09:23 / 14.02.2018
6 149

Грипп ва шамоллашнинг олдини олинг!

Грипп ва шамоллашнинг олдини олинг!
Қишнинг аёзли кунларида атрофдагиларнинг аксириши ва йўталишини кўриб, касал бўлмаслик учун нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади. Хайриятки, шамоллаш ва гриппнинг олдини олувчи воситалар талайгина!

Табиий антибиотиклар
Энг яхши таъсир кўрсатадиган воситалар, одатда, энг оддий воситалар ҳисобланади. Пиёз, саримсоқ, ерқалампир, цитрус мевалар – бу маҳсулотларни уйда бўлмаса, дўкондан топиш мумкин.

Саримсоқни тишлаб, турли таомларга майдалаб қўшиб, нон бўлагига суриб ейиш мумкин. Пиёз ҳам таомга яхши қўшимча ҳисобланади. Бундан ташқари, пиёзнинг сувидан антибактериал компресс ёки ингаляция тумовнинг биринчи аломатларида яхши ёрдам беради.

Яримта пиёзни майда қирғичдан ўтказиб, дока ёрдамида ортиқча сувини сузиб олинади. Докадаги пиёзни бурунга қўйиб, буғида нафас олинади. Ингаляция учун сузиб олинган сувига 1:10 нисбатда қайноқ сув қўшилади ва бошга сочиқни ёпиб, 5-7 дақиқа давомида буғида нафас олинади.

Ҳар қандай цитрус меваларнинг шарбатини олиш мумкин. Тузланган карам организмдаги С витамини ўрнини тўлдиради.

Уйдаги микроиқлим
Хона ўсимликлари оила аъзоларини грипп ва шамоллашлардан ҳимоя қилишга қодир. Масалан, фикус ва каланхоэ ҳавони яхши намлантиради, бу бурун ва томоқ шиллиқ қаватининг қуруқшашини олдини олишга ёрдам беради. Сансевиерия кислород генератори ҳисобланади, бу ўсимлик турган хонада нафас олиш енгиллашади. Фикус ҳамда драцена касаллик қўзғатувчи бактерияларни ўлдириш хусусиятига эга. Бу вазифани лимон дарахти ҳам яхши уддалайди. Хлорофитум ҳавони тозалайди, доривор розмарин эса юқори нафас йўлларига яхши таъсир кўрсатадаи.

Шунингдек хонада мирт ёки эвкалипт ўстириш ҳам фойдали. Бу ўсимликлар иммун тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Хушбўй ҳидлар

Шамоллаш ҳақда гап борганида кедр ва арча, қарағай ва оққарағай, апельсин ва лимон, долчин ва кардамон, занжабил каби ўсимликларнинг эфир ёғларига эътибор қаратган маъқул.

Уларни ҳидлаш, арома чироқларда фойдаланиш ёки терига суриш мумкин. Айрим одамлар хушбўй ёғлар қўшилган ванналар қабул қилишади. Бунинг учун бир неча томчи эфир ёғини 50мл асосий ёғга (зайтун, ўсимлик) томизиб, сўнг тайёр ваннага қўшилади.

Хоналарга эфир ёғлари томизилган губкалар ёки латталар қўйиб қўйиш мумкин. Улар буғланиб, шифобахш ҳидини тарқатади.

Овқатланиш
Йилнинг совуқ пайтида яхши ва тўйимли овқатланишни истаймиз. Аммо шамоллашнинг биринчи белгиларини сезганингизда ошқозон-ичак йўли фаолиятини енгиллаштирувчи таомларга ўтиш лозим. Касаллик вақтида, масалан, қисман оч қолиш мумкин, организмнинг ўзи овқатни талаб қилмайди. Бунда енгил таом организмга ёрдам ва куч беради. Масалан, товуқ шўрва, тоблаб пиширилган олмалар, буғда тайёрланган балиқ, енгил қайнатилган гўшт фойдали ҳисобланади. Таомни совуқ ҳолда истеъмол қилмаган яхши, акс ҳолда организмнинг уни ичдан иситишга куч сарфлашига тўғри келади.

Вақтинча ширинликлардан ҳам бош тортган маъқул. Улар бактерияларнинг кўпайишига ёрдам беради. Ширинликларни мевалар ва қуруқ мевалар билан алмаштириш мумкин.

Шамоллашнинг биринчи аломатлари тезроқ ўтиб кетиши учун С витаминига бой наъматакдан пьюре тайёрланг.

1 стакан наъматак мевасини уруғидан тозалаб, сирланган идишга солинади ва 1 литр сув қуйиб, мевалар юмшагунча қайнатилади. Сўнг меваларни сиқиб, сузиб олиб, гўшт майдалагич ёки блендердан ўтказилади. 1-2 чой қошиқ шакар қўшилади. Пюрени овқатдан олдин 1 чой қошиқдан кунига 3 маҳал истеъмол қилинади.

Касалликнинг олдини олиш
Одамлар гавжум жойларда алоҳида эҳтиёткорлик талаб қилинади. Одамлар орасида бактерияларни тарқатувчилар бўлиши мумкин. Ўзингизни ҳимоя қилиш учун уйдан чиқишдан олдин бурнингизнинг ичига оксолин мазини суринг, оғзингизга 2-3 дона қалампирмунчоқ солиб олинг. Улар оғиз бўшлиғини зарарсизлантиради.

Уйга қайтгач, бурнингизни тузли эритмада (200 мл илиқ сувга 1-2 чой қошиқ туз) чайинг ёки денгиз сувли махсус спрей (дорихонада сотилади) сепинг. Бу воситалар бурун бўшлиғидаги бактерияларни ювиб туширишга ёрдам беради.
ШАҲЗОДА тайёрлади.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Грипп ва шамоллашнинг олдини олинг!