Касалликларни чой билан енгишни истайсизми? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Касалликларни чой билан енгишни истайсизми?

Тиббиёт 9-05-2017, 14:34 1 539
Касалликларни чой билан енгишни истайсизми?
Айтишларича, чой ичиш нафақат чанқоқни қондиради, балки турли касалликларни енгишда ҳам ёрдам бериб, юрак-қон томирлари ҳамда ичакларни заҳарли модда ва инфекциялардан тозалайди. Айрим чойлар эса инсонни қувватлантиради. Халқ табобатида қадимдан ҳар хил чойлардан фойдаланиб келинган. Қуйида сизга ана шундай шифобахш чойлардан айримларини тавсия этамиз, деб ёзади Hordiq.uz.

КИЙИКЎТЛИ ЧОЙ АРТЕРИАЛ ҚОН БОСИМИНИ ТУШИРАДИ
Кийикўтли чой халқ табобатида қадимдан шифобахш чой сифатида қадрланган. Уни томоқ оғриганда, ўпка ва юрак хасталиклари безовта қилганда, артериал қон босими кўтарилиб, уйқусизликдан қийналганда ва кўз хиралашганда ичиш тавсия этилган. Бундай чой бўғимларнинг оғриғини қолдириш, жигарни мустаҳкамлаш ва пешоб ҳайдаш хусусиятларига ҳам эга.
Кийикўт қайнатмаси ёки чой қилиб дамланганини ичиш кўкрак ва ўпкадаги қуйилиб қолган моддаларни ҳайдайди, иштаҳани очади, кўнгил айнишини тўхтатади ва кайфиятни кўтаради.

Кийикўт чойи ёки қайнатмаси ичак фаолиятини яхшилайди ва қабзиятдан халос этади. Кундалик овқатланиш рационига кийикўти дамламаси киритилса, у буйрак ва сийдик қопидаги тошларни майдалаб туширади.
Кийикўтли чойни тайёрлаш учун 0,5 литрли чойнакка бир чой қошиқ қуритилган кийикўт солиб, бостириб қўйсангиз, кифоя. Унга ярим қошиқча кўк чой қўшсангиз, янада хушхўр бўлади.

ЛИМОНЎТЛИ ЧОЙ АҚЛНИ ПЕШЛАЙДИ
Бундай чой юрак, мия ва сезги аъзоларини қувватлантиради. Бундан ташқари, лимонўтли чой ақлни пешлайди, жигар ва ошқозон фаолиятини яхшилайди. Лимонўт қоринда, буйракда ва бошқа ички аъзоларда пайдо бўладиган санчиқни қолдиради. Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»да ёзилишича, лимонўт мия тиқилмаларига фойда қилади, оғиздаги бадбўйликни йўқотади, юракдаги безовталикни бартараф этади, ошқозонда ҳазм ишини енгиллаштиради ва ҳиқичоқни тўхтатади. Лимонўтдан чой дамламоқчи бўлсангиз, унинг 4 дона баргини совуқ сувда чайиб, ярим литрли чойнакка солинг ва устидан 1 чой қошиқ қора чой қўшиб, қайнаган сув қуйинг. Лимонўтли чойни шу алфозда 5-10 дақиқа бостириб қўйсангиз, тобига етган шифобахш дармондорига айланади.

ДОЛЧИНЛИ ЧОЙ — ЮРАК ҚУВВАТИ
Долчин қишин-ёзин кўм-кўк турадиган, тропик мамлакатларда ўсувчи доривор дарахт. Таркибида юқори сифатли эфир мойи бор. Халқ табобатида долчинли чой юракни тетиклаштирувчи, жигар тиқилмаларини очувчи дори сифатида қўлланилган. Бу чой ёрдамида ошқозон ва ичакда қотиб қолган таом қолдиқлари, қуюқлашган ёғ ҳамда заҳарли моддалар танадан чиқиб кетади. Долчин тумовни бартараф қилади.
Бунинг учун 0,5 литрли чойнакка 0, 5 чой қошиқ долчин, кичкина қошиқда қора чой, 4 чой қошиқ шакар солиб устидан қайноқ сув қуйинг ва 5-7 дақиқага бостириб қўйинг.

ЗАНЖАБИЛЛИ ЧОЙ ХОТИРАНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ
Занжабил ични юмшатувчи бўлиб, қорин дам бўлишининг олдини олади. Бу чой хотирани мустаҳкамлайди, ҳазм қилиш ишини осонлаштиради. Жигар ва меъда совуқлигига мувофиқ келади. Ҳўл мевалардан заҳарланганда ҳам кони фойда.
Бунинг учун 0,5 литр совуқ сувга 10 грамм занжабил кукунини солиб, 5 дақиқа қайнатинг. Сўнг одатдагидек, қора чой дамлаб, баробар миқдорда олинган занжабил қайнатмаси билан қўшиб, чойнакка яна 4 дона оқ қандми, 2 ош қошиқ асал ёки бўлмаса ёнғоқдек икки бўлак новвотми солиб, дастурхонга тортинг.

ЗИРКЛИ ЧОЙ ЗАҲАРЛИ ҲАШАРОТ ЁКИ ИЛОН ЧАҚҚАНГА ШИФО
Зирк тоғларда ўсадиган бута ўсимлигининг мевасидир. Меваси майиз катталигида бўлиб, ранги тўқ кўк ёки қора бўлади. Зирк қўшилган чой сафрони ҳайдаш, чанқоқни қолдириш, жигарни бақувват қилиш, қон босимини пасайтириш учун қўлланилган. У юрак хасталигида, заҳарли илон ва чаён чаққанда ҳам дори бўлган.
0,5 литр сувга 1 ош қошиқ зирк солиб, қопқоғи жипс ёпилган ҳолда қайнатилади ва бекик ҳолида 10-12 соат давомида совитилади. Сўнгра 0,5 литр қайноқ сувга 1 чой қошиқ қора чой дамлаб, зирк қайнатмасидан қўшиб ичилади. Зиркли қайнатма яхна ҳолида ичилса, янада фойдалироқ бўлади.


Zamin.uz нинг Youtube’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.