15:14 / 19.11.2017
23 528

Дўлананинг фойдали хусусиятлари

Дўлананинг фойдали хусусиятлари
Ўлкамизда дўлананинг уч тури истеъмол қилинади. Фармацевтика саноатида асосан қизил, сариқ рангли дўланадан фойдаланилади. Дўлана мевалари турига қараб, қизил, сариқ ва қора рангли бўлади. Унинг барги, гуллари ва мевалари шифобахшдир.

Дўлананинг бир ҳовучи истеъмол этилса, кун бўйи кишининг нафақат ташналик балки очликда ҳам асқотиб, унга яхши кайфият, бардамлик ва қувват ҳам ҳадя этади. Шу боисдан бўлса керак, дўланани лотин тилида "гратас" (кучли) деб атайдилар.

Дўлана меваларининг таркибида 20 фоиз қанд, 8 фоиз ёғ, флавоноидлар, холин, ацетилхолин, ошловчи моддалар, каротин, С витамини, органик кислоталар каби моддалар мавжуд. Ўзбекистон шароитида ўсадиган дўлананинг баъзи турларида В1, В2, РР, С, Е витаминлари борлиги аниқланган.

Абу Али ибн Сино дўлананинг шифобахш хусусиятлари тўғрисида бундай деб ёзган: "Дўлана сафрони сўндиради. Бошқа меваларга қараганда суюқликларнинг оқишини кучлироқ тўхтатади. Ич кетишини бартараф қилади ва сийдик тутилишидан сақлайди".

Кўпгина жаҳон халқлари халқ табобатида дўлана ич кетишида, толиқишда, ақлий ҳорғинликда, уйқусизликда, асабийлашганда, юрак оғриганда, климакс даврида, ревматизм асоратидан пайдо бўлган ревмокардитда, атеросклерозда, қон босими ошганда, бош айланиши, йўталда истеъмол қилинади.

Ҳозирги кунда фармацевтика саноатида дўлана гулларидан тайёрланган тиндирма ва турли бошқа гиёҳлар билан бирга тайёрланган дори воситалари атеросклероз, невроз, асаб тизими ва юрак қон томир касалликларида кенг фойдаланилмоқда.

Эслатма:
Дўланани оч қоринга истеъмол қилмаслик керак. Чунки, у ичакни қисиб (спазм) қайт қилдиради. Бу мевани истеъмол қилгандан ке­йин устидан совуқ сув ичиш мумкин эмас, акс ҳолда у меъда-ичак санчиғига сабаб бўлишини унутманг.
Шунингдек, уни ортиқча истеъмол қилиш буйракка зарарли бўлиб, меъда-ичакни заифлаштириб, қуланж (колит) хас­талиги, кўнгил айниши, қайт қилишни пайдо қилади.
Меванинг қайнатма, дамлама, қиём ва ундан тайёрланган препаратлар билан даволаниш фақат шифокор маслаҳати билан ва унинг назорати остида қўлланиши лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Дўлананинг фойдали хусусиятлари