17:54 / 22.09.2018
5 128

Инсон соғлиғига зарарли иллат!

Инсон соғлиғига зарарли иллат!
Бугунги кунда инсоният учун яратилган шароитларни кўриб, таърифлашга тил ожиз. Йилдан – йилга янги маиший ва бошқа техникалар ихтиро қилинмоқда.

Замон билан ҳамнафас бўлиб яшаётган инсонлар янгидан-янги ишлаб чиқарилган неъматлардан баҳраманд бўлишмоқда. Албатта бу неъматлар учун Аллоҳ таолога қанча шукрона қилсак ҳам камлик қилади. Агар олдинги даврларни эслаб кўрсак, қора-оқ рангли телевизорлар бўлиб, у ҳам айрим оилаларда бўларди. Замоннинг ривожланишини кўрингки, бугунги кунда телевизори бўлмаган оила бўлмаса керак. Ҳаттоки бир оилада икки–уч ёки ундан зиёд телевизорлари бор. Бу албатта тўқчиликнинг аломати. Ўша даврларда ҳозиргига ўхшаш масофадан туриб бошқариш имкони бўлмасди.

Шу сабабли телевизорни ёқиш ёки бошқа каналга олиш учун ўрнимиздан туриб бошқа каналга олардик. Бугун эса ётган жойимизни ўзида ёқамиз, ўчирамиз, бошқа каналга оламиз, овозини паст ёки баланд қиламиз. Шунчалик дангаса бўлиб кетдикки, баъзида масофадан туриб бошқарадиган мосламани, яъни “пульт”ни кимгадир олиб бер, деймиз. Чунки, уни олиш учун ўрнимиздан туришимиз ва албатта бир-икки қадам ташлашимиз керак бўлади. Ачинарлиси шундаки, шомдан кейин хазм бўлиши қийин бўлган овқатларни истеъмол қиламиз ва кўпинча телевизор олдида ухлаб қоламиз.

Ҳаракатсизликнинг оқибатида бора-бора семизлик дардига мубтало бўламиз. Улуғ ҳаким Арастудан: “Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нимада?” деб сўрашганида у: “Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман”, деб жавоб берган экан. Ҳозирги пайтда дунёнинг ҳамма ерида яхши ейиш учун яшаш, яхши ейиш учун пул топиш авж олиб кетган. Ўтмишдаги ва ҳозирдаги барча мутафаккирлар, шифокорлар, таниқли халқ табиблари кўп ва тез-тез ейишнинг оқибатида ҳаддан ташқари семириб кетишнинг хатари ва зарарлари ҳақида якдиллик билан ёзишган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса: “Мен умматимнинг семириб, қорин солишидан хавфдаман”, деган эканлар. Таом истеъмол қилганда ҳам меъёрга амал қилиш керак. Баъзида ҳаддан зиёд тўйиб овқатланиб, кечаси билан қийналиб чиқамиз. Шу сабабли Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантириб: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, деб айтганлар.

Жаҳон мамлакатлари фуқароларининг семизлик даражасини кўрсатиб берувчи харита АҚШнинг Марказий Разведка Агентлигининг World Factbook (жаҳон ҳақида далиллар) электрон манбаасида эълон қилинган. Унда жаҳоннинг “энг семиз мамлакати” деган номга Тинч океани жанубида жойлашган Америка Самоаси давлати муносиб деб топилган. Маълумотларга кўра, у ерлик аҳолининг 74,6 фоизи семириш дардига мубтало бўлган.

Мазкур рўйхатга Марказий Осиё мамлакатлари ҳам киритилган. Хусусан, маълум қилинишича Ўзбекистон аҳолисининг 15,1 фоизи ортиқча вазнга эга. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 23,7 фоиз, Туркманистонда 13,2, Тожикистонда 8,6, шунингдек Озарбойжонда 23,8 фоизни ташкил этади. Тадқиқотлар замонавий турмуш тарзи ва қўшимча кимёвий моддалар асосида тайёрланадиган замонавий озиқ-овқатлар семиришнинг бош омили эканини кўрсатмоқда.

Хулоса ўрнида бугунги кунда кўпайиб бораётган касалликларнинг аксари қисми нотўғри овқатланиш ёки кам ҳаракатликнинг сабабидан эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли хар биримиз ўз соғлиғимизга эътибор беришимиз мақсадга мувофиқ бўлса керак, деб ўйлайман.

Манба: fitrat.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Инсон соғлиғига зарарли иллат!