“Пасха сулҳи” бузилдими? Томонлар бир-бирини айбламоқда

Украина ва Россия ўртасида эълон қилинган “Пасха сулҳи” расман кучга кирган бўлса-да, у бошланган заҳоти бузилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур сулҳ 12 апрель куни охиригача амал қилиши режалаштирилган эди.
Дастлаб, бу вақтинчалик келишув уруш ҳудудларида вазиятни юмшатиш, тинч аҳолига қисқа муддатли нафас ростлаш имконини бериш мақсадида жорий этилгани айтилганди. Бироқ орадан кўп ўтмай, томонлар ўзаро айбловлар билан чиқди.
Украина оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Россия кучлари Харков шаҳрига ҳужум уюштирган. Аксинча, Россия ОАВ эса Украина томони Новой Каховка ҳудудига зарба берганини даъво қилмоқда.
Шу тариқа, ҳар икки томон сулҳ шартларига амал қилинмаганини билдириб, бир-бирини айбламоқда. Бу эса қисқа муддатли тинчлик ташаббусининг амалда самарасиз бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай вазият икки томон ўртасидаги ишончнинг пастлиги ва ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган шароитда сулҳга риоя қилиш қанчалик мураккаб эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Ҳозирча расмий даражада вазиятга аниқ баҳо берилмаган бўлса-да, ҳудуддаги кескинлик сақланиб қолмоқда ва “Пасха сулҳи”нинг тақдири очиқ қолмоқда.













