима? Қачон? Қандай қилиб?

— Менинг касофатимга қолди. Энангиз раҳматлининг ёнида бўш жой бор экан. Ўша ерга кўмганман.

— Энамнинг ёнига? Нима учун?

— Ҳеч бўлмаса, шу баҳонада қишлоғингизга келиб турай, шу баҳона сиз юрган йўлларни кўрай, деб.

— Тўхта, тўхта! — Матназар шу лаҳзаларда илон воқеасини эслади. Ҳа, худди ўша ерда эди. Ҳозир ўша воқеани Марҳаматга айтмоқчи бўлди. Бироқ, айтмади. Кўриб турибди. Қилган гуноҳлари эвазига шундоқ ҳам жазосини олибди.

— Мендан нима истайсан? — сўради у гапни қисқароқ қилиш ниятида. — Бирор илтимосинг бормиди?

Марҳамат Матназарга тикилиб қаради.

— Сиз… Мени ёмон кўрасизми?

— Нима, яхши кўрайми?

— Ахир, сиз билан бегона эмасмиз!

— Йўқ, бегонамиз. Энди ортиқ мени безовта қилма! Тирикчилигингни қил!

— М-мен қийналиб кетдим.

— Нимадан қийналдинг? Пулданми?

— Сиз… Тушунмайсиз. Барибир тушунмайсиз, — Марҳамат шу гапларни айтиб кескин орқасига бурилди-да, югурганича ташқарига чиқиб кетди.

* * *

— Писмиқ, ҳой Писмиқ! — Марҳамат чиқиб кетиши билан қичқирди Матназар эгнига шоша-пиша кўйлагини илиб.

— Ҳа, ака, нима гап? — ичкарида кўз очиб-юмгунча Писмиқ ҳозир бўлди.

— Юр, ҳозир келиб кетган аёлнинг орқасидан кузатиб борамиз! Кўнглим ғаш. Бу аёлда бир гап борга ўхшаяпти.

— Машинани юрғазайми?

— Ҳа, Саримсоқниям чақир, уччаламиз борамиз!

— Ака, у аёл «Жигули»да келганди, — деди Сарибой дераза ойнасидан бошини ичкарига суқиб. — Ҳозиргина жўнаб кетишди.

— Ҳайдовчисини танимадингми?

— Йўқ, кўринишидан бу ерликка ўхшамади.

— Бўпти, сен уйдан қимирлама! Биз тез қайтамиз.

Машина елдек учиб кетди. Тахминан ўн чақиримлар йўл босишгач, Сарибой таърифлаган машина кўринди.

— Ана шу машина, — деди Матназар. — Кўрдиларингми, ичкарида фақат ўша аёл ўтирибди.

— Ким ўзи бу аёл? — сўради Писмиқ. — Нима мақсадда кепти?

— У аёл билан ўртамизда ҳисоб-китобларимиз бор. Ҳозир гап бундаяммас. Биз унинг орқасидан кузатиб бораверамиз. Қани, қаерда туради, ким билан туради, нима иш қилади, билиб оламиз.

Шу кўйи «Жигули» билан орқама-орқа бораверишди. Қишлоқлар ортда қолди. Бошқа вилоят ҳудудига кириб боришди. Ниҳоят улар кузатиб келаётган машина биринчи қишлоқ кўчаси томон бурилди.

— Секинроқ ҳайда! — тинимсиз Писмиққа эслатиб борарди Матназар. — Сезиб қолишмасин. Ана, биринчи дарвозада тўхташди. Тўхтат машинани!

Писмиқ машинани йўл четига тўхтатди. Матназар эса ҳамон Марҳаматнинг ҳаракатларини кузатиш билан банд эди.

Аввал у, кетидан ҳайдовчи тушиб, ичкарига кириб кетишгач, Матназар қайтадан машинани юрғазишга буюрди. Улар секин юриб келиб, ўша ҳовли рўпарасида тўхташди-да, олдинма-кетин остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйишди. Ҳовли анчайин кўримсиз, тор эди. Чапда иккита хона, ўнгда ҳам иккита. Лекин фақат чапдаги хоналардан биригина очиқ турибди. Матназар эҳтиёткорлик билан хона ичига разм солди. Чамаси, бу ерда яна қандайдир қизлар борга ўхшаб туюлди.

— Қани, кирайлик-чи! — шерикларига қўли билан ишора қилди Матназар. — Менимча, зўр ерга кеп қолдик!

Уччови ҳам дабдурустдан хона ичига кириб боришганда, даҳшатли манзара намоён эди. Тўрда ҳайдовчи бегона бир қизни қучоқлаб ўтирар, чапдаги темир каравотда эса Мардон Марҳаматни тиззасига ўтқазиб олганча эркалаш билан овора эди. Уни кўриб Матназарнинг эсхонаси чиқиб кетаёзди. Бир муддат каловланиб нима қилишни билмай тош қотиб қолди. Бу орада Марҳамат шошиб Мардоннинг тиззасидан турди-да, бурчакка қисилди. Мардон эса на туришни, на гапиришни билар, ўтирган ерида тош қотганди.

— Биз бевақт кеп қолдик, шекилли? — Мардондан кўз узмай сўз қотди Матназар. — Маишатнинг белига тепдик-а? Нега жим бўп қолдиларинг? Давом эттиравер маишатингни! Биз томоша қиламиз!

Шу тобда Мардон беихтиёр ўрнидан турди-да, орқага тисланиб бориб қўлига дераза токчасидаги ёғ босган капгирни олди.

— Агар яқинлашсангиз, ўлдираман!

— Нима? Ўлдирасан? Вой, кўрнамак-ей! Қайси гуноҳим учун? Саримсоқ, ушлаб қўл-оёғини боғла!

Саримсоқ бир зарб билан Мардонни ерга қулатди-да, айтилганидек, қўл-оёғини боғлаб Матназарнинг оёқлари остига судраб келди.

— Хўш, ука, бу ерда нима қиляпсан?

— Мен Марҳаматни севаман! — ётган ерида хириллади Мардон. — Унга тегишга ҳаққинг йўқ! Севаман?

Матназар тўсатдан хохолаб кулиб юборди.

— Вей, бу аёлнинг кимлигини биласанми? Кимларнинг қўйнига кирган, хабаринг борми?

— Ишинг бўлмасин! Аввал ўзингга боқ!

— Вой, ифлос, — Матназар энгашиб Мардоннинг томоғини чангаллади. — Дўконни ўмариб кетганинг, Ботир дўкондорга мени сотганинг етмай, энди хиёнат ҳам қилиб юрибсанми? Демак, қўйнимда илон сақлаган эканман-да! Йўқ, сендайларга шафқат йўқ. Аввал индамагандим. Энди кечириб бўпман! Қани, Писмиқ, Саримсоқ, ҳаммаларини машинага ортинглар! Уйда гаплашамиз!

— Бормасак-чи! — кутилмаганда ҳайдовчи чўнтагидан пичоқ чиқариб Матназарга ўқталди. — Жа ўзингга эрк бераверма, хунаса!

— Нима? Хунаса дегандай бўлдингми? — Матназар қўйнидан яшин тезлигида тўппонча чиқарди-да, ҳайдовчининг оёғига қараб ўқ узди.

— Иҳ-ҳ! Единг-ку! — Ҳайдовчи полга чалқанча қулаб типирчилай бошлади. Оёғидан отилиб чиққан қон аъзойи баданига чапланиб кетди. Тўппончага овоз пасайтиргич ўрнатилгани сабабли ташқарига эшитилмасди. Ана шу ҳаракатгина барчаларининг попугини пасайтирди шекилли, қанча қийнаб судрашмасин, «ғиқ» деган товуш чиқара олишмади.

* * *

— Хўш, буларни нима қиламиз? — барчаларини уй ичкарисига олиб кириб, дарвозани маҳкамлаб келгач сўради Писмиқ.

— Анови эркак билан қизни… Эсингдами, икки пайкал наридан анҳор оқиб ўтган. Жуда овлоқ ер?

— Ҳа, биламан.

— Ўша ерга обориб тинчитларинг! Лекин билиб қўй, бирорта хитланиб юрмасин! Тинчитгандан кейин анҳорга ирғитиб юбораверинглар! Қолганларини ўзимга қўйиб бер!

Писмиқ эркак ва қизни машина юкхонасига ортиб ҳовлидан чиқиб кетгач, Матназар омборхонага кириб, чироғини ёқди. Мардон ўзича типирчилаб қўл-оёғи боғланган арқонни узишга уринар, Марҳамат бўлса, индамайгина шифтга термилганича сукут сақларди.

— Ҳа, ўйнашлар, — икковини ҳам кетма-кет оёғи билан туртди Матназар. — Қара, ўйнашишга жуда қулай жой бу ер. Ҳеч ким халал бермайди. Чироқни ўчирсанг кифоя. Хўш, арқонларни бўшатайми, менинг олдимда бир ўйнашасизларми? Ажабмас, менам сизлардан қандай ўйнашишни ўрганиб олсам-а?

Ҳеч қайсисидан садо чиқмагач, Матназар укасини куч билан тепди.

— Нега индамайсан? Балки, ҳали Ҳамиданинг ҳам қўйнига кириб чиққандирсан-а? Гапир! — У Мардоннинг кўзларидан ёш сизиб чиқаётганини кўриб баттар тутоқди: — Ҳа-а, ўпкалари тўлиб кетдими? Ё виждонлари қийналяптими? Вей, ҳали она сутинг оғзингдан кетгани йўқ-ку! Ким сенга бу ишларни ўргатди ўзи?

— Кечиринг, ака! — эшитилар-эшитилмас шивирлади Мардон. — Аҳмоқлик қип қўйдим. Ботир амакининг гапига учиб қўйдим.

— Кимнинг гапига? У сенга нима деди?

— Акангни чув туширсанг, катта пул бераман, деганди.

— Нима? Қаёқдаги сассиқ пулларни деб менга хиёнат қилдингми? Сўрасанг менам берардим ўша пулни. Демак, ким пул берса, ўшанинг ноғорасига ўйнайвераркансан-да-а?

— Кечиринг, бошқа қилмайман! Сизнинг йўриғингиздан чиқмайман!

— Йўқ, сен кечирадиган иш қилмадинг, ука! Майли, иккаланггаям тегмайман. Тўрт томонинг қибла. Ана шуни кечирганим деб ҳисоблайвер! Аммо яна икковингни бирга кўрсам, мендан ўпкалаб юрма! Феълимни биласанлар!

— Хўп, айтганингизни қиламан!

Жигарчилик экан. Матназар укасига тиғ кўтара олмади. Марҳаматга эса… Унга ачинарди. Боласидан жудо бўлгани, бузуқлик йўлига кириб расвои олам бўлгани учун ҳам ачинар, уни деб қўлларини қонга бўяшни истамасди. Юраги қанчалар ўртанмасин, қанчалар нафрат, алам ўтида ёнмасин, уларни озод қилишга мажбур бўлди.
(давоми бор)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (13-қисм)