17:27 / 14.09.2018
6 402

Ҳасадгўйлар ўқисин: Бошқаларни кўролмайдиганлар фалокати

Ҳасадгўйлар ўқисин: Бошқаларни кўролмайдиганлар фалокати
Биринчи воқеа: «Нега бошимдан ташвиш аримайди?»

Эгнидаги кўйлаги бироз униққан, ранги заҳил, кўзларига мунг чўккан, 55 ёшлардаги бир аёл эшикдан ийманибгина мўралади. Ичкарига таклиф қилдим. «Дардимни кимгадир айтмасам, юрагим тарс ёрилиб кетиши мумкин, илтимос, менга ярим соат вақт ажратинг», — деди ҳалиги аёл.

Ишларимни бир чеккага суриб, аёлнинг кўзларига термилдим:

— Нимадан бунчалик қийналяпсиз?

— Э-э, сиз сўраманг, мен гапирмай, ҳаётим алғов-далғов бўлиб кетган, — дея гап бошлади у. — Икки ўғилнинг каттасига турмушга чиққан эдим. Қайнонам менга унчалик кўп сарпо қилмаган ҳам. Борига шукр қилиб, тўйдан кейин хизматларини қилавердим. Хўжайинимдан кейин уч қиз, ундан сўнг яна бир ўғил оилада. Қизларни узатдик. Ана ундан кейин қайнимни уйлантирдик. Унинг тўйига тараддуд кўрилаётган пайтда ичимга ўт тушгандек бўлди. Қайнонам овсиним учун ҳам, қудалари учун ҳам энг асл матолардан олди. Нима яхши нарса топса, янги келинимга дейдиган бўлди. Тақинчоқларни айтмайсизми?.. Мен бечорани битта узук-зиракка муносиб кўрмаганди, кичик келинга эса қўша-қўша тилла тақинчоқлар. «Бизга бунақа нарсалар қилмагансиз», десам, «Ношукр бўлманг, еганиз олдизда, емаганиз ортизда, қуда бўлган жойимиз тагли-тахтли одамлар экан, уларнинг обрўсига яраша муомала қилишимиз керак», деб жеркиб берди. Бўғзимга бир нима тиқилгандек бўлди.

Овсиним келин бўлиб уйимизга келмасиданоқ уни ёмон кўриб қолгандим. Тўй ўтгач, унинг гап-сўзларига тоқат қилишим қийинлашди. Бир қарасангиз, уйидан икки қулоч мато кўтариб чиқиб: «Опажон, шуни кўйлак қилиб тиктириб кийинг, сизга ярашади», дейди, бир қарасангиз, «Опажон, тўйга менинг тақинчоқларимдан тақиб боринг», деб сахийлигини кўрсатмоқчи бўлади. Назаримда у: «Сен камбағалнинг боласи, мен билан тенглашмагин-да, берган хайр-саховатимга суюниб ўтиравер», деяёгандек.

«Нимага мен ўртахол оилада катта бўлдим?», «Нимага овсинимнинг ҳамма нарсаси бор, меники йўқ», деб куяман… Устига-устак қайнонам унинг айтган гапидан бир қадам чиқмайди денг… «Шу овсиним ҳаммамизни иссиқ-совуқ қилаётган бўлса-чи», деб ўйлаб фолбинга ҳам бордим. Гумоним рост чиқди. «Тезда қайтариқ қилдиринг, бўлмаса, ҳадемай эрингиз билан сизнинг ҳам тил-жағингизни боғлаб қўяди», деди у. Хўжайинимнинг топган пулларидан яшириб олиб, ҳали фолбинга, ҳали азайимхонга, ҳали муллага чопаман денг… Миямни эса «Нимага у бунчалик бахтли?!» деган ўй пармалайди. Болаларимга қарашга вақтим йўқ. Эримнинг кийим-кечагигаям эътибор бермай қўйдим. Қайнонам мени латта-ландовурликда, эпсизликла айблайди, овсиним пиширган овқатни мақтаб-мақтаб ейди.

Унинг устамонлиги, «ирим-сирим қилиши»га эримни ҳам ишонтирдим. Болаларимни ҳам бир амаллаб йўриғимга солдим. Улар овсинимнинг қўлидан овқат ейишмайди. Қўшниларига, таниш-билишларига овсинимнинг «кирдикорлари»ни сўзлаганимда ҳамма ёқа ушлаб, «Қўйсангиз-чи, шундай хушмуомала жувон шунчалик ёмон бўлиши мумкинми?» дейишади. Қайтага ҳамма мени куйканакликда айблайди… Шу зайлда йиллар ўтди. Алоҳида уй-жой қилдик. Қизларим бўйга етди. Уларни узатдик.

Ҳовли-жойимизни бўяб-безашга ҳам қурбимиз етмади. Овсиним бўлса, қайним иккови биздан кейин уйларни бошқатдан қўшқаватли қилиб кўтаришди. Ўғил-қизлари институтда ўқийди. Болалари «Вой бошим», деган куни атрофида гирдикапалак бўлишади. Меникилар эса… Қизларим ҳали униси, ҳали буниси қайнонасининг, қайнсингилларининг зуғумлари-ю, овсинларининг кериклигидан гап топиб келишади. Ҳали қурилишга, ҳали устахоналару, тўйхоналарга ўзини уриб тирикчилигимиз учун пул топаётган ўғлимни уйлантирай десам, совчиликка борган жойларимиз қизини бергиси келмайди. Сиқилган юрагим баттар сиқилади…

Уйимизда кунда-кунора жанжал. Тез-тез юрагим санчадиган, бошим оғрийдиган бўлиб қолган. Охири чидай олмадим. Кексайиб қолган қайнонамнинг олдига бориб, «Сиз одам ажратасиз, овсинимниям, қайнимниям биздан кўпроқ яхши кўрасиз. Менинг болаларимга яхши гап айтмасдингиз, овсинимнинг эркатойларини аллада азиз қиласиз, чунки у иссиқ-совуқ қилиб тили-жағингизни боғлаб олган, тиржайиб ҳамма ишини хамирдан қил суғургандек битиради. Биз эса қийналиб юраверамиз», дедим. Биласизми қайнонам нима деди?

Ҳамма айб ўзимдамиш… Мен овсинимга ҳасад қиларканман. «Ҳасад қилган одамнинг юзи кўкаради-ю, ўзи кўкармайди», деди. Рости гап, овсиним янги кўйлак кийса ичимга ўт тушгандек бўлади. Машина олганида, янги иморат қилганидаям икки кун ичимга чироқ ёқса ёришмаган. Ахир бундай ҳолат ҳаммадаям бўлади-ку?.. Қўшниларим данғиллама участка қурганидаям бир-икки ой дилим хуфтон бўлиб юрган. Нимага ҳамманинг ҳаёти яхши, бизнинг бошимиз муаммодан чиқмайди? Тўғриси, шу кунларда уйга сиғмай кетяпман. Овсиним мени уйда ўтиролмайдиган қилиб қўйганмикин-а, нима дейсиз?

Аёлнинг гапини шу ерда тўхтатишга мажбур бўлдим. Унинг қалбини ҳасад кемираётган эди. Аввал овсинига ҳасад қилган бўлса, энди бошқаларнинг яхши яшаётганига ҳам ғайирлик қилаётганди у. Дарди дунёси қоронғи экани шундан.

Кундалик ҳаётимизда бундай ҳикояларни тез-тез эшитамиз. «Нимага унинг ишлари доим ўнгидан келади?», «Қандай қилиб истаган нарсасига осонликча эришади?», «Нега унинг ҳамма нарсаси бор, меники йўқ?», «Нега у жуда бой, менинг эса бирим икки бўлмайди?», «Нима учун бировларнинг мансаби тезда ошади-ю, бошқалар йиллаб меҳнат қилсаям ўтирган жойидан бир қадам юқорига кўтарилолмайди?» каби саволларга тез-тез дуч келамиз.

Ана шу саволлар замирида ҳасад яширинганини элас-элас илғаймиз. Аслида, инсон ўзидан бошқаларда мавжуд бўлган нарсаларни кўра олмаслигидан, ҳамма яхши нарсаларга ўзи эгалик қилишни исташидан ҳасад туғилади.

Унутманг, ҳасаднинг хавфли иллат экани шундаки, у Аллоҳ таоло бандалари орасида тақсимлаган ризқ ва неъматларга рози бўлмасликдан келиб чиқади. Натижада инсон қалбининг қорайишига олиб келади. Ичига ҳасад ин қурган одамларнинг кўнгли сира ёришмайди. Олимлар ҳасадни қалб касалликлари ичида энг зарарли ва ёмони, дея баҳолашган.

Аслида, ҳасад қилувчининг ёмонликларидан бошқалар зарар кўрмайди. Чунки бировнинг ҳасади туфайли Аллоҳ таолло берган неъмат тугаб қолмайди. Яратганнинг ўзи истаган вақтгача бардавом бўлади. Бироқ ҳасадчининг зулми, ғийбатлари ва ёмонликлари туфайли озорлангани ва бунга сабр қилгани учун савобга ҳам эга бўлади. Ҳасад қилувчи эса токи айбига иқрор бўлиб, ёмонликдан қайтмас, Аллоҳга тавба қилмас экан, икки дунёда ҳам куйиб-ёниши шубҳасиз.

Иккинчи воқеа: «Нима учун менинг ишим юришмайди?»

«Ўн беш йилдан бери оддий мухбирман, — дейди бир журналист. — Иш фаолиятим давомида ҳар хил одамларни кўрдим. Кимлардир мен каби оддий мухбир бўлиб келиб, тез фурсатда бўлим муҳаррири, кейин эса муҳаррир ўринбосари лавозимига кўтарилди. Бош муҳаррирликка эришганлари ҳам бор уларнинг орасида. Баъзилари нуфузли газеталарда бўлим муҳаррири бўлиб ишлаётган бўлса ҳам давлат мукофотларини қўлга киритишди. Уларнинг камчилиги, нуқсонлари бир дунё. Бу ҳақда бошқаларга айтганим билан ҳеч ким қулоқ солмайди. Қайтанга мени айбдор, ғийбатчи дейишади. Шунақа қилиб ўтирибман ҳалиям битта жойда. Шу ерда чириб кетсам керак»…

Агар одамлар ўзида борига шукр, йўғига сабр қилмаса ҳасад шу тарзда кўнгилларга ин қураверади. Шуҳратпарастлик, молпарастлик каби иллатлар эса ҳасаднинг доясидир. Ҳасадчининг кўнглидаги қуруми эса ғийбат орқали жамиятга сочилади. Шу асно ҳасад ўзи ин қурган қалб соҳибини иккинчи катта иллат ҒИЙБАТга етаклайди. У нима қилиб бўлса-да, ўзидан ўзиб кетган шахсни обрўсизлантиришга, атрофидаги одамлар онгини заҳарлаб, ютуққа эришаётган одамни ёлғиз, чорасиз қолдиришга уринади. Бироқ билмайдики, бировга тилаётган ёмонлиги ўзининг ҳаётини заҳарлаши мумкин.

Олимлар бир кунлик ҳасад инсон организмига уч кунлик оч яшашдек нохуш таъсир кўрсатишини аниқлашган. Шунингдек, ҳасад қилувчининг юзидан нур кетиб, ранги заҳиллашиб, ҳатто ошқозон ярасини, асаб ва юрак-қон томири касалликларини орттириб олар экан.

Аллоҳ таоло бир қанча оятларида ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Қуръону Каримнинг «Нисо» сурасида: «Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?», дейилган бўлса, «Фалақ» сурасида: «Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», деб айтгин», деб марҳамат қилинади.

Агар одам бошқа бир кишининг ютуғидан хурсанд бўлса, унга етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини истагани ҳолда, ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади. Ҳавас гуноҳ саналмайди.

Ҳадиси шарифларда ҳам бу мавзуга урғу берилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек еб юборади», дедилар».

Ҳаётда нурли, файзли инсонлар жуда кўп. Улардан бахтли-саодатли ҳаётнинг сири нимада, деб сўрасангиз, «Бошқаларнинг ютуғидан қувондим, яхшиларга ҳавас қилиб, уларга берилган неъматлардан менга ҳам ато этгин, дея Аллоҳга илтижо қилдим», дейишади. Ҳаммамизга ҳам ана шундай саодат насиб этсин, азизлар.
Ҳамрохон МУСУРМОНОВА

Манба: Hordiq.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳасадгўйлар ўқисин: Бошқаларни кўролмайдиганлар фалокати