22:07 / 02.09.2018
8 897

Аллергиянинг энг кўп тарқалган 10 та сабаби

Аллергиянинг энг кўп тарқалган 10 та сабаби
Аллергик реакцияга сабаб бўлувчи кўп омиллар талайгина, организм баъзан бир қарашда мутлақо зарарсиздек кўринган ўсимликлар чанги, жониворлар жуни, озиқ-овқат маҳсулотлари кабилардан ҳимояланганда аллергия юзага келади. Аллергия енгил кечиши ҳам, ҳаётга хавф соладиган даражада оғир ўтиши ҳам мумкин.

Ўсимлик чанги

Турли ўсимликлар, дарахтлар, ўт ва буталарнинг чанглари мавсумий аллергия ёки поллинозни келтириб чиқаради. Аксириш, бурун битиши ёки ринорея, кўз қичиши ва кўп кўз ёш ажралиши поллиноз белгилари ҳисобланади. Касалликка қарши курашда шифокор рецепти билан ва рецептсиз сотилувчи дори воситалари ҳамда аллерген-специфик иммунотерапия ёрдам беради. Белгилар пайдо бўлиши олдини олиш мақсадида ўсимликлар чанги максимал қайд этилувчи шамол эсган кунлари уйда қолишни, дераза ойналарини ёпишни ва кондиционер ёқишни тавсия қиламиз.

Жониворлар

Уй ҳайвонларини кўпчилик яхши кўради, албатта, бироқ сизда унинг сўлагидаги моддалар ва терисидаги ёғ безлари секрециясига аллергия пайдо бўлиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, аллергия дарҳол юзага келмайди: унинг белгилари пайдо бўлишигача 2 йил ўтиши ҳам мумкин. Жониворларга нисбатан аллергиянинг олдини олиш учун уни асло ётоқхонага қўя кўрманг, узун жунли гиламлардан воз кечинг, уларни ювилиши осон бўлган гиламчаларга алмаштиринг, шунингдек уй ҳайвонларини мунтазам равишда ювинтириб туринг. Жонивор жунига аллергия пайдо бўлган тақдирда, аллерген-специфик иммунотерапия яхши самара беради.

Чанг миталари

Бу митти қўнғизчалар чойшаблар, матраслар, мебель қопламалари, гиламлар ва пардаларда яшайди. Улар одамлар ва ҳайвонлар терисининг ўлик ҳужайралари, шунингдек ўсимликлар чанги, бактериялар ва замбуруғлар билан озиқланади. Улар намлик даражаси юқори бўлган иншоотларда бўлади. Чанг миталаридан қутулиш учун чойшабни алмаштириш, уларни ҳар ҳафта қайноқ сувда ювиш ва матрасларни ҳам гипоаллерген материал билан қоплаш керак бўлади. Гилам, парда ва юмшоқ ўйинчоқ каби чанг йиғувчиларнинг эса имкон қадар уйда бўлмагани яхши.

Ҳашаротлар чақиши

Аллергия юзага келган ҳолатда ҳашарот чаққан жойда ҳафталаб ёки ундан-да узоқ вақт йўқолмайдиган шиш ва қизариш кузатилади. Инсоннинг кўнгли айниши, чарчоқ ва енгил қизиш ҳис қилиниши мумкин, камдан-кам ҳолатларда организмда ҳаёт учун хавф туғдирувчи реакциялар кетма-кетлигини юзага келтиради, буни анафилактик шок деб аталади. Бундай вазиятда тезда организмга адреналин деб аталувчи дори воситасини киритиш зарур, шунингдек шифокор аллерген-специфик иммунопрофилактикани тавсия қилиши ҳам мумкин.

Моғор

Моғор ўсиши ва кўпайиши учун уй ертўласида ёки ванна хоналаридагидек намлик керак бўлади, улар шунингдек майсалар ва чиқиндиларда ҳам бор. Моғор замбуруғлари нафас олганда аллергик реакция келтириб чиқариши мумкин. Уйингиздаги нам жойларни ҳаво етказувчи махсус қурилмалар билан жиҳозланг.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Энг кўп аллергия юзага келтирувчи маҳсулотлар сут маҳсулотлари, денгиз маҳсулотлари, балиқ, тухум, ёнғоқлар, донли маҳсулотлар ва соядир. Маҳсулотларни истеъмол қилганингиздан сўнг саноқли дақиқаларда нафас олиш қийинлашиши, бўғилиш, қичиш, ич кетиши, қайт қилиш, кўз атрофи шишиши каби ҳолатлар кузатилиши мумкин. Жиддий реакция юзага келган тақдирда дарҳол тез тиббий ёрдам чақиринг, зеро организмга адреналин талаб қилиниши мумкин.

Латекс

Қўлқоплар ва бошқа тиббиёт маҳсулотларини ишлаб чиқаришда латексдан фойдаланилади. Латексга аллергия белгилари - тошмалар, тери қичишиши, кўз қизариши, бурун битиши ва аксириш, баъзи ҳолатларда аллерген нафас олишнинг қийинлашиши ва анафилактик шоккача олиб келиш эҳтимоли бор. Аллергияга мойиллиги бўлган инсонлар ёнларида адреналинли шприц ва аллергияга қарши дори воситаларини олиб юрганлари маъқул.

Доривор препаратлар

Пенициллин, аспирин ва бошқа дори воситалари кўзларнинг қизариши, қичишиш, юз, оғиз ва томоқ шишишига сабаб бўлиши мумкин. Агар сизда препаратга аллергия бўлса, асло уни қабул қила кўрманг! Муқобил дори воситасини фақат даволовчи шифокорингиз тавсия қила олади.

Сувараклар

Бу ёқимсиз ҳашаротларнинг экскрементларида аллерген ҳисобланувчи махсус оқсил бор. Агар сиз иссиқ иқлим ёки кўп хонали уйда яшасангиз, сувараклардан қутулиш катта муаммога айланиши мумкин, чунки бир хонадан бошқасига ўтиш уларга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Ошхонада доим тозаликка риоя қилиш муҳим, пол, деворлар ва дераза ойналаридаги тешикчалар ёки дарз кетган жойларни ёпиш керак. Бу мураккаб курашда инсектицидларга мурожаат қилиш мумкин.

Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Аллергиянинг энг кўп тарқалган 10 та сабаби