Нега оч қолсак бошимиз оғрийди?

  • Тиббиёт
  • 19-08-2018, 15:55
  • 2 155
  • Нега оч қолсак бошимиз оғрийди?
    Бош оғриғининг сабаблари кўп, улардан бири — очлик. Бунинг учун баъзида парҳез ҳам шартмас, тўрт-беш соат овқат емасак ҳам бошимизда оғриқ пайдо бўлади. Нега? Ахир бош овқат ҳазм қилувчи аъзо эмаску? «Life» порталига таяниб "Хабар" нашри ушбу саволга ойдинлик киритди.

    Врач-диетолог Андрей Бобровскийнинг айтишича, «оч» бош оғриғининг энг кўп тарқаган сабабларидан бири қонда глюкоза (қанд моддаси) камайиб кетишидир. Глюкоза мия учун асосий энергетиклардан бири эканини яхши биламиз. Бу модда қонимизда камайиб кетганида мияга қувват (энергия) етишмаётгани ҳақида бош оғриғи орқали сигнал келади.

    — Қонда қанд моддаси танқислигида озиш масалалари билан шуғулланувчи мутахассисларга яхши таниш бўлган гипогликемик криз (қанд миқдорининг кескин тушиб кетиши) содир бўлади. Криз бош оғриғи билан бошланиб ҳушдан кетиш билан тугаши мумкин. Парҳезда ўтирганлар бунга кўп дуч келишади, — дейди Бобровский.

    Оч қолганда бош оғришининг яна бир сабаби гипоталамуснинг зўриқиш билан ишлашидир. Миянинг бу қисмида очлик ва тўқлик ҳисларига жавобгар марказ жойлашган. Узоқ вақт оч қолганимизда бу марказга танамиздаги турли орган ва тизимлардан ташвишли сигналлар кела бошлайди ва бош оғриғига сабаб бўлади.

    Бобровскийнинг таъкидлашича, айни шу кучли эволюцион ҳимоя механизми инсониятни очликдан қирилиб кетишдан асраб келган.

    Бу ҳаммаси эмас, мутахассиснинг айтишича, очликдан бош оғришининг психологик сабаблари ҳам бор. Мунтазам тўйиб овқатланишга ўрганган одамлар тийилиб юришса шундай ҳолатга тушишади. Агарда улар лаззатни фақат овқатдан эмас, бошқа нарсалардан ҳам олишга ўрганишса очлик ортидан келувчи бош оғриғидан қутулишлари мумкин.

    Диетологнинг бошқаларга маслаҳати шу: кунига 5-6 маҳал, кам-камдан овқатланиш керак.

    » » Нега оч қолсак бошимиз оғрийди?
    Яндекс.Метрика