19:31 / 14.08.2017
33 888

Қовуннинг фойдали хусусиятлари

Қовуннинг фойдали хусусиятлари
Қовун таркибидаги витаминлар, минераллар ҳамда бошқа фойдали моддалар саратон ва инсульт каби касалликларнинг олдини олиш хусусиятига эга.

Қовун С витаминига бой полиз маҳсулоти. 100 грамм қовун таркибида С витаминининг кундалик 20-30 фоиз истеъмол меъёри мавжуд. Мазкур витамин тери ҳужайралари ва бутун тана ҳолати меъёрини таъминлаб, жароҳатларнинг тез битишида аҳамиятли, шунингдек, суяк ҳамда тиш мустаҳкамлигини таъминлайди.

Қовун таркибидаги А витамини ҳам суяклар, тишлар ва тери саломатлигига ўта зарур модда бўлиб, шунингдек, танадаги шиллиқ қават (кўз соққаси, томоқ, бурун шиллиқ қавати)ларга беқиёс малҳам модда сифатида қадрлидир. Мазкур витамин кўз соққаси шиллиқ пардаларини ташқи таъсирлардан асрайди. Кўз кўриш қобилиятини оширади. Витамин А иммун тизимини мустаҳкамлайди.

Мутахассисларнинг фикрича, қовуннинг баъзи навлари В гуруҳига мансуб витаминларга бой бўлиб, улар организмдаги қанд ва углеводларни ишлаб чиқариш жараёнида фаол иштирок этади. Бу жараён эса ўз навбатида, тана қувватини оширади.

100 грамм қовун таркибида бор-йўғи 35 ккал калория мавжуд бўлиб, ёғ моддалари деярли йўқ. Шунингдек, қовундаги сув миқдори истеъмолчининг тана эҳтиёжларини тўлиқ қондириш хусусиятига эга. Шунинг учун қовунни парҳез маҳсулотлар турига киритиш мумкин.

Бундан ташқари, қовун таркибида мавжуд бўлган юқори миқдордаги каротиноидлар саратон ривожланишининг олдини олиши ва тўхтатишга ёрдам беради.

Қовун таркибидаги аденозин антикоагулянти қон парчаланишини фаоллаштириб, юрак ва қон-томир касалликлари, яъни инсультнинг олдини олади. Калий моддаси ҳам юрак ва қон-томир фаолияти тизимини яхшилаб, гипертония касаллиги – ҳафақонлик келиб чиқишини тўхтатади.

Шунингдек қовун буйрак касалликларини даволаш хусусиятига эга. Агар қовун ҳар куни эрталаб истеъмол қилинса (албатта, қовун пишиғи маҳалда) буйрак фаолиятида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Қовун+лимон формуласи, яъни қовун лимон шарбати ёки ўзи билан истеъмол қилинса подагра касаллигини даволайди.

Шунингдек, қовун ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди, ич қотишининг олдини олади, ошқозондаги ишқорланиш жараёнини меъёрлаштириб беради.

Қовун таркибидаги витаминлар тери таранглигини таъминлайди ва унинг қаришига қарши курашади. Юз терисидаги чуқур ажинларни йўқ қилиш учун қовунни фақат истеъмол қилибгина қолмай, балки паррак қилиб кесилган бўлакларини бир неча дақиқалар (15-20)га тери юзасига қўйиш ҳам яхши натижа беради.

Бундан ташқари, қовун таркибидаги витамин ва минераллар соч ўсишини жадаллаштириб, тўкилишининг олдини олади.
Умуман олганда, қовун шунчаки ширин полиз маҳсулоти. Уни доимий равишда истеъмол қилиш фақат кони фойдадир.


Манба: Qalampir.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Қовуннинг фойдали хусусиятлари