14:01 / 02.09.2017
37 500

Инсон организми ҳақида 40 та қизиқарли маълумот: биринчи ўнталик

Инсон организми ҳақида 40 та қизиқарли маълумот: биринчи ўнталик
Азиз ўқувчи, эътиборингизга инсон организмига тааллуқли бўлган 40 та қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Марҳамат, унинг БИРИНЧИ ЎНТАЛИГИ билан танишинг!

1-маълумот: маълумки, нафас олганда кислород ютиб (O2), карбонат ангидрид (CO2) қайтариб чиқарамиз. Кундалик эҳтиёжимизнинг биринчи қаторида кислород, яъни тоза ҳаво туриши ҳам беъжиз эмас.

Ҳавосиз 2 дақиқадан ортиқ яшай олмаслигимиз аниқ. Ҳўп, бир кунда қанча нафас оламиз, шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Ўпканинг 1 дақиқа ичида нафас олиши (ўпкага ҳаво сўриб, сўнг чиқариш ҳажми) 5–9 литрни ташкил этаркан... Энди бир кунда неча литр ҳаводан баҳраманд бўламиз — буни ўзингиз ҳисоблаб кўринг!

2-маълумот: одам танасида 4,5–5 литр атрофида қон бўлиши кўпчиликка маълум. Қон таркибилаги қизил қон таначалари, яъни эритроцитларни (у тўқима ва ҳужайраларга кислород ташийди) ёнма­ён қўйиб, узун тасма ҳосил қилинса, Ер шарини экватор бўйлаб 3 марта айлантириб ўраб чиқиш учун етарли бўларди.

3-маълумот: автомобилингиз ғилдираклари неча атмосфера босимида бўлиши зарур эканлигини биласизми? Буни ҳайдовчилик гувоҳномасига эга кўпчилик автоҳаваскорлар яхши билишади.

Одатда олд ғилдираклар 1.9–2.0, орқа ғилдираклар эса 2.0–2.2 атмосфера босимида бўлади. Бу — бўш турган баллонга жойлашиши мумкин бўлган эркин ҳаво босимини ўртача 2 баробари дегани.

Инсон организмида ҳам қон босими мавжуд. У юрак иши ва қон томирлар ҳаракати билан ҳосил бўлади ва бир меъёрда ушлаб турилиши жуда муҳим.

Буни қарангки, айрим йирик артериялар 20 атмосфера босимга чидаб бериши мумкин экан! Нима деб ўйлайсиз, автошиналар 20 атмосфера босимига чидай оладими..?

4-маълумот: одам организмида мавжуд бўлган 5 литр атрофидаги қон унинг фақат юраги-ю йирик қон томирларида бўлмаса керак, деб ўйланиб қоласан киши.

Қизиқ, қоннинг асосий қисми қаерда бўларкан? Наҳотки гоҳида тери остидан кўриниб турадиган қон томирлари шунча суюқликни ичига сиғдира олса..?

Гап шундаки, инсон танасида 100–160 миллиард капиллярлар (майда қон томирлари, 2.5–30 микронгача) мавжуд.

Агар уларни бир чизиқ бўйлаб тортиб арқон ҳосил қилинганда эди, узунлиги 60–80 минг километрга етарди. Бу экватордан (экваторнинг узунлиги 40 075 696 метрни ташкил этади) 1.5–2.0 маротаба узун дегани...

5-маълумот: Қадимги Юнонистонда (бундан 5 минг йил олдин) яшаган кишиларнинг ўртача умр кўриш ёши 29 йил бўлган бўлса, XVI асрга келиб Европа қитъаси аҳолисининг ўртача умр кўриш ёши 21 йилга тенг бўлди.

Сўнгра, XVII асрга келиб бу кўрсаткич — 26 йил, XVIII асрда эса — 34 йил. XX асрнинг бошларида ўртача умр кўриш ёши 50 йилга етди.

XX аср охири–XI аср бошларида эса дунё аҳолисининг ўртача умр кўриш ёши 60 йилга етди. Ҳозирда ушбу ўртача умр кўриш кўрсаткичи 70 ёшга қараб силжимоқда...

Инсон турмуш тарзини маданийлашуви — бу кўрсаткични узайтирса, турли экологик инқироз, уруш-можаролар ҳамда юқумли касалликлар бу рақамни камайтиришга сабаб бўлмоқда. Натижада ўртача умр кўриш кўрсаткичи “тўхтаб-тўхтаб” одимламоқда...

6-маълумот: соғлом тишлар — соғлом организм ҳақидаги биринчи рақамли белги.

Тишнинг сиртки қобиғи — эмалининг мустаҳкамлиги кварцга (SiО2) тенглаштирилади. Маълум бўлишича, 96% минерал тузлардан иборат бўлган эмаль қаватига ўткир ханжар билан урилганда — ханжарнинг тиғи қайтиб кетганини (эмаль қобиғини ёриб ўтолмаганини) кўриш мумкин экан.

Демак, тишларимиз соғлом, яъни мустаҳкам бўлиши шарт.

7-маълумот: бош миянинг бирон бир қисмидаги қон томирининг ёрилиши асаб тўқималарининг нобут бўлишига олиб келади.

Ўзингизга маълум, асаб тўқималари қайта тикланмайди. Одатда уларнинг вазифасини бошқа, соғлом тўқима­ҳужайралар ўз зиммасига олади.

Шу тариқа асаб тизими ҳам организмнинг бошқа тўқималари сингари ўзини янгилаб туради. Бироқ бу бўлар-бўлмасга асабийлашавериш мумкин, дегани эмас.

Асабларингизни асранг!

8-маълумот: ўзидан турли вазифаларни бажарувчи суюқликлар ишлаб чиқарувчи орган ва тўқималарни — безлар деб атаймиз.

Инсон организмидаги энг йирик без — жигар. Овқат ҳазм қилишда иштирок этадиганлари эса ошқозон ва ошқозоности безлари дейилади. Улар шаклан йирик ва жуда майда. Аниқроғи, йирик безлар ҳам майда безли тўқималардан иборат.

Масалан, ошқозоннинг 1 сантиметр квадрат қисмида 100 га яқин ошқозон шираси ишлаб чиқарувчи майда безлар жуда тиғиз жойлашган.

9-маълумот: инсон организми овқат ҳазм қилиш эвазига ишлаб чиқарилган энергия ҳисобидан фаолият юритиши барчамизга маълум.

Оч қолган одам ҳолдан тояди. Бу борада доно халқимизнинг “бўш қоп тик турмайди” деган нақли бор.

Сиз бир кунда қанча озиқ-овқат истеъмол қилишингизни биласизми? Бир ҳафта давомида-чи? Бир йилда-чи..?

Олимларнинг ҳисоб­китоб қилишича, соғлом, ўртача умр кўрган киши ҳаёти давомида 2,5–3,0 тонна оқсил, 1,3–1,5 тонна ёғ, 17,5–20,0 тонна углеводлар ва 75–100 тонна ичимлик суви истеъмол қилар экан.

Ана шунақа!

10-маълумот: одатда, организм учун зарур бўлган минерал тузларни озиқ-овқатлар таркибидан олиб, керак миқдорда ўзлаштириб оламиз. Етишмаганларини эса, масалан ош тузини (NaCl) таомга қўшиб истеъмол қиламиз. Уларнинг миқдори камайиб кетиши ҳам, кўпайиб кетиши ҳам зарар эканлигини ҳаммамиз биламиз.

Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, танангиздаги тузлар миқдори қанча? Озми, кўпми? Агар улар кўп бўлса, унда қаерда..?

Маълум бўлишича, ўрта ёшдаги инсон танасида 3 килограммгача минерал тузлар мавжуд ва унинг тахминан 85 фоизи суяк тўқималари (устихон) таркибида бўларкан.

60–70 килограмм вазнга эга кишининг танасида 300 граммдан ортиқ ош тузи мавжуд.

Манба: qalampir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Инсон организми ҳақида 40 та қизиқарли маълумот: биринчи ўнталик