06:05 / 06.03.2018
7 270

Дарҳол ташлаб юборинг!

Дарҳол ташлаб юборинг!
Деярли ҳамма уйда мавжуд оддий буюмлар хавфли бўлиши мумкин. Уларни тезроқ аниқлаб, салбий таъсиридан вақтида қутулиш лозим.

Уйда кўп хўжалик буюмлари бир қарашда жуда керакли ва қулайдек туюлаверади, шунга қарамай, уларнинг айримларини фойдалангандан кўра, ташлаб юборганингиз фойдалироқ.

Пластик контейнерлар
Маҳсулотларни пластик контейнерларда сақлаш қулай. Бироқ пластмасса ўзи синувчан бўлади, шу сабаб, ишлаб чиқарувчилар унга контейнерни мустаҳкам, аммо заҳарлироқ қилувчи моддаларни қўшишади. Агар маркировкасида “7”, “РС”, “ПК”, “А”(ВРА), “S”(BPS) каби белгилар бўлса, бундай контейнерни ҳеч иккиланмай ташлаб юборинг. Бундай идиш соғлиғингизга зарар келтириши мумкин.

Пластик ўрнига шиша контейнерлардан фойдаланинг, улар қиммат, аммо хавфсиз.

Ҳаво тозалагич
Ўзингиз фойдаланадиган ҳаво тозалагичнинг ёрлиғига эътибор беринг. Сиз унинг таркибида бензол, пропан, бутан, натрий нитратини топасиз. Бу моддаларнинг ҳаммаси инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Уларнинг хавфи шундаки, хушбўй спрейлар бош оғриғини келтириб чиқариши, шиллиқ қаватларга таъсир кўрсатиши, аллергик реакцияларга сабаб бўлиши мумкин. АҚШда ўтказилган тадқиқотларга кўра, сунъий ҳид берувчи моддалардан фойдаланиш ҳатто онкологик касалликларга ҳам олиб келиши мумкин.

Ҳаво тозалагичлардан кам миқдорда фойдаланилса, уларнинг хавфи камроқ бўлади, деб ҳисоблашади. Аммо шундай бўлса-да, эфир ёғлари, хушбўй шамлар, қаҳва доналари ва ҳавони тозаловчи бошқа хавфсиз воситалардан фойдаланган маъқул.

Антибактериал совун
Тозаликка риоя қилганингиз яхши, аммо антибактериал совунни аҳлатга ташлаганингиз маъқул. Сўнгги тадқиқотлар бундай совун таркибидаги триклозан кимёвий моддасининг эндокрин бузилишларга сабаб бўлишини кўрсатди. У инсон организмига тери орқали осон ўтади ва антибиотикларга чидамлиликни оширади. Бундан ташқари, триклозан саратон ҳужайраларининг ўсишини тезлаштиришга қодир. Яхшиси, оддий атир совунни танланг, у соғлиғингизга зарар етказмайди ва нархи ҳам арзон.

Ифлосланган фильтрлар
Хонадонингизда кондиционер ўрнатилган бўлса, ундаги фильтрни тез-тез алмаштириб туринг. Унинг ичида чанг ва турли бактериялар йиғилади. Вақт ўтиши билан кондиционер яхши ишламайди ва хонадаги ҳавога микроблар ҳамда ифлос заррачаларни чиқара бошлайди.

Кондиционерни тозалаш жуда осон: устки панелини ечиб, фильтрни олинг, уни кран остида ювинг, қуритинг ва қайта жойига қўйинг. Бу ишда усталарга мурожаат қилишингиз ҳам мумкин, улар келиб, фильтрни тозалаб, кондиционерни тўлиқ текширишади.

Вентиляцион панжарада ҳам чанг тўпланиб, кейинчалик у уйга ўтади. Бу катталарда ҳам, болаларда ҳам аллергия ҳамда астмага сабаб бўлиши мумкин. Икки ҳафтада бир марта панжарани олиб, чангдан тозалаб туринг.

Ваннахонадаги гиламча
Ваннахонадаги доимо нам бўлиб турадиган майин тукли юмшоқ гиламча бактерияларнинг кўпайиши учун яхши муҳит ҳисобланади. Зарарли микроорганизмлар астмаси бор беморларнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун силикон гиламчаларни танланг. Улардан фойдаланиш қулай, тозалаш учун чайиб, қуритишнинг ўзи кифоя.

Синтетик гиламчаларни ҳам танламанг. Улар кучли электрлашади ва заҳарли моддаларга эга бўлиши мумкин. Синтетик гилам ўткир ҳидга эга, шу сабаб, уни ётоқхонага тўшашга шошилманг. Бу уйқусизлик ҳамда аллергик реакцияга олиб келиши мумкин.

Айниган маҳсулотлар
Озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб, музлатгични тўлдириб қўйишни ёқтирасизми? Мутахассислар бундай қилмасликни маслаҳат беришади.. Озиқ-овқат бактериялари жуда тез кўпаяди, баъзилари эса ёнидаги маҳсулотларга ҳам ўтиб, уларни ҳам айнитади. Натижада музлатгичингиз бактериялар манбаига айланиши мумкин. Ташлаб юборишни истамасангиз, музлатиб қўйинг!

Тез-тез алмаштирамиз
Идиш ювадиган “булутча”ларни тез-тез алмаштиришга ҳаракат қилинг, чунки улар ҳам бактерияларнинг “ўчоғи” ҳисобланади. Пластик тахтакашлардан узоқ фойдаланиш нотўғри. Вақт ўтиши билан уларда пичоқ излари пайдо бўлади, уларни ювиш қийин. Бу мочалка ва тиш чўткаларига ҳам тааллуқли, уларни ҳар икки ойда янгисига алмаштиринг.
ДИЛОРОМ тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Дарҳол ташлаб юборинг!